Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саудия вазири Ҳаж ва Умрага доир рақамларга аниқлик киритди

Саудия вазири Ҳаж ва Умрага доир рақамларга аниқлик киритди

Фото: Xabar.uz

Жорий йилги Ҳаж мавсумида ҳам Ўзбекистонга 15 мингта квота ажратилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа 18 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Имом Бухорий, Хоразмий, Имом Муслим ва яна бошқа ўнлаб алломалар ватани бўлган Ўзбекистонга ҳар гал келганимда ўзгача кайфиятни ҳис этаман. Саудия Арабистони подшоҳлиги бошқа ўлкалардан келаётган мусулмонлар қатори ўзбекистонлик зиёратчиларга ҳам ибодатларни ҳар томонлама тўкис адо этишлари учун шарт-шароит яратишда давом этади. Бу йил Ўзбекистонга Ҳаж учун 15 мингта квота ажратилишига келишдик. Бизни мамнун этаётган жиҳат, ўзбекистонлик Умра зиёратчилари сони ҳам ошиб бормоқда. Масалан, 2024 йилда Ўзбекистондан қарийб ярим миллион нафар киши Умра амалларини адо этди”, – деди вазир Тавфиқ бин Фавзон Рабиа.

Қайд этилишича, 2024 йилда дунё бўйлаб 18 миллиондан зиёд мусулмон Ҳаж ва Умра арконларини бажариш бахтига мушарраф бўлди. Бундан 2 миллиондан зиёдини Ҳаж, 16 миллиондан зиёдини эса Умра зиёратига борганлар ташкил этади.

Саудия Арабистони вазири зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон ваколатли идоралари билан яқин ҳамкорлик олиб борилаётганини қайд этди.

Саудиялик юқори мартабали меҳмонга кўра, унинг ташрифи подшоҳликнинг умрачилар роҳати ва саломатлиги йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини ҳамда Икки муқаддас масжид зиёратчиларига хизмат кўрсатишдаги етакчилик ўрнини акс эттиради.

Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва бошқа мутасаддилар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.

Икки кунлик ташриф мобайнида Раҳмон меҳмонларига юқори даражада хизмат кўрсатиш, Умра тизимини такомиллаштириш, зиёрат хизматини ташкил этувчи ширкатлар ишини яхшилаш, саудиялик авиаташувчиларни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек бозоридаги фаоллигини кенгайтириш каби масалалар муҳокама этилади.

Маълумот ўрнида, Саудия Ҳаж ва Умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа 2022 йил сентябрь ойида ҳам юртимизда меҳмон бўлган, юқори мартабали меҳмонни президент Шавкат Мирзиёев қабул қилган эди.

Ўшанда Саудия вазири подшоҳликда ҳам Ўзбекистондаги тарихий масканларни зиёрат қилишга қизиқиш ошиб бораётганини таъкидлаганди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг