Педофилга берилган жазони енгиллаштирган апелляция инстанциясининг ажримига Болалар омбудсмани қарши чиқди
Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида жинсий жиноятда жабрланувчи бўлган бола манфаатлари нуқтаи назаридан 2012 йилда туғилган Ш.А. (қиз бола) га нисбатан содир этилган, ЖКнинг 119-моддаси 4-қисми ва 137-моддаси 2-қисми «а» бандида кўзда тутилган жиноятлар бўйича А.Р. (эркак)га нисбатан жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2024 йил 10 июндаги ҳукми ва Самарқанд вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 16 июль кунидаги ажримини ўрганди.
Мазкур суд ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ҳукми билан А.Р. айбдор деб топилиб, унга нисбатан ЖКнинг 119-моддаси 4-қисми билан 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 137-моддаси 2-қисми «а» банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ЖКнинг 59-моддасига асосан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Бироқ Самарқанд вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция тартибидаги ажримида (судланувчининг апелляция шикояти асосида) биринчи инстанция суди А.Р. га нисбатан ЖКнинг 119-моддаси 4-қисми билан озодликдан маҳрум қилиш жазо тайинлашда оғирроқ жазо тайинлаган деб ҳисоблаб, судланувчи А.Р. га ЖКнинг 119-моддаси 4-қисми санкцияси доирасида (19 йилдан 15 йилга ўзгартириб) енгилроқ жазо тайинлаган.
Ўз навбатида, Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида апелляция инстанциясининг мазкур ажрими билан жиноий жазо енгиллаштирилиши бола манфаатларига зид деб ҳисоблаб, бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тафтиш тартибида протест киритишга оид илтимоснома киритди.
Бунинг асосида суд ҳужжатлари Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ўрганилди ва Болалар омбудсмани позицияси қувватланиб, А.Р. га нисбатан ЖКнинг 119-моддаси 4-қисми билан тайинланган жазоси асоссиз камайтирганлиги муносабати билан ажримни бекор қилиш ҳамда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2024 йил 10 июндаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида жорий йилнинг 3 август куни тафтиш тартибида протест киритилди.
«Болалар омбудсмани мазкур ишнинг тафтиш инстанцияси судида кўрилиши жараёнида бола манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўз кузатувини давом эттиради.
Айтиш муҳимки, бугунги кунда судларимизда бола ҳуқуқларини ишончли таъминлаш борасида қатъият ва боланинг энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга устуворлик ёндашуви мустаҳкамланиши ва бу борада республикада ягона суд амалиёти шаклланиши зарур», дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter