Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўтган йили онлайн кредитга доир фирибгарликлар ортидан қарийб 15 млрд сўм зарар кўрилган

Ўтган йили онлайн кредитга доир фирибгарликлар ортидан қарийб 15 млрд сўм зарар кўрилган

2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган. 

Омбудсман ахборот хизматининг маълум қилишича, 2024 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, ушбу мурожаатларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ.

«Фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган», – дейилади Омбудсман хабарида.

Қайд этилишича, мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини расмий идоралар ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган.

Ушбу йўналишда Омбудсман томонидан фуқаролар манфаати ҳимоя қилиниб, Фуқаролик ишлари бўйича судларга 5 та даъво аризалари киритилган ва банклар билан тузилган кредит шартномалари ҳақиқий эмас деб топилган. 1 нафар фуқаро номига олинган кредит маблағлари унинг фойдасига қайтарилиб, маънавий зарар ундирилишига эришилган.

Таъкидланишича, мазкур соҳадаги муаммолар билан боғлиқ мурожаатларнинг ўсишини асосан аҳолининг эҳтиётсизлиги, ахборот хавфсизлиги ва иқтисодий билимларининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Марказий банк кредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга онлайн кредит ажратиш жараёнида банк карталари билан боғлиқ шубҳали фрод операцияларининг олдини олишга қаратилган вақтинчалик тартибни жорий қилган эди.

Унга кўра, эндиликда фуқаролар кредит ташкилотининг мобиль иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиши талаб этилади.

Ушбу талабнинг ўрнатилиши кредит олиш бўйича ариза фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилганлигини аниқлаш ва унинг шахсига яна бир бор ойдинлик киритиш имконини беради.

Мазкур тартиб 2024 йилнинг 1 ноябридан 2025 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг