Қашқадарёда қўриқчи, Бухорода ҳисобчи, Фарғонада газчи қўлга олинди
Ишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Деҳқонобод тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Д.К.» АЖ қўриқчиси М.А. фуқаролар С.У. ва Ё.И.нинг ишончига кириб, уларни ушбу корхонага ишга киритиб қўйиши эвазига 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Бухоро шаҳри бўлими ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Шофиркон туман Тиббиёт бирлашмаси бўлим ҳисобчиси Ю.Ҳ. фуқаро С.З.нинг ишончига кириб, уни ушбу тиббиёт бирлашмасига ишга киритиб қўйиши эвазига 700 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса «Тошлоқтумангаз» газчиси М.М. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб фуқаро А.С.ни ушбу газ таъминоти корхонасига ишга киритиб қўйиши эвазига муқаддам 1,7 млн сўм ва 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланиб, ушбу пуллар ҳисобидан 640 АҚШ долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракалари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter