Бухорода эр рашк туфайли даҳшатли жиноятга қўл урди
Бухоро вилояти, Қоракўл тумани фуқароси турмуш ўртоғини 16 маротаба пичоқлаб ўлдирди. Қотиллик рашк туфайли содир бўлган.
Маълум бўлишича, Қоракўл тумани маҳаллларидан бирида яшаб келаётган 49 ёшли Ҳ.О. бир неча кун илгари 34 ёшли хотини С.Э.ни рашк туфайли 16 маротаба пичоқлаб ўлдирган.
Маҳалла раисининг «Xabar.uz»га билдиришича, ҳар икки фуқаро ҳам аввалги турмушидан ажралган ва қонуний никоҳда иккинчи турмуш билан яшаб келишаётган бўлган. С.Э. фуқаро Ҳ.О. билан турмуш қургач, 1 ёшга етмаган эмизикли қиз фарзанди билан ушбу хонадонга келган.
«Оилада яна уч фарзанд дунёга келди. Икки қиз ва бир ўғил. Ҳозир С.Э.нинг фарзанди 15 ёшда. Ақлли, эсли, ҳушли қиз. Ота-онасига меҳр билан улғайди. Ука-сингилларига ҳам ўзи бош-қош. Эркак иккинчи гуруҳ ногироги бўлгани боис, доимий маҳалла эътиборида бўлиб келган. Кўмак, моддий ёрдамлар бериб турилган. Йиғин ёки тадбирларда эр-хотин иккаласи ҳам биринчилардан бўлиб келишарди. Тўғриси, эр-хотин ўртасидаги жанжал, келишмовчилик, ур-сур ҳақидаги гап-сўзлар кўчага чиқмаган ва бундай бўлмаган ҳам. Аёли тумандаги ип-йигирув фабрикасида ишларди. Фақат Ҳ.О.да битта айб – ўта кучли рашки бор эди. Аёлини ортидан ишхонасига бораверар, жанжал кўтармаса-да, ортидан ҳеч қўймасди. Қотиллик ҳақида эшитиб, донг қотдик», — дейди маҳалла раиси.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Қоракўл туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Ҳ.О.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter