Сирдарёда даҳшатли қотиллик содир этган собиқ ИИБ ходимига ҳукм ўқилди
Сирдарё вилоятида уч кишини ўлдириб, улар яшаган уйга қўшиб ёқиб юборган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда суд ҳужжатларига асосланиб Kun.uz хабар берди.
Сирдарё туманида ўзига олдиндан таниш бўлган аёлни пилка ёрдамида, унинг ёш фарзанди ва кекса онасини эса бўғиб ўлдирган ҳамда жиноят изини йўқ қилиш мақсадида марҳумлар мурдаси ётган хоналарни ёқиб юборган шахсга ҳукм ўқилди. Қотиллик қурбони бўлганлар – аёл 39, ўғли 12 ва онаси 73 ёшда бўлган.
Суд ҳукмида келтирилишича, жиноятни 1989 йилда туғилган М.Ш. содир этган. У 2022 йил январ ойидан Сирдарё вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ махсус қабулхона навбатчилик қисми инспектори лавозимида ишлаб келган ва 2023 йил декабр ойида ўз аризасига асосан лавозимидан озод қилинган.
Маълум бўлишича, қотил аёл билан таниш бўлган ва у билан маълум муддат бирга яшаган.
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг ҳукмига асосан Мухтор Шарафбаев Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «в» банди, 97-моддаси (қотиллик) 2-қисми «в, р» бандлари, 169-моддаси (ўғрилик) 1-қисми ва 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter