Россия ва МДҲда жониворларни кузатиб борувчи трекерлар бозори чаққонлашди
Россия ва МДҲ давлатларида жониворлар учун GPS-трекерларга бўлган талаб юқорилаб кетди.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, фермерлар бундай қурилмаларни жуда фаол харид қилишмоқда. Трекерлар нархлари минг долларгача бормоқда.
Трекерлар Wi-Fi контроллер, жониворларнинг жойлашувини аниқловчи GPS-трекер, фаоллик датчиклари, видеокамера (айрим версияларда) билан жиҳозланган бўлиб, виртуал молхона ташкил этиш имконияти ҳам мавжуд.
«Авваллари бир неча соат вақт сарфланадиган ишларнинг ҳаммаси энди менинг телефонимда», - дея фикр билдиради фермерлар GPS-трекерлар ҳақида. Бу қурилмалар уларнинг меҳнат фаолиятини бир неча баробарга енгиллаштирди.
Бугунги кунда гаджетлар қишлоқ хўжалиги соҳасида катта аҳамият касб этмоқда. Агар авваллари GPS-трекерлар фақат йирик агрохолдинглар учун яратилган қулайликдек туюлган бўлса, бугун кичик фермер хўжаликлари ҳам чорвани назорат қилиш тизимини фаол жорий этмоқда.
Ҳали ҳам баъзилар замонавий гаджетларга шубҳа билан қараётган бир пайтда, илғор фермерлар янги технологиялардан фойдаланишни бошлаб юборган. Қолаверса, охирги йилларда GPS-трекерлар бозорида «портлаш» юз берди. Фермерлар бу қурилмаларни фаол харид қилиб, жониворларни назорат қилиш соҳасидаги янгиликларни кузатиб боришмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, бундай «портлаш»нинг бир нечта сабаби бор. Биринчидан, GPS-трекерлар фермерларга чорванинг ҳаракатланишини кузатиш, унинг ҳолатини назорат қилиш, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш имкониятини беради, бу эса фаолиятнинг самарадорлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Иккинчидан, чорванинг йўқолиб қолиш эҳтимоли бир неча баробар камаяди. GPS-трекерлар аниқ вақт режимида йўқолган, ўғирланган жониворларнинг жойлашувини ва ёввойи ҳайвонлар ёки ўғрилар борлигини аниқлашга ёрдам беради.
Бугун технологиялар борган сари ҳаётимизга чуқур кириб бормоқда. Жониворлар учун трекерлар янада ихчамлашиб, арзонлашмоқда, бу эса турли бюджетга эга фермерлар учун ҳам катта имкониятлар тақдим этган. Энди улар ушбу қурилмаларни бемалол сотиб олишлари мумкин.
«Бугун оилавий бизнесимизни янги технологияларсиз тасаввур қилиш мушкул», - дейди сигирлар, от ва қўйлар подасига эга фермер. Унинг подаси кўпинча тоғларда ўтлайди, бу ҳар бир жониворни кузатиб бориш учун кўп вақт ва куч талаб этади. «Ҳар кунги ишлардан ташқари урғочи жониворлар подадан ажраладиган биринчи туғруқ даври ҳақида ҳам унутмаслик зарур. Янги туғилган жонивор ва онани қидириш осон иш эмас», - дейди у.
Тадбиркорнинг айтишича, у GPS-трекерлардан фойдаланишни бир йил аввал бошлаган. «Дўстларим тавсия қилишди. Бу чинакам ажойиб ғоя, у менга чорванинг бутлигини таъминлашга ёрдам беради. Биринчи марта иккита қурилма сотиб олганман, айтиш керакки, бу арзон турадиган қулайлик эмас. Аммо охир-оқибат анча пулни тежашга ёрдам берди».
Ҳатто тажрибали чўпонлар ҳам замонавий технологиялар даражасига ета олмайдилар, деб ҳисоблайди тадбиркор.
Чорва учун GPS-трекерлар ихчам қурилма бўлиб, жониворнинг қулоғи, бўйинтуруғи ёки танасининг бошқа қисмига маҳкамланади. Улар чорванинг жойлашув ўрни ҳақида маълумотни тўплаб, мобил илова ёки веб-сайт орқали кузатиладиган серверга йўналтиради.
Трекерлардан фойдаланиш нафақат ҳайвонларнинг ҳаракатланиши ва ўзини тутишини кузатишга, балки овқатланиш рациони, яшаш шароити ва ва ветеринар ёрдам сифатини яхшилашга ёрдам беради. Подани самарали бошқариш, ем, жониворларни сақлаш, ветеринар ёрдам учун сарфлар ва бошқа ҳаражатларнинг камайишига сабаб бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter