Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида сайёҳлар алмашинуви ошиши кутилмоқда
Кеча Тошкент шаҳрида Вьетнам Республикасининг туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Мазкур форум икки давлат ўртасида сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Вьетнамда тарғиб қилиш ва Ўзбекистон-Вьетнам туризм саноати вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланди.
Форумда Ўзбекистон ва Вьетнамнинг давлат ва хусусий сектор вакиллари, жумладан, ҳукумат вакиллари, бизнес раҳбарлари ва инвесторлар, шунингдек, икки давлатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирда жорий йилнинг 27 октябрь санасидан бошлаб Тошкент ва Вьетнамнинг Фукок ороллари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар фаолияти йўлга қўйилаётганлиги маълум қилинди.
Мунтазам равишда ҳафтада икки маротаба амалга ошириладиган рейслар орқали Вьетнамдан мамлакатимизга сайёҳлар оқимининг оширилиши, шунингдек, учинчи давлат фуқароларининг мамалакатимиз орқали Фукок оролларига етиб олишлари учун қулай имкониятлар яратилади.
«2023 йилда Вьетнам Республикасидан Ўзбекистонга 2 мингга яқин туристлар кириб келган, жорий йилда эса бу кўрсаткич бир неча карра ортиши кутилмоқда. Бунда Ўзбекистон ва Ветнам ўртасида туризм соҳасида йўлга қўйилаётган икки томонлама муносабатларимиз ҳам алоҳида ўрин тутади. Вьетнам давлатида юртингизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганлигини қайд этишим лозим. Бу эса икки томонлама сайёҳлар алмашинувида манфаатлидир», – деб айтиб ўтди Вьетнам расмийси Александра Нгуэн.
Форум давомида Ўзбекистон ва Вьетнам томонлари вакиллари ўртасида B2B форматидаги учрашувлар бўлиб ўтди, унда иштирокчилар туризм соҳасининг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар, Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўргандилар. Форум Ўзбекистон ва Вьетнам сайёҳлик компаниялари ўртасида бир қатор шартнома ва англашув меморандумларини имзолаш маросими билан якунланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter