Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юзлаб шарқшунос олимлар Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллашди

Юзлаб шарқшунос олимлар Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллашди

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг (WOSCU) Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қабул қилинди.

Хусусан, ҳужжатда шундай дейилади:

«Сизнинг бошчилигингизда жорий қилинаётган кўп қиррали ислоҳотлар, жумладан, мамлакатнинг очиқлиги ва халқаро муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш туфайли Ўзбeкистон маданий меросини қайта тиклаш ва оммалаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш имкони яратилди. Биз Сизнинг айнан таълим, мамлакатнинг маданий меросини ўрганиш ва асраш давлатни барқарор тараққий эттириш, маърифатли келажакни қуришнинг кафолати эканлиги борасидаги қарашларингизни қўллаб-қувватлаймиз. Шу туфайли «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» мавзуси Конгресснинг асосий ғояси бўлиб келаётгани бежиз эмас» .

Олимлар мамлакатимиз маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

«Маданий мерос Янги Ўзбекистонни қуриш йўлида мамлакат фаол фойдаланаётган энг муҳим бойликдир. Айнан у миллатнинг маданий кодини асраб-авайлаш ва уни авлоддан авлодга етказиш кафолати ҳисобланади», дея таъкидлаганлар Конгресс иштирокчилари.

Мурожаатда қайд этилишича, «Ўзбекистон маданий мероси» туркумининг 70 жилди, махсус ва оммабоп нашрлар, «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумининг 16 жилди, қадимий қўлёзма ёдгорликлар факсимиле нусхалари ва кўплаб бошқа нашрларни чоп этиш Бутунжаҳон жамиятининг кейинги йиллардаги фаолияти самараси бўлди. Ўзбекистон тарихида илк бор 50 дан ортиқ хорижий тўпламлардаги Ўзбекистоннинг 100 нафар тарихий шахсларига оид 200 дан ортиқ миниатюралар бир нашрда жамлаб чоп этилди. Буларнинг барчаси бевосита Сизнинг шахсан кўрсатган эътиборингиз ва мамлакат ҳукуматининг доимий ёрдами туфайли амалга оширилди».

Шунингдек, олимлар ўз мурожаатида истиқболга мўлжалланган режалари ҳақида ҳам маълумот бердилар.

«Бутунжаҳон жамияти келгусида «Шарқ миниатюрасида Ўзбекистон тарихий шахслари» лойиҳасини давом эттириш, Ўзбекистон мусиқий меросининг «Олтин фонди»ни яратиш, кўп тилли видео-лекторий ташкил қилиш, ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмларни тайёрлаш ва тақдим этиш, миллий минтақавий музейлар тўпламларини нашр қилиш ва бошқа кўплаб ишларни режалаштирган. Ўзбекистон меъморий ва археология ёдгорликлари каталогларини чоп этиш жаҳон илм-фани учун долзарб, деб ҳисоблаймиз ва бу борада ҳукумат ёрдамидан умидвормиз», дейилади мурожаатда.

VII Халқаро конгресс иштирокчилари Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларининг қўллаб-қувватланаётганлиги, маданият ва тарих соҳасидаги олий даражали тадбирларнинг ташкил этилаётганлиги учун миннатдорлик билдириб, Самарқанд сайёҳлик марказидан ҳайратда эканликларини қайд этганлар.

«Биз жаҳон илмий ҳамжамияти учун ниҳоятда муҳим бўлган форумлар, конгресслар ва кўргазмаларни ўтказиш учун кенг имконият яратганингиз учун Сизга чуқур миннатдорлик билдирамиз. Шу кунларда биз Сизнинг ташаббусингиз билан яратилган бетакрор Самарқанд сайёҳлик маркази ва кўҳна Самарқанднинг жозибали «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик боғи билан катта ҳаяжон ила танишмоқдамиз», – дея якунланади Конгресс иштирокчиларининг мурожаати.

Мурожаат Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)нинг «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгрессининг якуний йиғилишида иштирокчиларнинг умумий овоз бериши билан қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг