Мушт еган ҳайдовчи «КамАЗ» билан дўконни бузди
Зарбдор туманида юк машина ҳайдовчиси «КамАЗ»да Spark автомобили ва савдо дўконига шикаст етказди. Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ маълумот берди.
Қайд этилишича, 28 май куни соат 01:19 ларда Зарбдор тумани «Равот» МФЙда жойлашган савдо дўкони иш юритувчиси вилоят ИИБнинг 102 хизматига қўнғироқ қилиб «КамАЗ» русумли юк автомашинаси эгаси савдо дўконини бузиб ташлаганини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширувлар давомида Зомин тумани «Нурликент» МФЙда яшовчи 26 ёшли Т.Ш. «КамАЗ» русумли юк автомашинасини маст ҳолда савдо дўкони олдига бошқариб келиб, дўкон ёнида турган 24 ёшли Ҳ.Р ва унинг шериги У.О. билан ўзаро тортишиб қолгани аниқланган.
Натижада фуқаро Ҳ.Р. ҳайдовчининг юз қисмига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган. Шундан сўнг Т.Ш. жаҳл устида ўзи бошқарувидаги юк автомашинасига ўтириб, уни ҳайдаб, шу ерда турган Ҳ.Р.га тегишли Spark русумли автомашинанинг орқасидан уриб юбориб, автомашина ва савдо дўконига моддий зарар етказган.
Ҳодиса содир бўлган жой тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, ҳозирда терговга қадар текширув давом этмоқда. Тергов натижаларига кўра ушбу воқеа иштирокчиларининг ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter