Ўзбекистон халқига қилинган ҳадя – Каъба ёпинчиғи Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади

Жорий йил 19 февраль куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация Президент Шавкат Мирзиёев қабул бўлган ва Подшоҳ Салмон Ол Сауднинг Ўзбекистон халқига ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғи – Кисванинг бир парчасини топширган эди.
Мазкур ҳадя Ислом цивилизацияси марказига жойлаштириладиган бўлди.
Бу ҳақда Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов маълум қилди.
– Каъба ёпинчиғи – Кисва парчасини Ислом цивилизацияси марказига жойлаштириш ҳақидаги Президентимизнинг топшириғи биз учун том маънода тарихий ва шарафли воқеа бўлди.
Бу ҳадя Ислом динининг улуғ алломалари етишиб чиққан юртимиз, халқимиз ва Президентимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунасидир. Биз шу куннинг ўзидаёқ Марказ жамоаси иштирокида ўтказилган йиғилишда бу хушхабарни эълон қилдик. Марказ олимлари ва ижодий ходимлар бундай шукуҳли хабарни мамнуният билан қабул қилиб, давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган юксак эътибори учун ташаккур билдирди, – дейди Фирдавс Абдухолиқов.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра вазири Ислом цивилизацияси марказига ҳам ташриф буюрган ва Марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишган.
Жумладан, подшоҳликнинг Ҳаж ва умра вазирлиги ҳамда ЎзИЦМ ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган музокараларда Ўзбекистонда Ҳаж ва умранинг тарихи, бугунига бағишланган ҳужжатли фильм яратишга келишиб олинди. Фильмда Ислом дини минтақага ёйилишининг илк давридан бошлаб яқин ўтмишгача ўзбекистонлик мусулмонларнинг Ҳаж ва Умра зиёратини амалга оширишида дуч келинган тўсиқлар, қийинчиликлар ва Янги Ўзбекистонда бу борадаги кенг имкониятлар кўрсатиб берилади. Бундан ташқари,фильмда ўзбекистонлик зиёратчилар учун яратилаётган қулай шароитлар, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳам акс эттирилади.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ томонидан нашр этилган Катта Лангар Қуръонининг факсимилеси ва хаттот Ҳабибулло Солиҳ кўчирган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мактубларидан бирининг нусхаси меҳмонларга ҳадя қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter