Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Авратни ёпиб юриш шарт, лекин юзингни очиб юр...» — Алишер Қодиров

«Авратни ёпиб юриш шарт, лекин юзингни очиб юр...» — Алишер Қодиров

Фото: Xabar.uz

Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларга қўшимчалар киритилаётгани ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилиняпти.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш кўриб чиқилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» ДП МК раиси Алишер Қодиров бу масалада шахсий фикрларини ёзди.

«Афсус, доимгидек, «оғзингни оч, кўзингни ёп» усулида думалоқ-ёстиқ, троллинг ва хейтлар кам эмас.

Бу чекловлар билан жамиятимизнинг қадрли мезонларини ҳимоя қилишга умид қилаяпмиз.

Оила, аёл, аврат, никоҳ, фарзанд… ҳаммамиз учун, жуда қадрли мезонлар!

Бугунги аҳволимизга қаранг!

Ким қадрли мезонларимизни хавф факторларига айлантириб юбораяпти!?

Масалан, динимизда аёл кишининг юзи аврат эмас, лекин эътиқодни ниқоб қилиб, юзини тамоман ёпиб олган «мақсади номаълум», бурқа кийиб олган эркаклар қўлга тушди, улар кимлар ва мақсадлари нима?!

Авратни ёпиб юриш шарт, лекин юзингни очиб юр, Яратган юзни аврат қилмадику?

Жамият, қолаверса яқинларимизни хавфсизлиги учун бунга эътибор бермаслик мумкинми?

Никоҳ биринчи навбатда мажбурият!

Никоҳ ўқитиб олиб, учта-тўртталаб фарзандни кўчага ташлаб кетаётган «эркак»лар кўпайиб кетди, бу статистика!

Давлатга кўринмайдиган, қонунга асосан ёрдам бериш мумкин бўлмаган беҳужжат аёллар, болалар кескин ортиб кетди, бу кетишда нима бўлади?!

Никоҳ, оила, фарзанд шунчалар беқадр бўлдими?

Никоҳ таъқиқланмади, уни мустаҳкамлаш учун тартибга солинаяпти: аввал рўйхатдан ўт, давлат ҳар бир фуқарони ҳисобини билиши керак!

Реклама биринчи бўлиб қорни очга таъсир қилганидек, битта оилани эплаш қўлидан келмаган «қаҳрамонлар», динимизда белгиланган аниқ ва жуда оғир шартлар ва мажбуриятларга қарамай, бир калла қанд билан никоҳ ўқитиб олиб, ғўддайиб «алиментдан қочиб юришибди»!

Бу никоҳга иснод, аёлни ҳўрлаш эмасми!?

Фаросат ва диний билими борлар тушунадиган чекловни таъқиқ деб бақираётганлар айнан шу «ғўдайганлар» бўлиб чиқса ҳайрон бўлмайман.

*

Нега камситишларга жазо кучайиши керак!?

Эътиқод сабабли камситиш каби совет касалидан қутулаяпмиз, лекин миллий, этник, «кўпчилик-озчилик» ниқобини кийиб олиб, қолганларни камситиш, оғзига уриш, провокация қилиш, йўқ жойда низо, адоват қўзғатишнинг мақсад-оқибатлари ҳақида соатлаб ёзиш мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун ҳуқуқий асос яратилмоқда!

Осон бўладими ҳуқуқий баҳо!? Албатта йўқ, лекин қараб турмоқчи эмасмиз! Амалиёт хато кўрсатса, тузатилади, таҳлиллар тўхтатилмайди!

Албатта ёзиб, ҳаммасини тушунтириш қийин, айниқса ўжарлик билан кўзини очишни рад этаётганларга!

Лекин, бир нарсани аниқ айтаман, қонунлар ишланаётганида мутахассислар, соҳа билимдонлари билан маслаҳат қилинади.

Сиз тушунмаяпсиз дегани, хато дегани эмас! Муаммоларни муҳокама қилишни ўрганишимиз керак.

Қонунчилик палатасида халқ, миллат, давлат, қадриятлар ҳақида қарорлар етмиш марта ўлчанади, бу муҳим қоида!

Гоҳида, ҳаммага ҳам ёқмайдиган, лекин ҳамма учун зарур қарорлар ҳам қабул қилинади, буни ҳаммага тушунтириб бўлмайди!

Баъзида ҳимоя қилиш озор бериш орқали бўлади, даволаш оғриқ билан бўлганидек!

Ҳаракатлар, қарашлар, фикрлар ҳар-хил бўлиши мумкин, лекин мақсадимиз ва Ўзбекистонимиз битта!

Бир-биримизни асрашни ўрганмасак эл бўлолмаймиз!», деб ёзади Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қўшхотинликни тарғиб қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланаётгани хабар қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг