Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбарига тегишли кўчмас мулклар хатланди

Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбарига тегишли кўчмас мулклар хатланди

Жорий йилнинг 24 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Фармацевтика агентлигининг собиқ директори Сардор Кариев ва бошқаларга нисбатан юритилган ижро иши юзасидан хабарлар тарқалди. Унда С.Кариевнинг фарзандлари яшаб турган уй ҳам хатлангани, бундан норози бўлган унинг аёли судга шикоят қилгани айтилади.

Ушбу иш жорий йилнинг 21 октябр куни Тошкент туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилган.

МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпулатовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 15.07.2024 йилдаги ижро варақасига асосан жавобгарлар С.Кариев ва бошқалардан 72 нафар фуқаролар фойдасига жами 75,4 млрд сўм зарар ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжатлари Бюронинг марказий аппарати иш юритувига 09.08.2024 йилда келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

«Мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида, қарздор С.Кариевга тегишли Тошкент шаҳри ва вилоятида 2 та турар жой ҳамда 1 та нотурар объекти борлиги аниқланган.

Келгусида қонун талабларига мувофиқ ликвидли мол-мулкни реализация қилиш мақсадида, С.Кариевга тегишли барча кўчмас мулклар белгиланган тартибда кўздан кечирилиб, хатланган.

Шуни таъкидлаш жоизки, юқоридаги мол-мулкларни ундирувга қаратишда қонун талабларига риоя этилиши таъминланади.

Ҳозирда ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд қарорига кўра, Фармацевтика агентлиги собиқ директори Сардор Кариев 18 йил, унинг ўринбосарлари 16 йил, Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар эса 20 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Суд жараёнида «Док-1 Макс» йўталга қарши сиропини Ўзбекистонда қабул қилиш оқибатида камида 69 нафар бола вафот этгани қайд этилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг