Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хон саройидаги қовун сайли – Хивада кўрганларимиз

Хон саройидаги қовун сайли – Хивада кўрганларимиз

2011 йилда Жанубий Кореяга борганимда ҳамма нарсага ҳайрат билан қараганим эсимда. Биринчи марта хорижга чиқишим эди, барчаси қизиқарли кўринган. Энг ҳайрон қолдиргани, ҳатто завққа тўлдиргани деб айтишим мумкин – Кёнбоккун саройидаги театрлаштирилган тантанали маросим бўлганди.

Сеулда асрлар давомида императорнинг шахсий қўриқчилари тантанали равишда навбат алмашиб келган. Ноғоралар гумбири остида қуролли соқчиларнинг у ёқ, бу ёққа юриши Чосон сулоласининг куч ва салоҳиятини кўрсатиши лозим бўлган. Бу ажойиб анъана бугунги кунга келиб сиёсий аҳамиятини буткул йўқотиб бўлди, аммо унинг бадиий қиймати ошгандан ошиб бормоқда. Соқчилар маросимини кўриш учун Сеулга қаерлардан келишмайди дейсиз.

Ўшанда корейсларга шунчалик ҳавасим келганки, Жанубий Корея туризмнинг чўққиси бўлиб кўринганди. Бизда эса афсуски, у вақтларда четга чиқиш ҳам, кириш ҳам анча мушкул вазифа ҳисобланарди.

Йиллар ўтди, давр алмашди ва биз ҳам туризмни ривожлантиришни ўрганиб олдик. Куни кеча Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” мажмуасида бошланган “Қовун сайли” қайсидир маънода буни тасдиқлаши мумкин.


Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилаётган фестивалнинг энг ўзига тортган томони – айнан театрлаштирилган томошалар бўлди. Хоразм хони Абулғози Баҳодирхон саройга кириб келиши менга Сеулда кўрганларимни эслатиб юборди. Хоннинг аъёнлари қуршовида виқор билан келиши, хизматчилар таъзим билан кутиб олиши, сарой тантанаси – ҳаммаси анча қизиқарли ташкил этилган. Мана шу маросим янада сайқалланиб, тамомиллаштирилиб, Ичан Қалъанинг бош дарвозаси олдидаги майдонда мунтазам ташкил этилса яна ҳам яхши бўларди, менимча. Бунақа амалиёт кўплаб туризм пойтахтларида бор, масалан машҳур Букингем саройидаги соқчи алмашиш маросимини эсланг.

Хиванинг бошқа туризм пойтахтларидан қаери кам?!

Майли, фестивалга қайтсак. Кечга бориб тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Концерт ташкил этилди, миллий мазмундаги чиқишлар бўлди, янги санъаткорларни кўрдик. Биздан ҳам кўра хориждан келган меҳмонлар кўпроқ қизиқиш билан томоша қилдилар. Ўзи шунақа бўлиши ҳам керак.

Фестивал қовунга аталгандан кейин албатта бу ажойиб полиз экини ҳақида кўплаб маълумотлар берилди. Кун давомида Ичан Қалъанинг «Полвон» дарвоза олдида, «Аллея» майдонининг 40 гектарида ташкил этилган 60 та павилонда бўлдик, турли мева-сабзавотлар, полиз экинлари намойишга қўйилганини кўрдик.

Шахсан ўзим қовуннинг деярли барча турини биламан деб юрарканман, аммо «Гурвак», «Қиличбой бешак», «Қариқиз», «Туя қовун», «Тўёна», «Ола замча», «Оқ новвот», «Кўк гулоби», «Бўрикалла» ва шунга ўхшаш яна кўплаб навларни кўриб шошиб қолдим. Қовундан тайёрланган турли маҳсулотлар эса бир олам – шинни, қоқи, компот, мураббо, пишириқ – ҳаммаси шунчалар ажойиб.


Очиғи, қовуннинг барча туридан татиб кўришга ҳозирча улгурганим йўқ. Умуман, бу иложсиз ҳам бўлса керак, у ёғини ўзингиз яхши тушунасиз. Татиб кўрганларимдан эса, олам-олам таассуротлар қолганини айтиш ҳам шарт эмасдир.

Хива саёҳатида яна бир қатор тадбирлар билан ҳам танишиб чиқдикки, булар ҳақида яна мавриди билан сўзлаб беришни режалаштирганмиз.

Зафар Қосимов, Хива

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг