Жойларда қарийб 2 млрд сўмлик сифати кафолатланмаган дорилар фош қилинди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи, 28 ёшли шахс «Банксеф», «Занасеф», «Гансеф» ва «Гандсеф» номли жами 3 минг 767 дона дори воситаларини 54 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. У дори воситаларини мазкур туманда яшовчи, 28 ёшли фуқародан олган.
ДХХ ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу шахс ҳам муқаддам сотган дорилари учун 26 млн сўм олган вақтида ушланган. Шунингдек, унинг хонадони тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий баҳоси 1 млрд 307 млн сўмлик жами 14 минг 909 дона дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, ушбу дори воситалари – тиббиётда қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар давлат рўйхатидан ўтмаган.
Сирдарё вилояти Ховос туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса шу туманда яшовчи фуқаронинг хонадонидан Хитой давлатида ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган, умумий қиймати 593 млн 142 минг сўмлик 49 020 дона флаконда «Амписул» номли дори воситалари борлиги аниқланган ҳамда уларнинг эгаси ҳисобланган Бекобод шаҳрида яшовчи, 34 ёшли шахс қўлга олинган. Шунингдек, терговга қадар текширув давомида, ушбу дори воситаларини Фарғона вилоятида яшовчи, 1990 ва 1994 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро Тожикистондан божхона назоратини четлаб ўтиб, олиб келганликлари аниқланиб, улар ҳам ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter