Ўзбекистон элчиси Макронга ишонч ёрлиқларини топширди
Ўзбекистоннинг янги элчиси Нодир Ғаниев кеча Франция Президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширди.
Расмий маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбатда Франция Президенти Тошкент ва Париж ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳолати ва истиқболини юксак баҳолаган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон 2023 йил ноябрь ойида Самарқандга буюрган расмий ташрифини илиқ таассуротлар билан эслаб, олий даражадаги сиёсий мулоқотни давом эттириш ва Ўзбекистон билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш тарафдори эканлигини таъкидлади.
Франция етакчисига Ўзбекистон элчиси билан бир қаторда яна 20 та хорижий мамлакатларнинг элчилари ўз ишонч ёрлиқларини топширдилар.
Маълумот учун, Нодир Ғаниев 13 июль куни Париж шаҳрига Ўзбекистоннинг янги элчиси сифатида етиб келганди. У шу кунга қадар Ўзбекистоннинг Швециядаги биринчи Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимида ишлаган.
Нодир Ғаниев 53 ёшда. Тошкент давлат шарқшунослик университетини тамомлаган. 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келмоқда. У марказий аппаратда ва мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter