Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода «Malibu» 221 маротаба, «Subaru» 287 маротаба радарга «тушди»

Бухорода «Malibu» 221 маротаба, «Subaru» 287 маротаба радарга «тушди»

Фото: «Xabar.uz»

«Оббо, яна «радар»данми қоғоз?! Қўлларингдан пул ундиришдан бошқа нимаям келарди?! Билганимдан қолмайман!» — шундай дея уйидан «Malibu»ни суриб чиққан бухоролик ҳайдовчи О.Р. тезликни оширган ва йўл ҳаракати инспекторлари томонидан машинаси тўхтатилган. Унга оид ҳужжатлар текширилганда, 221 маротаба тезликни ошириб ҳаракатлангани сабаб радар жарималарга тушгани аниқланган. Бироқ, О.Р. жарималарни тўлашни хаёлига ҳам келтирмаган.

Одатда бундай вазиятда қарздор уни тезроқ бартараф этишга шошилади. Чунки қарздорлик 15 сутка ичида тўланса, 50 фоизли чегирма мавжуд. Бироқ, ушбу фуқаро август ойига қадар 221 маротаба жарима рўйхатига тушган. Уларнинг 219 тасидан 103 миллион сўм қарздорликни тўламай юрган.

Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га билдиришича, яна бир фуқаро 287 маротаба радарга муҳрланган.

Маълум бўлишича, Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтаётган фуқаро М.Ш. ўзига тегишли бўлган «Subaru» автомашинасида айланма йўллар орқали ҳаракатланган. Айни шу фурсат ичида 287 маротаба белгиланган тезликни оширгани учун радарларга муҳрланган. Ушбу ҳайдовчи ҳам тезликни оширгани учун ҳисобланган 269 миллион сўмлик жарима пулини тўламаган.

Айни пайтда ҳар икки автомашина ҳам жарималар майдонида «сафланган». «Радар» қармоғига илинган автомашиналар ҳар икки ҳайдовчи томонидан қарзлар қоплансагина жарималар майдонидан чиқарилиши кўзда тутилган. Билдирилишича, тўлов амалга оширилмаса, мажбурий ижро бюроси томонидан судга тақдимнома киритилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг