Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Юк машиналари ҳайдовчилари учун янги тартиб кучга кирди

Юк машиналари ҳайдовчилари учун янги тартиб кучга кирди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи Қонунга мувофиқ, жорий йил 28 октябрдан юк машиналари ҳайдовчилари учун янги тартиб кучга кирди.

МЖтКнинг янгиланган 128-моддасига кўра, йўлнинг четки чап қаторида юк автомобилларининг ҳаракатланиши (чапга бурилиш ёки орқага қайрилиш каби рухсат этилган ҳолатлар бундан мустасно) энди БҲМнинг 0,5 баравари (187,5 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи жаримадан кейин бир йил давомида такроран содир этилган қоидабузарлик БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм), учинчи қоидабузарлик БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм), йил давомида тўртинчи ва ундан кейинги қоидабузарликлар эса БҲМнинг 4 баравари (1,5 млн сўм) миқдорида жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда янгиланган Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларининг, айрим истиснолардан ташқари барча ҳолатларда, йўлнинг фақат ўнг қатнов қисмидан ҳаракатланиши шартлиги белгилаб қўйилган эди. Бироқ ушбу қоидабузарликлар учун маъмурий чора (жарима)лар белгиланмагани боис қоидабузарлик учун жавобгарликка тортиш имкони бўлмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг