«Пахтакор» Элит ОЧЛ 1/8 финалига йўл олди

Биринчи марта ташкил этилган ОФК Элит Чемпионлар лигасида қатнашган «Пахтакор» турнирнинг 1/8 финалига чиқди.
«Пахтакор» сўнгги турда «Ас-Садд»ни 2:1 ҳисобида енгиб, турнирдаги илк ғалабасини нишонлади. Жамоага ғалаба келтирувчи ҳар икки голни колумбиялик ҳужумчи Брайан Риаскос ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
Бироқ ўзбек жамоасининг кейинги босқичга чиқиш масаласи бошқа ўйинларга боғлиқ эди ва уларда «Пахтакор» учун керакли ҳисоблар қайд этилди. Хусусан, муддатидан аввал плей-оффга йўл олган Саудия Арабистони грандлари сўнгги ўйинда ютқазишмади ва ўз-ўзидан вакилимиз учун 1/8 финал эшиклари очилди: «Ан-Наср» «Персеполис» билан дуранг (0:0) ўйнади, «Ал-Аҳли» эса «Ал-Ғарафа»ни енгди (4:2).
8 ўйиндан сўнг 7 очко тўплаган «Пахтакор» камида 8-ўриндан (12 жамоадан 8 таси чиқади) пастга тушмайдиган бўлди ва Элит ОЧЛ плей-офф босқичида ўйновчи илк ўзбек клубига айланди. Нимчоракфиналдаги рақиб «Ал-Ҳилол» ёки «Ал-Аҳли» бўлади.
Шу тариқа Ғарб минтақасида 7 та йўлланма эгаси аниқ бўлди: «Ал-Аҳли», «Ал-Ҳилол», «Ан-Наср» (барчаси — Саудия Арабистони), «Ас-Садд», «Ар-Райян» (иккаласи — Қатар), «Ал-Васл» (БАА) ва «Пахтакор» (Ўзбекистон).
Сўнгги 8-иштирокчи Эрон жамоаси бўлади. Бугун, 18 феврал куни Жалолиддин Машарипов ўйнайдиган «Истиқлол» «Ар-Райян»га ютқазмаса кейинги босқичга чиқади, «Истиқлол» мағлуб бўлган тақдирда Остон Ўрунов ва «Персеполис» плей-оффда ўйнайди — ҳар икки ҳолатда ҳам ўзбекистонлик футболчи турнирдаги иштирокини давом эттиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter