Самарқанддаги сув омбори билан боғлиқ ёлғон хабар тарқатганлар жазоланди
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги Оқдарё сув омбори деворларида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиевнинг билдиришича, мазкур сув омбори 130 млн куб метргача сув йиғиш имконига эга бўлиб, бугунги кунда 105 млн куб метр сув тўпланган. Оқдарё сув омборига яна 15-20 млн куб метр сув йиғиш мумкин. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида эса ҳозирда сув омборига сув кириш ва чиқиш миқдори бир хил (транзит) ҳолатга келтирилган.
«Ишонч билан айтамизки, ҳозирги пайтда барча сув омборларида хавфсизлик чоралари кўрилган, навбатчилик кучайтирилган, зарур моддий-техник материаллар захиралари яратилган. Ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ», – дейди вазирлик расмийси.
Ўз навбатида, жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судида жорий йил 13 январь куни мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилган.
Сув омборида олиб борилган жорий таъмирлаш ишлари давомида омбор жанубий-ғарбий қисмида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида нотўғри маълумотни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган Ж.Ҳ. ва М.П.нинг ҳаракатлари кўриб чиқилган. Улар мазкур нотўғри маълумотни 10 январ куни тарқатиб, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатганликда айбдор деб топилган.
Судда айбдорларнинг ҳаракатлари далиллар, тушунтириш хатлари ва суд материаллари орқали тасдиқланган.
Суд ҳукмига кўра, Ж.Ҳ. ва М.П. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 7 миллион 500 минг сўм жарима жазоси белгиланган.
Маълумот учун, республика бўйича 74 та сув омборлари бўлиб, уларнинг сув йиғиш лойиҳавий ҳажми 18 млрд куб метрни ташкил этади. Ўзбекистоннинг йиллик сув истеъмоли 50-52 млрд куб метр атрофида эканлигини ҳисобга олинганида, шунинг 20-25 фоизини сув омборларида йиғиш имкони мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter