Хоразмнинг сирли манзиллари – қалъалар ва зиёратгоҳлар
Хоразм вилояти, Шовот туманида тасаввуф илмининг йирик намояндаси, буюк олим Юсуф Хамадонийнинг рамзий қабри бор. Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур давомида бир қатор ОАВ вакиллари ушбу зиёратгоҳга ташриф буюриб, унинг тарихи билан танишдилар.
Аслида Ҳамадоний ҳазратларининг юртимизда яшагани ҳақида тарихий маълумотлар йўқ, аммо халқ орасида у билан боғлиқ кўплаб ривоятлар юради. Улардан бирида айтилишича, гарчи муқаддас Ислом дини Хоразмга VII асрдаёқ кириб келган бўлсада, маҳаллий аҳолининг аксарияти зардуштийлик динидан воз кечишни истамайди. Ҳатто XI асрда ҳам Хоразмда оташпарастликка эътиқод қиладиганлар етарлича бўлган. Юсуф Ҳамадоний ўша вақтларда карвон йўли орқали Хоразмга келади ва шу ерларда бир муддат яшаб қолади. Шу вақтларда маҳаллий аҳоли орасида оғир касаллик тарқалган бўлиб, унинг таъсирида аксарият болалар ақлан заиф бўлиб туғила бошлайдилар. Юсуф Ҳамадоний болаларни муқаддас Қуръон оятлари билан даволай бошлайди. Тез орада болалар шифо топадилар ва ушбу кароматни кўрган Хоразм халқи буткул Ислом динига киради.
Гарчи Юсуф Ҳамадоний Бомиёнда вафот этган ва кейинчалик унинг ҳоки Марвга келтирилиб, қайта дафн этилгани ҳақида тарихий фактлар бўлишига қарамай, Хоразм халқи алломани алоҳида ардоқлайди. У зотга бўлган ҳурмат юзасидан Шовотда ҳам мақбара тиклаган. Бугунги кунда туманнинг Бешмерган қишлоғида Юсуф Ҳамадоний масжиди ва мақбараси мавжуд бўлиб, бу ер маҳаллий аҳолининг севимли масканларидан бўлиб қолган.
Зиёратгоҳ ҳудудига кирсангиз баҳри дилингиз очилади. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан тўлиқ таъмирдан чиқарилган мажмуада зиёратчилар учун кўплаб шароитлар яратилган. Бу ерда салқин хиёбон, кенг йўлаклар ва фавворалар оралаб юрган юзлаб одамларни кўриш мумкин. Юқорида келтирилган ривоятга асосан маҳаллий аҳоли соғлигида муаммоси бўлган фарзандларини шу ерга олиб келиб, Яратгандан шифо тилашни одат қилишган. Шу сабабдан зиёратгоҳга кириш жойида ҳатто ногиронлар аравачасини ҳам кўриш мумкин. Икки томонда тизилган савдо шаҳобчаларида эса саёҳатчилар учун лозим бўлган барча маҳсулотлар савдоси ташкил этилган.
Юсуф Ҳамадоний мажмуасини зиёрат қилиб чиққандан сўнг журналистлар гуруҳи XVII асрда икки халқ – ўзбеклар ва туркманлар томонидан қурилган тарихий «Улли Ҳовли» қалъасини кўздан кечириш учун йўл олди.
«Улли Ҳовли», яъни «Катта ҳовли» Хоразм вилоятининг Урганч туманида жойлашган бўлиб, қарийб тўрт асрлик тарихга эгадир. Қалъанинг тарихи бевосита туркман қабилалари билан боғлиқ.
XVII аср бошлари туркманларнинг Солер уруғи қийин вазиятга тушиб қолади. Улар турган манзил сувсизланиб, тирикчилик ўтказиш қийинлашади. Камига ички низолар туфайли қабиланинг аҳволи оғирлашади. Мана шундай ҳолатда уруғ оқсоқоллари Хўжамберди ва Шермаматбой Хоразм хонлигидан мадад сўрайди. Давлатни бошқариб турган Абулғозихон туркманларнинг чорловига жавоб беради ва уларга хонлик ҳудудидаги сувли жойлардан бирини ажратади.
Шу тариқа туркман қабиласи хонлик ҳудудига кўчиб ўтади. Олдинга ўтиб айтиш лозим, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли бўлган. Жангари туркман йигитлари лозим бўлган вақтда хон қўшинлари сафига қўшилишлари, бошқа вақтда эса савдо йўлларини қўриқлашлари лозим бўлган.
Кейинчалик вақт ўтиши билан қалъа ташландиқ ҳолатга келиб қолади. Ҳатто ўтган асрнинг 90-йилларида ҳам бу ерда туркманларнинг авлодлари яшаб келган, аммо кейинчалик манзил яшаш учун яроқсиз бўлиб қолгани туфайли бошқа жойга кўчирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келгандан сўнг ушбу тарихий мажмуа тарихида яна кўтарилиш даври бошланди. Қалъа тўлиқ таъмирдан чиқарилади ва бугунги кунда сайёҳлик мажмуасига айлантирилган. Бу ерда туялар, отлар ва паррандаларни кўриш мумкин, объектда ҳозиргача эски тегирмон ва қадимий қудуқлар ҳам сақлаб қолинган.
Эътиборли томони, қалъа пойдеворсиз қурилган, деворларнинг ости бир метр қазилиб қум солинган ва устига қамиш тўшалиб, сўнг пахса урилган. Мажмуа салкам 1 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, ҳовлида ўтовлар тикилган. Бундан ташқари, ҳунармандчиликнинг еттидан ортиқ тури билан шуғулланиш учун устахоналар ташкил этилган.
Ҳақиқий ўрта асрлар муҳитини ҳис қилишни истасангиз, албатта «Улли Ҳовли»га келинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter