Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистонда экологик ва туризм маданиятини оширишга қаратилган тадбир бошланди

Қорақалпоғистонда экологик ва туризм маданиятини оширишга қаратилган тадбир бошланди

Айни дамда Қорақалпоғистон Республикасида «Орол туризми» халқаро ҳафталиги доирасида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро конференцияси бошланди. Конференцияда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бош прокуратура, Туризм қўмитаси вакиллари, шунингдек, экологияга оид институтлар, таълим муассасалари мутахассислари, хорижлик экспертлар ва бошқалар иштирок этмоқда.

Конференция очилишида Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табригини вазирлик бўлим бошлиғи Заррина Абдуллаева ўқиб эшиттирди.

«Сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудида бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Орол денгизининг қуриб қолган қисмида экотизимни яхшилаш, мавжуд биохилмахилликни сақлаб қолиш, илмий тақиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш, экологик фожиа оқибатларини юмшатиш ҳамда бартараф этиш учун тизимли инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифаларидан ҳисобланади. Ўйлайманки, конференция натижалари Орол денгизи муаммолари ва уларни илмий асосда ўрганиш ўзининг ижобий натижасини бериб, келажак авлод учун муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ўзгаришлар учун омил бўлади», – дейилади табрикда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов эса ҳудудда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.

Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев соҳага оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш борасида Экология вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали ишлар олиб борилаётганини қайд этди.

Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниязов конференция давомида экологик муаммоларни ҳал қилишда ёшлар катта куч эканлигини айтиб ўтди.

Конференцияда мутахассислар томонидан Оролбўйида дарахтзорларни кўпайтириш, шўрланишни камайтириш, чўлланишнинг олдини олиш, ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш, бу борада таълимни кучайтириш ва малакали кадрлар тайёрлаш, иқлим ўзгариши масалалари каби долзарб экологик лойиҳаларга эътибор қаратилмоқда.

Маълумот учун, ҳафталик доирасида экологик ва туризм маданиятини янада ошириш мақсадида қатор тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, Хўжайли туманида жойлашган қадимий Миздахкон комплекси, Савицкий номидаги давлат санъат ҳамда тарих музейлари ҳамда «Қорақалпоқ этно аул» туризм марказига экскурциялар уюштирилди. Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш акцияси, «10 минг қадам» жамоатчилик лойиҳаси (пиёда юриш марафони), «Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар» халқаро гастрономик фестивали, талабалар ўртасида бадминтон спорт тури бўйича мусобақа ҳамда «Open-air» концерт дастури ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг