Шоҳаншоҳнинг парвози ва инқирози
Болливуд дунёсида ўзига хос муносиб из қолдирган, қаҳрамонлари ғам-андуҳга берилиши билан томошабинлар қалбини забт этган актёрлардан бири Ражендра Кумардир. У ғам-ғусса, изтиробни шу қадар намоён эта олардики, мухлислар беихтиёр йиғлаб юборишарди. Нима бўлганда ҳам, ўтган асрнинг 60-йилларида Ражендра Кумарнинг экрандаги кўз ёшларини кўриш учун аёлларнинг тенг ярми барча ишга тайёр эдилар. Афсоналарга кўра, болалигида Ражендра Кумарни чангалзорда заҳарли қўнғиз чаққан, шундан сўнг у бор дард, андуҳларини қаҳрамонларида жо этган экан. Бу ҳақиқатга қанчалик яқинлиги номаълум бўлса-да, бироқ актёрнинг роллари олтин меросга айлангани бор гап...
Узоқ етти йил...
Ражендра Кумар (Тулли) 1929 йил 20 июлда Ҳиндистоннинг Сиалкот (Ғарбий Панжоб) ҳудудида таваллуд топган. Ҳиндистон иккига бўлингач, у таълим олишни Деҳлида тугатди. Шундан сўнг кўп сонли Кумарлар оиласи Бомбейга кўчиб ўтди. Ёш Ражендра омад қушининг думидан тутиш умидида кеча-ю кундуз кино майдонидан чиқмасди.
Унинг иштирокидаги энг биринчи киноасар унча-мунча киноасар бўлмай, Дилип Кумар ва Наргис ижросидаги «Mela» (1948) номли хит фильм эди. Мазкур картинада Ражендра кичкина роль ижро этди. «Mela» Дилипни юлдузга айлантирди, Ражендрани эса ҳеч ким илғамади. У режиссёр Х.С.Равайлнинг ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлади ва Кидар Шарманинг «Jogan» (бош ролларда ўша Дилип Кумар ва Наргис) фильмида яна эпизодик ролни ижро этди. Шундай қилиб, узоқ етти йил керак бўлди. Ниҳоят Ражендра «Vachan» (1955) фильмида бош қаҳрамонни ўйнади. Шу ондан эътиборан у ўзини замонасининг истиқболли актёри сифатида эълон қила бошлади.
Режиссёр Маҳбуб Ражендрани оламшумул «Она Ҳиндистон» лойиҳасига таклиф қилди. У Наргиснинг унча аҳамиятли бўлмаган «яхши ўғли» ролини ўйнаши керак эди. Фильмдаги «ёмон ўғил» эса кенг қамровли роль бўлиб, ёш актёр Сунил Даттга насиб этди. Ражендра Кумар ўз ролини қойилмақом қилиб ўйнади.
1959 йили суратга олинган «Gunj Uthi Shehnai» фильми уни катта лига актёрлари сафига олиб чиқди. Ражендра Кумарнинг маъюс қиёфаси, майин овози ва қалбларни титратувчи кўз ёшлари (глицеринли шиша идишдан фойдаланишга ҳожат қолмасди) таъсирчан кино мухлисаларининг юрагини эзиб юборди.
1960 йили киноюлдуз Садхана режиссёр Х.С.Равайлнинг «Меге Меhbооb» фильмида роль ижро этиш учун шартнома имзолашга иккиланиб турганида Хришикеш Мукержи таклифни қабул қилишни маслаҳат берди. Буни эса оддийгина изоҳлади: лойиҳада Ражендра Кумар иштирок этар экан – муваффақият таъминланди, дегани! Ўша вақтларда Ражендранинг юксак фильмларни танлаш бобидаги ўткир ақл-заковати борасида афсоналар юрарди.
1959–1966 йиллар мобайнида Ражендра Кумар фавқулодда муваффақиятга эришди. Унинг иштирокидаги «Dil Ek Mandir», «Arzoo», «Sasurаal» ва, шубҳасиз, «Чангда қолган гул» ҳамда «Сангам» юз фоизли хитларга айланди ва актёрга «Юбилейли Кумар» номини олиб келди. У «олтин экран»нинг етакчи қаҳрамонлари – Мала Синх, Садхана, Вижаянтимала, Сайрабону, Мина Кумари ва бошқа актрисалар билан бетакрор роллар ижро этди.
Афтодаҳол қаҳрамонлар
Панжоблик оддий йигитча ўн йил давомида Бомбей киноиндустриясининг энг бадавлат кишиларидан бирига айланди. Уни «шоҳаншоҳ Мидас» дейишар – актёр экранда шунчаки пайдо бўлиши билан фильмни шлягерга айлантирар ва продюсерларга мисли кўрилмаган пуллар оқиб келарди. Ражендра нимагаки тегинса, олтинга айлантирадиган афсонавий шоҳга ўхшарди.
Умуман, 60-йиллар мелодрамасини Ражендра Кумарсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мухлислар Шамми Капурнинг исёнкорона асовлиги ва Ражендранинг ўртагувчи роллари ўртасида талвасага тушишар, бу борада Р.Кумар ижро этган қаҳрамонларнинг хонимларга назокат ила муносабатда бўлиши устун келарди. Кўп ўтмай, у мақсадига етди: ҳис-ҳаяжонга лиммо-лим қаҳрамон-ошиқнинг амалда рақобатчилари йўқ эди.
Ражендра янги чўққиларга рўпара қилган муваффақият тўлқини бўйлаб кетувчи оқимга кирган эди. «Sasuraal» ва «Gharana» оилавий мелодрамалари (ҳар иккиси ҳам 1961 йили ишланган) ҳинд экранидаги бош аламдийданинг нуфузини мустаҳкамлади. Психиатрлар асаби заиф мижозларга мазкур киноасарларни томоша қилишни тавсия қилишган. Бу – факт! Яъни, томошабинлар залидаги осудалик қўйнида йиғлаш – дунёдаги энг яхши терапия!
Худди ўша йили «Чангда қолган гул» экранларга чиқди. Ушбу фильм ҳам томошабинлар қалбини сел қилиб юборди. «Чангда қолган гул»даги инсонпарварлик, олижаноблик туйғулари ва меҳр-оқибат тушунчалари миллионлаб томошабинларда чуқур таассурот қолдирди. Орадан икки йил ўтиб, Ражендра Кумар иштирокидаги «Dil Ek Mandir» фильми янада сермазмун, таъсирли чиқди. Ражендранинг қаҳрамони севгилиси ва собиқ эрининг бахти учун ўзини қурбон қилади.
Алхусус, 60-йилларда экрандаги муҳаббат учбурчаклари Ражендрасиз камдан-кам суратга олинган. Икки йигит ва бир қиз ўртасидаги эҳтирослар жўш урган битмас-туганмас сюжетга эга фильмлар мухлисларни оҳанрабодек ўзига тортарди. Бундай киноасарлар жуда кўп: «Меге Mehboob» (Садхана ва Амита), «Ауее Milan Ki Bela» (Сайрабону ва Дхармендра), «Ҳаёт» (Вижаянтимала ва Раж Капур), «Arzoo» (Садхана ва Феруз Хон) ва шу каби мавзуларнинг энг чўққиси ҳисобланган бебаҳо «Сангам» (Вижаянтимала ва Раж Капур)...
Раж Капур «Сангам»даги Гопал ролига дастлаб фожиалар қироли Дилип Кумарни таклиф қилмоқчи эди. Раж билан «Минерва» кинотеатрида арзонга тушмаган тушлик зиёфатлари туфайли Ражендра «бадбахт бечора Гопал»ни ўзига сўраб олди. Бирма тилида «мурхур» деган сўз бўлиб, ҳаётга мослаша олмаган шўрлик, мавжудотни англатади. Ҳеч ким ижро эта олмаса-да, айнан Ражендра бундай мурхурни экранда гавдалантириш ва томошабинларнинг кўз ёшини Ганг сувларидай оқизишни жуда яхши биларди. Айтилдими – бажариш керак!
Фильм давом этадиган уч соат мобайнида бечора Гопал томошабиннинг шундоқ кўзи олдида сўна боради. У паришон нигоҳи билан боқади, ғамгин қўшиқ куйлайди, пировардида эса афтодаҳол бўлиб ўзининг юрагига қарата ўқ узади. Бу тарздаги азоб-уқубат афсонага, беғараз, фидокорона муҳаббат эса Болливуддаги кучли ҳалқага айланади.
Кураш, шон-шуҳрат, муҳаббат ва хасталик
Яна ўша Вижаянтимала билан «Suraj» фильмидан сўнг Ражендра Кумарнинг оғир дамлари бошланди. Унинг иштирокидаги «Аman» ва «Palki» (1967), «Jhuk Gaya Aasmaan» ва «Saathi» ёки «Shatranj» (1969) томошабинларга фақат тасаввурнинг ғойиб бўлган андуҳлари ва бош оғриғини берди. Ражендра «Anjana» (1969) ҳамда «Talash», «Geet», «Ganwaar» (барчаси 1970 йилда суратга олинган) фильмларида иштирок этмай, қисқа фурсатли таътилни маъқул кўрди. Айни шу дамда янги кўркам актёр – Ражеш Кханнанинг экранда пайдо бўлиши аёллар қалбини худди айланиб турадиган вентилятор каби бошқа томонга буриб юборди. Ражендра нафақат ўзига тегишли ролларни, балки узоқ вақт муносиб жой эгаллаш учун курашиб келган офтоб остидаги жойни ҳам унга топширганини билмаган эди.
70-йилларнинг бошлари Ражендра Кумарнинг ўз истеъдодини беҳуда сарфлашига сабаб бўлди. Унинг Хема Малини билан жуфтликда ижро этган «Gora Aur Kala» (1972) фильмидан ташқари ўн битта киноасар таназзулга учради. Ражендра эпизодик роллар билан чекинишга мажбур бўлди. Фақат 1978 йили «Saajan Bina Suhaagan»да ижро этган кутилмаган бош роль унга омад олиб келди, холос. Аввалги «шоҳаншоҳ Мидас» нуфузи тикланди, бироқ, афсуски, Ражендрага бу тахтда узоқ вақт ўтириш насиб этмади.
Жимжитлик бошланди. Амитабх Баччан, Шаши Капур ва Винод Кханна экранга ҳукмронлик қилиб турган бир паллада Ражендра Кумар ўз вақтини хотини Шукла ва уч нафар фарзанди – ўғли Манужа (Кумар Гаурав), икки қизи билан ўтказди ва нима қилиш кераклиги ҳақида чуқур ўйга берилди.
Узоқ мулоҳазакорликнинг маҳсули 1981 йили экранларга чиққан, бош ролни Гаурав ижро этган «Муҳаббат тарихи» фильми бўлди (Дэнни, Амжад Хон ва Аруна Ирани иштирокида). Мазкур киноасар Ражендра Кумарнинг оққуш қўшиғи бўлиб, ўзи режиссёрлик қилган ва шов-шув келтириб чиқарган эди. Ачинарлиси шундаки, «Муҳаббат тарихи» унинг томошабинлар қалбидан чуқур жой олган охирги киноасар бўлиб қолди. Ражендра «шоҳаншоҳ Мидас» нуфузидан айрилди: Гаурав билан кейинги лойиҳалар унга фақат зиён келтирди.
1998 йилгача Ражендра Кумар кинода кичик роллар ижро этди. Иштирокидаги сўнгги фильм эса «Замин» бўлиб қолди.
1999 йилнинг 12 июлида Ражендра Кумар суяк саратонидан вафот этди (айрим манбаларда айтилишича, 29 июлда – етмиш йиллик юбилейидан тўққиз кун ўтгач, ҳаётдан кўз юмган). У умри мобайнида бир марта ҳам дори истеъмол қилмаган ва тақдирнинг мўъжизакор ҳазили туфайли қаҳрамонларининг кулфат-аламларини ҳақиқатда ўзининг бошидан ўтказган.
Кураш, шон-шуҳрат, муҳаббат ва хасталик – Ражендра Кумар ҳаммасини кўрди. Унинг ҳаёти ўзи абадул-абад қолган Болливуд мелодрамаларига ўхшайди. Ражендра Кумар ахлоқий азият, муҳаббат йўлида қурбон бўлиш ва кўз ёшларнинг рамзи бўлиб қолди.
У Ҳиндистондаги энг бадавлат кишилардан ҳисобланган ва хайрия учун жуда кўп пул сарфлаган. Ражендра Кумар фалсафа доктори унвонига ҳам эга бўлган.
Ота ишининг давомчиси
Ражендра Раж Капур оиласи билан яқин дўст эди. Ҳар икки ота-она фарзандлари Кумар Гаурав ва Римани никоҳлаш орзусида эдилар. Аммо ёшлар бунга қарши чиқиб, ота-оналарининг дўстлигига нуқта қўйилди.
Ражендранинг ўғли, актёр Гауравнинг шахсий ҳаёти маромида. Уйланишига қадар эса миш-мишлар оралаган эди. Гап шундаки, фильмдаги ҳамкор актриса Вижаента Гауравни севиб қолди. Бу бежиз эмас: Кумар бугунги кунга қадар кўркамлигини сақлаб қолган. Вижаента унга турмушга чиқишни хоҳларди, бироқ Кумарнинг отаси Ражендра, номаълум сабабларга кўра, бунга қатъиян қарши чиқди. Оқибатда актриса бастакор Адеш Шриваставга тегиб кетди.
Кумар Гаурав эса Болливуд афсонаси машҳур Сунил Даттнинг қизи Намратага уйланган. Уларнинг икки нафар фарзанди бор. Бу оилага бегона кўзлар олайиб қарамайди. Отасининг вафотидан сўнг (2005) Намрата икки қизининг тарбияси билан машғул бўлди.
Йиллар ўтаётир. Афсонавий Ражив Кумарнинг ўғли Кумар Гаурав кўзойнаксиз юра олмайди – кўриш қобилияти паст! Энди романтик ролларни ўйнаши даргумон. Дарвоқе, у режиссёр Санжай Лила Бхансалига соқов қиз ҳақидаги фильмини «Зулмат» деб номлашни таклиф қилган (Амитабх Баччан, Рани Мукержи ижросида). Миннатдорчилик сифатида Санжай Кумар Гауравнинг исмини титрда қайд этди.
– Мен ўзим ишлаган ҳар бир режиссёрдан нимадир ўргандим, – дейди Кумар Гаурав. – Шунга амин бўлдимки, бу ўрганганларим ниҳоятда қадрли экан.
Миннатдор бўлиш – Кумар Гауравнинг фазилатларидан бири. Гарчанд Кумар иштирок этган фильмларнинг барчаси машҳур бўлмаса-да, уни «шоколад шаҳзода» сифатида эслашади. Орзулари ушалмаган бундай қаҳрамонлар ҳеч қачон унутилмайди. Зотан, Болливуд афсонаси Ражендра Кумарнинг ўғли Кумар Гаурав шундай дейди: «Қалбингга қулоқ сол ва нимани муҳим деб ҳисобласанг, шуни амалга ошир».
Акбар Фатҳуллаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter