Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Афғонистонга Марказий Осиёнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида қарайди

Ўзбекистон Афғонистонга Марказий Осиёнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида қарайди

Фото: Бош вазир матбуот котиби

Жорий йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди.

Фото: Бош вазир матбуот котиби

Ташриф доирасида Қобул шаҳрида Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ханафий, Бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва Ташқи ишлар вазири Амир Хон Мутакий билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Фото: Бош вазир матбуот котиби

Унда давлатларимиз ўртасидаги алоқалар дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асослангани, Ўзбекистон Афғонистонга Марказий Осиёнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида қараши қайд этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Афғонистонда амалдаги ҳукумат билан халқаро мулоқот ўрнатилмаса, ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлаганлар.

Айнан Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 2022 йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида алоқаларни ўрнатишда Афғонистон алоҳида ўрин тутиши эътироф этилган.

Шу маънода, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Афғонистоннинг муваққат ҳукумати билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқотни йўлга қўйган.

Учрашувларда ана шу тамойиллар асосида Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, мис, темир, нефт-газ конларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, ҳудудлараро муносабатларларни янада чуқурлаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, ўзаро савдо айланмасини жорий йилда 1 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 3 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун ишга солинмаган ресурсларни ўзаро манфаатли асосда амалиётга изчил татбиқ этиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Бунда икки томонлама инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳамда имтиёзли савдо тўғрисидаги битимлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта туртки бериши маълум қилинди.

Бундан ташқари, ўзаро манфаатли мулоқотни мунтазам давом эттириш, муштарак саъй-ҳаракатлар билан икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришнинг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Фото: Бош вазир матбуот котиби

Учрашув сўнгида қатор ҳужжатлар имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг