Хлорланган сув онкологик касалликлар эҳтимолини оширади — тадқиқот

Европа Иттифоқи ва АҚШ меъёрлари даражасида хлорланган ичимлик суви айрим онкологик хасталиклар ривожланиши эҳтимолини оширади. The Guardian бу ҳақда швед олимларининг тадқиқотларига асосланиб хабар берди.
Хлор сувга қўшилганида деярли барча жамоат сув таъминоти тизимларида мавжуд ён маҳсулотлар — тригалометанлар ҳосил бўлади. Дезинфекциянинг бу усули арзон ва самарали, бироқ айрим хатарлардан холи эмас. Таҳлиллар кўрсатишича, хлорли сувни истеъмол қилганда сийдик пуфаги саратони пайдо бўлиши эҳтимоли 33 фоизга, йўғон ёки тўғри ичак саратони ривожланиши хавфи 15 фоизга ошади.
Оқибатларни янада аниқроқ баҳолаш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш лозим, деди Швециянинг Каролин институти етакчи тадқиқотчиси Эмили Ҳёлте. У ултрабинафша нурлар билан ишлов бериш ёки янги филтрлаш тизимлари каби сувни тозалашнинг муқобил усуллари онкологик хатарларни камайтириши мумкинлигини, бироқ анча серчиқимлигини ҳам қўшимча қилди.
The Guardian ёзишича, сувни хлорлаш XX аср бошидан буён оммалашиб, жуда кўплаб юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинган. Аммо олимлар 1970-йилларда хлорнинг органик бирикмалар билан ўзаро реакцияси оқибатида юзлаб хавфли токсинлар (жумладан, хлороформ ва бромоформ) пайдо бўлишини ҳам аниқлашган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter