Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қамчибек Ташиев: «Жиноят оламининг ҳам ўз президенти бор...»

Қамчибек Ташиев: «Жиноят оламининг ҳам ўз президенти бор...»

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев мамлакатдаги таниқли криминал авторитет Қамчибек Колбаевни (Қамчибек Асанбек) йўқ қилишга қарор бергани cабабини очиқлади.

«Давлат манфаати учун Қамчибек Колбаевни йўқ қилиш ҳақида қарор қабул қилишимга тўғри келди»,  – деган Қирғизистон махсус хизмати раҳбари таълим соҳаси мутасаддилари билан учрашувда. 

Ташиевга кўра, Қирғизистондаги уюшган жиноят гуруҳлар бутун мамлакат бўйлаб таъсирга бўлган ва параллел давлат тамойили бўйича фаолият юритган.

«Қонундаги ўғри» ва мамлакат бўйлаб назоратчилар ҳокимиятни эгаллаб олган эди. Улар ҳам давлат каби тизимга эга, уларнинг ҳам ўз президенти – «қонундаги ўғри» бор эди. Вилоят, туман, шаҳарлар бўйича назоратчилар ва вакиллар тадбиркорлар ва бошқалар ўлпон йиққан. Улар ана шундай кучли тузилмага эга бўлган. Шу сабаб биз мажбурий чоралар кўришга мажбур бўлдик»,  – деган МХДҚ раиси.

Махсус хизмат бошлиғи иддаосича, уюшган жиноий гуруҳлар буткул йўқотилиб, мамлакат озод қилинди ва Қирғизистон Марказий Осиё ва МДҲ маконида уюшган жиноятчиликдан холи ягона давлатга айланди.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 4 октябрь куни Қирғизистон махсус хизматлари Бишкекда ўтказган амалиёт чоғи жиноий авторитет Қамчибек Колбаев ўлдирилганди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари «қонундаги ўғри» қаршилик кўрсатгани сабабли отиб ташланганини билдирган.

Бунинг ортидан Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев мамлакатдаги уюшган жиноий гуруҳ вакилларини кескин огоҳлантирганди.

«Эндиликда мамлакатимизда «қонундаги ўғри»лар, уюшган жиноий гуруҳ ва тўда раҳбарларига ўрин йўқ!» – деб баёнот берган у.

Ўтган йил ноябрь ойида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари МХДҚ раисига қарши суиқасд режалаштиришда гумонланган жиноят олами вакилини қамоққа олганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг