Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Япония ТИВ Марказий Осиё билан ҳамкорлик истиқболини юқори баҳолади

Япония ТИВ Марказий Осиё билан ҳамкорлик истиқболини юқори баҳолади

Эртага, 9 август куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Ушбу муҳим сиёсий ҳодиса муносабати билан Япония ташқи ишлар вазирлиги видеоролик тайёрлади. 

Видеолавҳада тарихан Буюк ипак йўли юрагида жойлашган Марказий Осиёнинг беш мамлакати бугун бой табиий бойликлари ва энергия манбалари туфайли шиддат билан ривожланаётгани қайд этилган.

Роликда нафақат иқтисодий, сиёсий алоқалар, балки инсонлараро робиталар ҳам муҳимлиги урғуланган.

Таъкидланишича, Япония минтақа давлатлари билан турли соҳаларда ҳамкорликни янада чуқурлашириш ниятида ва бу борада «Марказий Осиё + Япония» мулоқот формати катта ўрин тутади.

Мазкур мулоқот формати таъсис этилганига бу йил 20 йил тўлмоқда. Япония собиқ ташқи ишлар вазири Йорико Кавагучининг 2004 йил 26 августда Тошкентга ташрифи чоғида ташкил этилган ушбу ноёб формат Кунчиқар ўлка ва Марказий Осиёнинг бешта давлати (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда самарадор платформага айланди.

Ҳозирга қадар «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари даражасида тўққизта учрашуви ўтказилган. Қисқа ва ўрта муддатли вазифаларни белгилаб берган «Ҳаракат режаси» тасдиқланган. Хусусан, 2022 йил декабрь ойида Токиода бўлиб ўтган тўққизинчи йиғилишда Кунчиқар ўлка минтақанинг барқарор тараққиётини таъминлашда ишончли ҳамкор экани, минтақа мамлакатлари иқтисодиёти, саноат ва инфратузилма модернизациясига салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланган.

Жорий йил бошида Тошкентда ташкил этилган Ўзбекистон–Япония бизнес форумида таълим, ахборот технологиялари, муқобил энергетика ва тиббиёт, геодезия ва картографияда космик технологиялардан фойдаланиш соҳаларида 14 та ҳужжат имзоланган.

«Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммитида етакчилар қаторида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Фумио Киcида иштирок этади. Аввал хабар берганимиздек, Япония ҳукумати раҳбари минтақага сафари доирасида Ўзбекистонга ҳам ташриф буюради.

Ўзбекистон ТИВнинг «Дунё» ахборот агентлигига кўра, Остонада давлат раҳбарлари даражасида бўлиб ўтадиган«Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммити сўнгги йигирма йилликдаги муносабатларни сарҳисоб қилиш, шунингдек, яқин ва ўрта муддатли истиқболда турли соҳаларда ўзаро манфаатли шериклик стратегияси ва янги йўналишларни белгилаб олиш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг