Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Жигарларим қўрққанида, куёвим ўз жигарини таклиф этган» — Оғир дардни енгган аёл матонати

«Жигарларим қўрққанида, куёвим ўз жигарини таклиф этган» — Оғир дардни енгган аёл матонати

Шифокорлар «олти ойлик умрингиз қолди» дейишганди...

Биз баҳорни аёлларга ўхшатамиз. Чунки баҳор ҳам ўз вақтида қишнинг қор-қировли синовларига сабр этиб, навбати келгач, ўз кўрки тароватини намоён этаверади. Аёл ҳам қалбида не оғриқлар зоҳир бўлсада, борлиғида ўз гўзаллигини кўрсатаверади.

Синовлар... Оқдарёлик Дилором Бозорованинг ҳам 2015 йилда бошига оғир синов тушади. Бир кечада тўсатдан соғлиги ёмонлашган опага шифокорлар: «жигарингизнинг икки фоизи қолган, олти ойлик умрингиз қолибди...» дейишганди.

— Ўша кунларни эсласам ўзим қўрқиб кетаман, аввал ҳеч қачон оғримаган, хасталик сезмаган эдим. Тўсатдан соғлигим ёмонлашиб, бир кечада шишиб кетганман. Ҳатто оёқ кийимим сиғмай қолган. Кўзимга дунё қоронғу бўлиб кетган эди.

У пайтлар бизда жигар трансплантацияси йўлга қўйилмаганди. Ҳиндистонда операция қилиш мумкинлигини эшитдик, аммо унга ҳам донор ва жуда катта маблағ керак эди... Менда эса у маблағнинг ўндан бири ҳам йўқ эди. Шунда аввало яқинларим жонимга ора кирди, баъзилари қўрқди, баъзилари ўз жигарини таклиф этди. Бор бисотимизни сотдик. Қариндошлар борини берди. Лекин бу маблағ ҳам етмасди. Шунда маҳаллий ҳокимият вакиллари қўллаб-қувватлади. Уларни ёрдами билан Ҳиндистонга борадиган бўлдим. Кўпчликнинг ичида қизим ўз жигарини бермоқчи бўлди, лекин унинг қўлида саккиз ойлик чақалоғи бор эди. Шунда фарзанди онасиз қолишидан қўрқибми, ё менга ачинибми, куёвим ўз жигарини бермоқчи бўлиб, қатъий туриб олди. Баъзилардан «куёв — ёв» деган мақолни кўп эшитардим. Лекин бу таъриф нотўғри, ўшанда куёвимни ўз жигарини бермоқчи эканини эшитиб, жудаям тасирланганман. Шундан буён уни ўғлимдек кўраман. Ўшанда қанча унамасин куёвимнинг наъмуналари мос келмади. Натижаларга кўра, қизимники менга кўпроқ мос келди. Чақалоғи бўлишига қарамай, у донор бўладиган бўлди.

Ўша куни қаҳрамонимизни йўқлаб борганимизда, у далада трактор ҳайдаётган экан.

– Ғаллага ўғит бераётувдик, хўжайним иккаламиз иккита тракторда ишлаяпмиз, баҳорги ҳар бир кун ғанимат, — дейди опа.

Унинг табассумли юзларида соғломлик барқ этиб турар, тўққиз йил олдин у чеккан оғир дард нишоналари ўрнини бугун ажиб бир шижоат эгаллагандек. Бугун у меҳнат қилишда ҳар қанақа эркакни йўлда қолдиришига гувоҳ бўлдик. Аёл бўлишига қарамай, трактор ҳайдайди, ер чопади, сигир соғади, товуқ боқади, боғ парваришлайди.

— Ҳорманг, бу дала ишлари сизга оғирлик қилмайдими?

— Ўшанда Ҳиндистонда оғир операция ўтказиб, бир ярим ойда оёққа турганман. Олти ой ўтмасдан далага чиқиб кетганман. Дардни меҳнат билан енгганман. Ўзимни дала ишларисиз тасаввур қилолмайман. Шу ер билан қўшилиб нафас оламан. 2005 йилдан буён фермерлик қиламан. Шаҳарда ҳам уйим бор, лекин у ерда бир кун туролмайман...

Опа чуқур хўрсинади...

 — Биласизми, ҳаёт ўзи доим мени синаб келган. Оилада 10 фарзанд эдик, онам бевақт вафот этган. Ундан кейин укаларимга ўзим оналик қилганман, ўшанда колхозда оддий ишчи эдим. Трактор ҳайдашни ҳам ўшанда ўрганганман. Кейин ўқиб агроном бўлганман, — дейди, опа.

Суҳбатни давом этирар эканмиз, қаҳрамонимизнинг ўша таърифлаган донор қизи ва куёви келиб қолди. Опа эса «молларимдан, товуқларимдан бир хабар олай» деб шошиб кетди.

— Ҳиндистонда ҳамма нарса тайёр бўлиб, жарроҳлик амалиёти бошланиши олдидан онам тўсатдан ўзгариб қолди. У «қизимни асраб қолинг, уни соғлигини хавф остига қўйманг. Бўлди, операция керак эмас»... деб фарёд ура бошлади. Лекин мен қатъий туриб, амалиётни давом эттиришларини талаб қилганман. Амалиёт бошланди, кўз олдимдан уйда қолган эмизикли чақалоғим, фарзандим ўтган. Шукр ҳаммаси яхши бўлган, — кўз ёшлари билан эслайди опанинг қизи Дилдора.

Ҳа, ҳаёт бизни доим ўзининг кутилмаган синовлари билан «сийлаб» туради. Бу «нозик хилқат» вакилларининг метин иродаси, бардоши барчага ўрнак. Дилором опа ўзининг энг оғир дамларида дардларини ёнидаги Қорадарёга айтган эди. Аччиқ-аччиқ кўз ёшлар юмалаган бу дарёдан ўшандан буён қанча сувлар оқиб ўтди.

Суҳбатни якунлаб, энди қайтамиз деб турсак, «тракторчи» опамиз бизни ҳайрон қолдириб, замонавий «Hyundai» машинасини ҳайдаб келиб қолди: «Сизларни ўзим кузатиб қуяман. Бу далаларда адашиб қолманг тағин». Йўл-йулакай опанинг айтиб беришича, Ҳиндистондан келгач, барча ишларини бошидан бошлабди... Ҳозир камида 20 нафар ишчига раҳбарлик қиларкан. «Ўндан ортиқ техникаларим, юз гектар ерим бор», дейди.

Ҳа, у тақдирини шу ер билан боғлаган. Меҳнатни заҳмат эмас, бахт деб билади. Балки шу турмуш тарзи уни бахтга — бой, дардга — қашшоқ этаётган бўлса не ажаб.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг