Тошкент вилоятида 32 гектар ерни 2,4 млн долларга пуллаётган шахс қўлга тушди

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Оҳангарон туманида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 2 млн 400 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 500 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида олган вақтида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Янгийўл туманида яшовчи, 1974 ва 1978 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 48 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг АҚШ доллари ҳамда кадастр ҳужжатларини ҳал қилиб бериш эвазига 8160 АҚШ доллари талаб қилишиб, шундан 64 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган шахс Сув хўжалиги вазирлигининг «Аму-Сурхон» Ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Шеробод туманидаги Мелиоратив экспедиция балансида бўлган 20 сотих ер майдонини ҳамда 1961 йилда туғилган маҳаллий фуқарога тегишли, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 45 сотих ер майдонини жами 60 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, 56,7 минг АҚШ доллари ва 43 млн сўм олган вақтида ДХХ, ИИВ ҳамда ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланди.
Хоразм вилоятининг Урганч туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган шахс мазкур тумандан оқиб ўтувчи Шовот канали бўйида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 45 минг АҚШ доллари ва 13 млн. сўм олган вақтида ДХХ ҳамда ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter