Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия ТИВ Ўзбекистон мактабларининг биридаги ҳолат юзасидан тушунтириш сўраяпти

Россия ТИВ Ўзбекистон мактабларининг биридаги ҳолат юзасидан тушунтириш сўраяпти

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова кеча, 25 сентябр куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 188-мактабда кузатилган ҳолат юзасидан Ўзбекистон томонидан «расмий тушунтириш» сўраганини маълум қилди.

Брифингда Захаровага Ўзбекистоннинг Тошкентида содир бўлган юқоридаги ҳолат бўйича савол берган журналист ўқувчини «рус тилли» дея таништирган. Афтидан россиялик дипломат ҳам айнан шу жумлага эътибор қаратади ва Россия ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида «ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас»лигини иддао қилади.

«Видео мазмуни болага нисбатан ўта хавотир ва ҳамдардлик уйғотмаслиги мумкин эмас. Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», – дейди Захарова.

Шунингдек, у «изчил чора-тадбирлар кўриш, жумладан, кўп асрлик алоқаларимизда рус тилининг қўлланилишининг фойдали таъсирини жамоатчиликка эслатиш, маданий-маърифий, илмий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзаро бойитиш керак»лигини қўшимча қилади.

«Ўзбекистон томонидан оммавий ахборот воситаларида тарқалган материалга ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосланса, болага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган айбдорга нисбатан чора кўриш сўралади», – дейди Мария Захарова «ушбу масалани диққат билан кузатиб боришини» таъкидлар экан.

Ўз навбатида, «Миллий тикланиш» демкоратик партияси лидери Алишер Қодиров рус дипломатининг ушбу чиқишига муносабатини билдириб, жумладан, Ўзбекистоннинг «ички ишлари ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишлари»ни тавсия қилади.

«Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади!

Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса, тўғри бўлар эди», – дейди Алишер Қодиров.

Партия лидери, шунингдек, Россия томонининг айни пайтдаги халқаро майдондаги муаммоларига шама қилади ва «текис жойда тўпалондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди деган хулосага эртароқ шекилли», дея қўшимча қилади. 

Эслатиб ўтамиз, Чилонзор туманидаги 188-мактабда рус тили дарси пайти мактабга синов даври учун олинган ўқитувчи илк дарсидаёқ 6-синф ўқувчисини тартибсизлиги учун жазолагани, яъни уни ургани акс этган видеолавҳа тарқалган эди. Тошкент шаҳар ММТБ ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари суриштирув ишларини олиб бораётганини билдирган. 

Россия томонининг Ўзбекистоннинг ички иши бўлган юқоридаги ҳолатга аралашуви бўйича эса, ҳозирча Ўзбекистон ТИВ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ёки бошқа бир масъул идора бирор расмий изоҳ берганича йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг