Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбек халқи учун савияли сериаллар керак эмасми? (видео)

Xabar.uz нашри бундан аввал ҳам ўзбек киносида кузатилаётган камчиликлар борасидаги мавзуга қўл урган эди. Зулфиқор Мусоқов билан суҳбатни YouTube каналимиздан томоша қилишингиз мумкин. Бу галги суҳбатдошимиз телевидениеда узатилаётган бир қанча телесериал ва новеллалар муаллифи ва режиссёри – Озод Шамс.

– Сўнгги вақтларда телевидение ёппасига сериал ва теленовелла олишни бошлади, ният яхши, одоб-ахлоқ важида олинаяпти, дейиш мумкин. Лекин ҳар бир олинадиган кино ўзбек халқининг кимлигини кўрсатади. Агар четдан кимдир шу сериалларга қараб хулоса қиладиган бўлса, ўзбекларнинг ярми ўзини эплай олмайдиган боқиманда, қолгани эса фирибгар, аёллари эса енгилтабиат деган хулосага келиши ҳеч гап эмас. Бу борада умумий фикрингиз қизиқ...

– Умумий қилиб айтадиган бўлсам, барчаси шароитга бориб тақалади. Сериал ва теленовелла буюртмачилари бу – телевидение. Мавзу бизда йўқ, чет эл киноларига ўхшаб 18+ киноларни суратга ололмаймиз. Ҳеч илож йўқки, маълум бир доирада айланишга мажбурмиз. Телевидение талаб қўяди, ён-атрофда, маҳалла ва қўни-қўшнингизда юз бераётган мавзуларни кўтариш керак. Биздаги мавзулар нима? Яна ўша қайнона-келин ўртасидаги келишмовчилик ва можаролар.

– Телесериаллар «тарбия бериш» важида олинаяпти, аммо тарбиянинг бошқа усуллари ҳам бор-ку. Яъни, разилликнинг ҳар қандай кўринишини олиб чиқиб, жиноят жазосиз қолмайди деган ғояни илгари суришдан кўра, кучли инсонлар образи орқали тарбияни шакллантирса бўлмайдими?

– Телесериал ва новеллаларни ким кўради? Уй бекалари ва ёши катта аёллар. Уларга эса ақлли сериал керак эмас. Уларнинг бунга вақти йўқ. Улар одатда телевизорни ёқиб қўйиб, ўз ишлари билан банд бўлишади. Агар фикр-мулоҳазага чорлайдиган сериаллар ишлаб чиқарсак, фильмнинг «ечилиш нуқтасида» у бошқа иш билан банд бўлиб, тушунмай қолиши мумкин. Ҳозирги олинадиган мавзуларда кўришлар сони кўп, шунинг учун ушбу йўналишда кетишга мажбурмиз!

– Ижод бу бизнесми? Телевидение оқимга қараб сузиши керакми ёки оқимни бошқара оладиган куч бўлиши керакми?

– Фикрингизга қўшиламан, лекин бу саволни канал директорларига берганингиз маъқулроқ. Барча телеканал раҳбарларига талабни кучлироқ қўйишни таклиф қилган бўлардим. Режиссёр сифатида бир лойиҳа яратдимми, агар унга талаб юқори бўлса, ўз-ўзидан бошқача фикрлашни, ёндашишни бошлайман. Аммо бунинг учун барча телеканалларда бирдек юқори талаб бўлиши керак! Фикр-мулоҳазага чорлайдиган, майда муаммолар билан чекланмаган сериалларни ҳам тақдим этиб кўрганман, лекин афсуски бундай лойиҳаларни қабул қилишмаган.

– Ўзбек телесериаллари савиясига, жумладан, ўз ижодингизни қандай баҳолайсиз?

– 10 баҳолик мезонда ҳозир 3 қўя оламан холос. Яна бир нарсани таъкидлайманки, бизни маҳсулотимизни олаётганлар «қаттиқроқ туриши» керак! Ижодкорга айтайлик 3-4 млн сўмлик сериал олиб бер деса, шунчага олиб беради. 20-25 млн сўм ажратилса, шунга яраша ҳаракат бўлади. Тартиб ва қонун-қоидаси билан ишланса, бир кунда 3-4 дақиқалик эпизод олиш керак ва жуда катта команда талаб этилади. Бизда-чи? 5 кишилик жамоа бориб, 40 дақиқалик серияни бир кунда тасвирга олиб келади. Акс ҳолда у ўзини қопламайди.

— Нега кучли образлар йўқ, ожизлик тарғиб қилинади?

– Агар мен ҳозир кучли образларни акс эттириб, ўзи учун курашадиган қаҳрамонларни олиб чиқсам. Бу каби сценарийни тасдиқлашлари амримаҳол. Зиддиятларни акс эттириш мумкин эмас, томошабинга қасд олишни ўргатиш керак эмас, деган цензураларга учраши табиий. Биз нима қилайлик? Бир доира ичида айланишга мажбурмиз!..

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг