Депутат Алишер Қодиров Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклашни таклиф қиляпти
«Миллий тикланиш» партияси лидери Алишер Қодиров кеча, 10 июл куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида содир бўлган ваҳший қотиллик «иши»га ўз муносабатини билдириб, бу турдаги жиноятни содир этганларнинг «яшамаслиги керак»лигини таъкидлайди.
«Жиноятни ҳаммаси ҳам жиноят, лекин мурғак болага ваҳшийлик қилган инсон яшамаслиги керак», – дейди у.
Шу билан бирга, қотиллик жинояти бўйича судда кўрилган ҳолатларнинг бири ҳақида тўхталиб, «марҳумни 20 марта пичоқлаб ўлдирган жиноятчи судда пушаймонлигини айтиб, 17 йилга қамалгани»ни эслайди ва 25 ёшли бу маҳкум қамоқдан 42 ёшида жамиятга ким бўлиб қайтишини савол остига олади.
«Ҳайвонлашиб кетган жиноятчини солиқларимиз ҳисобига соғлигини сақлаб, қорнини тўйдириб, бошқа инсон бўлиб қолишини кутиб ўтириш-мантиқсиз!
Бундайлардан жамиятни тозалаш керак!
Болалар ва бегуноҳ аҳоли қирғинига юзсизларча кўз юмиб, дунёга инсонпарварликдан дарс бераётганларнинг инсонқарашига мослашишга мажбурмизми?
Бу маҳлуқлар нафақат бугун, балки келажакдаги про-маҳлуқларга намуна-устоз бўлиб хизмат қилишини унутмаслик керак», – деб ёзади депутат.
Эслатиб ўтамиз, Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистоннинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ўлим жазосини назарда тутувчи 30 дан ортиқ моддалар бор эди. 1994 йилги Жиноят кодексида бундай моддалар сони 13, 1998 йилда 8, 2001 йилда эса 4 тагача камайтирилди. 2003 йилдаги жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнларидан сўнг фақат икки турдаги –жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятлари учун ўлим жазоси берилган.
2005 йил 1 августдаги Президентнинг ПФ-3641-сон фармони билан эса Ўзбекистонда 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазосини бекор қилиш белгиланган. Унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter