Янгийўлда қўйиб юборилган кобра илонлари бўйича расмий маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда «Янгийўл тумани «Туябўғиз» МФЙ ҳудудида илонлар қўйиб юборилган» мазмунидаги хабар Тошкент вилояти Экология бошқармаси томонидан ўрганилди ва қуйидагилар маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 октябрь куни Янгийўл тумани «Туябўғиз» МФЙ ҳудудида фуқаронинг хонадонида сақланган кобра илонларни қўйиб юборилганлиги ҳолати бўйича туман Экология бўлими, туман Ички Ишлар бўлими, туман Фавқулода вазиятлар бўлими, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, туман Ободонлаштириш бўлими ходимлари ҳамда МФЙ раиси ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳ тузилган.
Аниқланишича, туманнинг «Туябўғиз» МФЙ ҳудудида яшовчи 1980 йилда туғилган фуқаро Н.Ю. ўзи яшаётган хонадонида 30 дан ортиқ «Осиё кобра» илонларини тегишли рухсатномаларсиз сақлаб келган. Номаълум сабабларга кўра, фуқаро Н.Ю. хонадонида сақланаётган илонлар очиққа қўйиб юборилган. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан аниқланиб, иккита кобра илони тутиб ўлдирилган.
Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳ томонидан шу яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида дорилаш ишлари олиб борилмоқда.
Кобра боққан шахсга нисбатан ИИБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув олиб борилаётгани маълум қилинади, дейилади Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter