Президент 50 нафарга яқин Париж Паралимпиядасида қатнашган спортчи ва мураббийларни мукофотлади
Президент Мирзиёев Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги алоҳида хизматлари, кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда улкан ютуқларни қўлга киритаётгани, хусусан, Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинларида ўзининг азму шижоати ва маҳорати, мустаҳкам ирода ва жасоратини намоён этиб, юқори натижаларга эришгани, терма жамоа сафида муваффақиятли қатнашиб, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшгани ҳамда ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик, сабот-матонат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти учун 49 нафар спортчи ва мураббийлар мукофотланади.
Жумладан:
- «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан – 7 нафар спортчи;
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан – 9 нафар спортчи;
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони билан – 6 нафар мураббий;
- «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан – 1 нафар спортчи;
- «Меҳнат шуҳрати» ордени билан – 2 нафар спортчи, 2 нафар мураббийси ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси;
- «Дўстлик» ордени билан – 6 нафар мураббий ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси бош котиби;
- «Жасорат» медали билан – 5 нафар спортчи;
- «Шуҳрат» медали билан – 2 нафар мураббий, 5 нафар спортчи, 1 нафар Ўзбекистон дзюдо федерацияси психологи ҳамда 4 нафар Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ходими мукофотланди.
Изоҳ: тўлиқ рўйхат билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter