«Оқ атиргуллар» фанатизми… Миллионлаб ёшларни ақлдан оздирган Юрий Шатунов (видео)
80-йиллар охирларида собиқ иттифоқ мамлакатлари фуқароларининг ҳар бешинчисида, яъни миллионлаб ёшларда «Оқ атиргуллар» фанатизми авж олади.
Ўшанда биргина қўшиқ сабаб, ёш қизлар ақлдан озар, ҳатто ўз жонига қасд қилар эди. Юрий Шатунов — кечагина унинг ўзи болалар уйида ўзгалар эътиборига муҳтож ўсган бўлса, энди лаҳза унинг эътибори учун мухлислар ҳамма нарсага тайёр эди.
Саҳнада «Ласковый май», дейишлари билан, гўёки нафас олишлар, юраклар зарблари бир он тутилиб: бутун онг, шу лаҳзалар учун муаллақ туриб қолар, бутун идрок фақат ўша оҳангларга оҳанрабо бўларди.
Буёғи эса собиқ иттифоқ тузуми. Гўё соат миллари каби аниқ ва реал ҳаёт тарзи. ГОСТ тартибидаги идоралар назоратидаги қолипланган, қатъий тизим. Ўшанда гўё совуқ муз қоплаган бу борлиқда, Шатунов қўшиқлари ўзига хос «портлаш» ҳосил қила олганди. Ҳеч ким англолмаган ғайритабиий услубда куйланган қўшиқлар, гўё муз қаридан унган майсадек, илиқ, ёқимли, латиф ва жозибали эди. Унинг ўзи эса эртаклардаги шаҳзодалар каби эркатой, севимли бўлиб, барчани сеҳрлаб олганди.
Аслида ўша эртак ибтидоси, 1973-йили Россиянинг олис қишлоғида жажжи Юрийнинг дунёга келиши билан бошланган эди. Миттигина қаҳрамонимиз катта ҳаётда, синовлар остида қолади. Онасидан эрта айрилади, оғир жудоликдан сўнг бироз бувисининг қарамоғида яшайди. Кейин болалар уйига кўчиб ўтади. Бу мажбурий кўчишлар орқали тақдир уни қалин ўрмонлар ва дарахтлар соя солган ўлкаларга элтса-да, у ҳеч қачон сояда қолишни истамас эди. У доим тақдир сояларидан қочар, толенинг инъоми ялт этган илинж ҳам унга катта нажотдек эди. Ҳаёт эртаги унга синовлар бериб, оғир лаҳзаларда синаса-да, кичик вужудига катта истеъдод ва мўъжизакор сеҳр жо этган эди.
Болалар уйининг хирагина ойнасидан термилиб, маъюс куйлайдиган болакай, бир кун келиб ўз қўшиқларини бутун ер сайёраси бўйлаб тинглашларини орзу этар, албатта у ўз эртагида бунинг амалга ошишига ишонар эди.
1986 йилда ёш Юра Оренбургдаги мактаб интернатида, ўз истеъдодини намоён бўлишида катта сабабчи бўлган Сергей Кузнецов билан учрашади. Шу аснода тарихий ижодий ҳамкорлик бошланади. Ўша мактабнинг мўъжаз хонасида сеҳрли ижод машинаси ишга тушиб, «Ласковый май» гуруҳига асос солинади ва дастлабки шедеврлар, оддий ҳаваскор студияда ёзилади. «Кўҳна ўрмон», «Оқ атиргуллар», «Ёз», «Кулранг тун»...
1986 йил. Қиш кунларининг бирида Оренбург темир-йўл станциясида янги қўшиқ жаранглайди. Ёқимли овоз, янгича аккордлар илк ритмларданоқ барчани асир этади. Кассеталар эса соатлар ичида талаш бўлиб кетади ва эртасигаёқ бу қўшиқ ижрочиси шаҳарнинг юлдузига айланади. Тез орада унинг қўшиқлари бутун Россия бўйлаб, оммалаша бошлайди.
Шу тарзда анча танилиб қолган гуруҳ «Оқ атиргуллар» альбомини 1988 йилда, Москвадаги профессионал студияда ёзади ва шу йилнинг ўзидаёқ катта гастроль сафарини бошлайди. Ўшанда миллионлаб ёшлар уни ўйлар, у билан бирга кўйлар, рақсга тушар, тунларини бедор ўтказар, гўё барчанинг онгида Юрий Шатунов эди. У эса ҳали мактаб ёшидаги ўсмир бола эди.
Айтишларича, ўша пайтлар собиқ иттифоқ давлатларида учта нарсага навбат бор эди: Иссиқ нонга, янги сутга ва «Ласковый май» аудио кассеталарига. Демак, Шатунов куйлаган қўшиқлар, энг зарур ҳаётий воситалар қаторида эди. Юра эса шу тарзда ўз эртагидаги фаришталар қанотида юксакларга парвоз этарди.
Шу аснода ижодий юксалишлар, машҳурликнинг чўққилари давом этади, қаҳрамонимиз 1996 йилдан бошлаб, ижодини Германияда давом эттиради. Бироз ижодий чекинишдан сўнг 2004 йилда «Қўрқма» номли қўшиғи ва альбоми билан яна мухлисларини ларзага солади.
2009 йилда у ҳақдаги фильм суратга олинади. 2015 йилда эса қаҳрамонимиз Россия шоу бизнесига қўшган ҳиссаси учун «Саундтрек» мукофотига сазовор бўлади. У шу тарзда соғинган мухлисларини ўзига хос ҳадялар билан сийлаб турарди.
2022 йилда эса янги альбом тақдимоти ва мухлислар учун катта концерт дастурларини тақдим этади. Уни соғинганлар, уни севадиганлар Юра куйлаган қўшиқлардан ва ёшлик тараннумларидан доим таскин топарди. Унинг кўпчилик томонидан ёшлик тимсоли деб эътироф этилиши, беғубор навқиронликни мангу ўзида ва қўшиқларида сақлаб қолганидадир. У 90-йиллар авлодларига ана шундай чексиз эйфория дамларини улашган эди. У ёшлик, муҳаббат, биринчи дил изҳори, илк учрашув каби оний лаҳзалар нафаси ва тимсоли эди. Юрий яратган шедеврлар инсон онгига бир зум бўлса-да, борлиқнинг сирли инъомини ҳадя этган эди.
2022 йил 23 июнь. Бевақт ўлим ёшлик ва беғуборлик, севги тимсоли бўлган беқиёс истеъдод соҳибини 49 ёшида ҳаётдан олиб кетади.
Қаҳрамонимиз ўз интервьюларида муҳаббат ва ҳаёт ҳақидаги кўп саволларга, 50 ёшимдан кейин жавоб бераман, дерди. Афсус бу саволлар энди мангу жавобсиз қолиб кетди.
Гўё у ўзи билан, ўша ўрта ёшлилар кўнглидаги навқиронлик таскини ва умидини ҳам олиб кетгандек... Аммо умр эртаги ниҳоясига етган бўлса-да, унинг қўшиқлари қалбимизда барҳаёт яшаб қолаверади.
Юрий Шатунов умр бўйи куйлаган оқ атиргуллар эса, тоабад у билан. Гарчи унинг қабри пойида бўлса ҳам.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter