Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Охирги умид Ортиқхўжаев ва Норбоевадан…» (видео)

Сергелидаги 4-уй 31-хонадон кимга тегишли: Атабаева, Семёнова ёки Есумхоновгами?

Тошкент шаҳри Сергели туманидан мурожаат қилган фуқаро Клара Атабаева оиласи билан қарийб 20 йил давомида барча коммунал тўловларни тўлаб келган хонадондан чиқариб юборилиб, 7 йилдан буён оиласининг 6 аъзоси билан ижрама-ижара яшашга мажбур бўлмоқда.

Мурожаатчининг фикрича ва бизга тақдим этган ҳужжатларига кўра, туман масъуллари томонидан ижроси ўз вақтида қайтарилган ва муддати ўтган суд қарорини дастак қилган ҳолда қонунчилик тартибларига зид ҳаракатниг амалга оширилгани сабабдир.

Ҳужжатларга кўра фуқаро Клара Атабаева ўз мурожаатида кўрсатган низоли уй Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Сергели-8 мавзеси, 4-уй 31-хонадонда 1993 йилдан буён турмуш ўртоғи А.Усанов ва тўрт фарзанди билан яшаб келади. Ушбу хонадонга тегишли барча коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаган. Буни эса МФЙ масъуллари берган билдиришномалар ҳам исботлайди.

Ушбу низоли уй бўйича 2009 йилда мурожаатчининг турмуш ўртоғи А.Усанов Фуқаролик кодексининг 187-моддаси (ушбу моддага кўра, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка 15 йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади) талабларига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида ушбу хонадонда оиласи билан биргаликда 1993 йилдан бери яшаб келаётган бўлса-да кадастр ҳужжати расмийлаштирилмагани боис жавобгар Сергели тумани ҳокимиятига нисбатан уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги даъво аризасини киритган. Аммо фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2009 йил 3 апрелдаги ҳал қилув қарорида низоли ушбу хонадон давлат ҳисобида бўлганлиги, хусусий мулк сифатида эътироф этилмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасини (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат) ушбу уй-жойга қўллаб бўлмаслиги сабабли даъвогарнинг барча даъво талаблари рад этилган.

Суднинг ана шу ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг, яъни мурожаатчи Клара Атабаеванинг турмуш ўртоғи билан бирга унинг оила-аъзоларини ҳам мазкур хонадондан чиқариб, Сергели туманидаги бошқа – фуқаро М.Искандаровага тегишли бўлган Сергели тумани, Спутник-2 мавзеси, 63-уй 9-хонадонга кўчириш лозим, деб топилган. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг ажрими билан суднинг ушбу қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Мурожаатчи фуқаронинг турмуш ўртоғи А.Усанов ушбу қарор ижросини тўхтатиш юзасидан Сергели тумани ҳокимиятига мурожаат қилганидан кейин, туманнинг ўша вақтдаги ҳокими М.Абдуллаев томонидан Сергели туман суд ижрочилари бўлимига 2009 йил 16 сентябр куни хат киритилган. Унда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2009 йил 3 апрелдаги қарорига асосан А.Усанов ва унинг оила аъзоларини айни пайтда низоли бўлиб турган Сергели-8 мавзеси, 4-уй 31-хонадонидан бошқа манзилга кўчириш ҳақидаги ижро варақани ижросиз қайтариб бериш сўралган. Ижросиз қайтариб бериш дегани ҳеч жойга йўналтирмасдан ва оилани бошқа манзилга кўчирмасдан қайтиб бериш дегани эмасми?

Хуллас, мана неча йилдирки, мурожаатчи бормаган ташкилоти, тақиллатмаган эшиги қолмади. Олий суд ҳам, Тошкент шаҳар, Сергели тумани прокуратураси ҳам қоғозда фуқаронинг мурожаатига жавобан тақдим этган маълумотларда мазкур иш, яъни 2009 йил 16 сентябрдаги Сергели тумани ҳокимияти томонидан туман суд ижрочилар бўлимига ижро варақаси тугатилганлигини тушунтирган. Аммо амалда айнан шу органлар тугатилган, дея қайд этилган суд қарори 1 йил (2015 йил) ўтиб мурожаатчи фуқаро ва унинг оиласини овора қилаётганини бирор тирик жон тан олишни истамаётгани жумбоқли.

К.Атабаева видео мурожаатида айтганидек, мазкур низоли ҳолатда яна бир тушунарсиз, яъни бир-бирини инкор этувчи асослар келтирилгани кишини ўйлантириб қўяди.

Марожаатчи таъкидлаганидек ва ҳужжатлар «гапирётгани»дек, ушбу масалада 15.08.2018 йил Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхонасига киритган шикоятига жавобан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар Сергели тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари М.Шукуров Сергели туманининг собиқ ҳокими Н.Ҳусановга хат йўллаб, унда «Соҳибқирон» МФЙ ишчи гуруҳи К.Атабаеванинг хонадонига бориб, ҳолатни ўрганганлиги ва мазкур хонадон Тошкент шаҳар ҳокимининг 2014 йил 30 сентбярдаги 814-сонли қарорига асосан 2016 йил 28 июлдаги Сергели туман ҳокимининг 007049-сонли тузилган далолатномаси билан меҳрибонлик уйида тарбияланаётган Есмухановлар оиласига берилгани кўрсатилган, ўз навбатида, Сергели тумани ҳокимлиги ушбу хатга асосланиб, худди шу мазмундаги хатни Тошкент шаҳар ҳокимлигига жўнатган.

Аммо К.Атабаеванинг аризасига илова қилинган ҳужжатлар ўрганилганда «Соҳибқирон» МФЙ раиси Ш.Солметова 2018 йил 6 октябр куни Сергели тумани ҳокими ўринбосари Хотин-қизлар қўмитаси раиси А.Сатторовага тақдим этган маълумотномасида Сергели-8 мавзеси, 4-уй, 31-хонадонда Гульназ Агзамовна Семёнова ва Тимур Агзамович Семёнов 2016 йил 28 июндан буён истиқомат қилиб келаётганлиги кўрсатилган. Чалкашликни кўраяпсизми?

Нега ушбу низоли уй битта сана ва битта рақамдаги ҳужжат билан ҳам Есмухановларга, ҳам Семёновларга берилган?..

Хуллас, бу мурожаатдан Қонунчилик палатасининг, Омбудсманнинг, Адлия вазирлигининг ҳам хабари бор.

Таҳририятдан: Биз ҳам ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида «Соҳибкор» маҳалласига бордик. Мақсад – Сергели-8, 4-уй, 31-хонадонда ким яшаётганлигини билиш эди. Аммо маҳалла фаолларидан Қобилжон исмли киши ушбу хонадонда ким яшаётгани ҳақидаги рўйхатни кўрсата олмаслигини, яъни янги маҳалла раиси сайлангани учун эскиси ўша ҳужжатлар рўйхатини топширмаганини айтди. Айни пайтда маҳаллада аҳолининг рўйхатга олинган журнали йўқ экан. Маҳалла участка нозири Тўлқинжон исмли йигит эса бу вазият ўрганилаётгани, эрта-индин ўша уйнинг кадастрини, ким рўйхатда туришини аниқлаб, ҳужжатларни жўнатишни ваъда берди. Уйнинг эшигини тақиллатганимизда эса ҳеч ким очмади.

Мурожаатчининг охирги умиди шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Сенат раиси Танзила Норбоевадан. Аммо улар томон элтадиган йўл жуда узоқ ва машаққатли...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг