Туризм ривожи учун муҳим жабҳада энг яхшилар аниқланди

Юртимизга туристлар оқими ошиб боряпти, шунга яраша инфратузилмани яхшилашга ҳам талаб катта. Туристлар ташриф буюрадиган объектлар ва йўл бўйларида санитария-гигиена шохобчаларини барпо қилиш зарурияти борган сари ошяпти.
Туризм қўмитаси ташаббуси, маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорликда олиб бораётган ишлар натижасида ҳудудлардаги санитария-гигиена шохобчаларида вазият бирмунча яхшиланди. Буни ҳаттоки чет эллик туристлар ҳам эътироф этмоқда.
2017-2025 йиллар мобайнида республика бўйича 10 мингдан ортиқ санитария-гигиена шохобчалари ҳозирги замон талаблари асосида янгидан қурилди ва қайта таъмирланди. Уларнинг деярли 50 фоизи барча турдаги ёқилғи қуйиш станциялари ҳиссасига тўғри келади.
Тадбиркорлик ва маҳаллий ҳокимликларга намуна сифатида кўрсатиш учун Туризм қўмитаси томонидан республикамизнинг деярли барча ҳудудларида 50 тадан ортиқ намунавий санитария-гигиена шохобчалари қурилди ва давлат ижтимоий шериклик шартлари асосида фойдаланиш учун тадбиркорлик субъектларига топширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги 793-сонли қарори қабул қилинган вақтда ёқилғи қуйиш станцияларининг атиги 20 фоизи замонавий санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланган бўлса, биргаликда олиб борган сайъи-ҳаракатларимиз натижасида ушбу кўрсаткични 95 фоиздан оширишга эришилди.
Бугунги кунда ёқилғи қуйиш станцияларининг 2,9 мингтаси савдо шохобчаларига, 1,7 мингтаси маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига, 550 га яқини тез овқатланиш шохобчаларига, 1 мингтаси бепул Wi-Fi зоналарига эга бўлиб, улардан 1,5 мингдан ортиқ кам таъминланган ва ногиронлиги мавжуд инсонлар бандлиги таъминланган.
2020-2021 йилларда ташкил этган тақдирлаш табирларида ҳар бир ҳудуддан биттадан “Энг яхши АЁҚС” (автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси), “Энг яхши АГҚС” (автомобилларга газ қуйиш станцияси), “Энг яхши АГТКС” (автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси) танлови автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари томонидан жуда ижобий кутиб олинди ҳамда улар ўртасида ижобий маънодаги рақобатни юзага келишига сабаб бўлиши натижасида аҳоли ва туристларга қўшимча хизматлар кўрсатиш сифатининг янада ошишига олиб келди.
Бу йилги ўрганишлар натижаларига кўра Республика ва Ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси бўйича ва ҳар бир ҳудуддаги “Энг яхши”лар яна эътироф этилди.
2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинганига ҳамоҳанг ҳолда Ўзбекистон Республикаси бўйича ЭНГ ЯХШИ “ЯШИЛ ЭКОЛОГИК ҲУДУД”ли ёқилғи тарқатиш станцияси ҳам аниқланди ҳамда бошқаларга ҳам намуна сифатида тавсия қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter