Хитой Ойни ўзиники қилиб олмоқчи — NASA
NASA раҳбари Билл Нелсоннинг фикрича, Хитой космосдаги ҳарбий иштирокини фуқаролик дастурлари билан ниқобламоқда. Бу ҳақда Sky News хабар берди.
«Уларнинг аксарият фуқаролик фазовий дастурларини аслида ҳарбий дастурлар деб ҳисоблаймиз», — таъкидлади у АҚШ Конгресси вакиллар палатаси йиғилишидаги чиқишида.
Хитой, айниқса, сўнгги 10 йилда «фавқулодда, аммо ўта махфий қадамлар» ташлади, деди Нелсон.
«Улар Ойга қўниш санасини охирги марта 2030 йил деб белгилашганди, бироқ санани тинмай ўзгартиришяпти. Биз у ерга биринчи етиб боришимиз керак ва тадқиқот кучларимиздан тинчлик мақсадларида фойдаланишимиз лозим», — деди NASA раҳбари.
Унинг тахминича, Хитой агарда Ойга биринчи бўлиб қўнса, фазовий кенгликнинг бир қисмига ўз ҳудуди сифатида даъво қилиши мумкин. «Агар Пекин биринчи бўлиб етиб борса: «Бўлди, бу ҳудуд бизники, узоқроқ юринглар», дейиши мумкин — огоҳлантирди Нелсон.
АҚШ мудофаа вазирлиги разведкаси маълумотларига кўра, Хитойнинг орбитадаги йўлдошлари сони 499 тага етган. Бу 2019 йилгидан икки баравардан ҳам кўп. Чин юрти ўз жосуслик ҳаво шарлари ва гипертовушли ракеталарини яратиш билан ҳам банд.
Хитой космосда ҳам тадқиқотлар, ҳам жанговар ҳаракатлар олиб бориш имкониятларини тинмай оширмоқда. Экспертларга кўра, Хитой дунёдаги энг кучли фазовий давлат — АҚШни қувиб ўтиш йўлида ва бу воқеа 2045 йил ёки унгача юз бериши мумкин.
Пекин Ойга бошқариладиган миссиясини 2030 йилда юборишга умид боғлаган ва унинг сиртида ўз базасини қурмоқчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter