Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбек амалдорлари уч сабабга кўра ишдан олинади...» – Шароф Бошбеков

«Ўзбек амалдорлари уч сабабга кўра ишдан олинади...» – Шароф Бошбеков

Шароф Бошбеков

26 январь куни ўзбек адабиёт оғир жудоликка учради: таниқли адиб, забардаст драматург Шароф Бошбеков 71 ёшида вафот этди. Яратган Эгам бетакрор истеъдод ила сийлаган ёзувчимиздан ичакузар комедиялар, жиддий пьесалар, унутилмас ҳикояю киноқиссалар мерос бўлиб қолди.

Шароф Бошбеков виждони уйғоқ зиёли сифатида миллатимизнинг оғриқли муаммолари хусусида теран публицистик мақолалар ҳам ёзган эди. Эндиликда боқий дунё фуқаросига айланган ёзувчининг «Тафаккур» журналида «Умуртқасиз одам» деган ном билан чоп этилган эссесини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Бу – муаллифнинг вақтли матбуотда эълон қилинган сўнгги мақолаларидан бири бўлса ажаб эмас.  

Ўзбекистонда кейинги 25-30 йил ичида рўй берган ижтимоий-сиёсий эврилишлар ҳақида сўз кетганда, менинг кўз олдимга Танзаниядаги Серенгети пасттекислиги келади. Бу текислик майдони ниҳоятда катта бўлиб, унга Кения давлатининг Масаи-Мара қўриқхонаси ҳам киради. Ушбу гўшада ҳар йили бир марта табиатнинг мисли кўрилмаган мўъжизаси рўй беради. Қурғоқчилик палласида миллионлаб жониворлар ёппасига сув қидириб йўлга чиқади. Акс ҳолда сувсизликдан ҳалок бўлиши мумкин... Бу ғаройиб ҳодиса фанда «буюк кўчиш» деб аталади.

Менинг Ватанимда ҳам Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Америка томонларга «буюк кўчиш» содир бўлди, ҳамон бўлаётир. Эҳтимол, одамларни ҳайвонлар билан қиёслаш ноўриндир, лекин муштарак бир жиҳат бор: иккала ҳолатда ҳам жон сақлаб қолиш учун кураш кетяпти. Ялписига, оммавий кўчиш шу қадар кучайиб кетдики, баъзи қишлоқларда ҳатто тобут кўтаргани тўрт эркак топилмай қолди. Бақувватроқ аёллардан бири тўн устидан белбоғни маҳкам боғлаб, тўртинчи бўлиб тобут кўтарганини эшитганмиз. Нима бу? Иккинчи жаҳон уруши даврида шунақа бўлган: ҳамма юмуш аёллар, болалар ва қарияларга қолиб кетган.  Аммо халқимиз учун ниҳоятда оғир бўлган ўша  йилларда ҳам; қимматчилик, очарчилик, қаҳатчилик йиллари ҳам юртимизда аёллар мардикорликка чиқмаган!

Бу гапларни нима учун айтяпман? Шунинг учунки,  жамиятда ижтимоий-сиёсий аҳвол қандай бўлса, миллатнинг маънавий қиёфаси ҳам шунга мувофиқ бўлади. Зиғирча кам ҳам, кўп ҳам эмас.

* * *

Ҳамма бало ўшанда бошланди. Бир кечада колхоз ва совхоз деган тузилмалар тарқатиб юборилди. Миллион-миллион колхозчилар эрталаб уйғониб қараса, ўша кундан эътиборан ҳеч ким эмас экан! Бир кечада! Колхоз-совхоз тизими молиявий, юридик, ижтимоий жиҳатдан тўлиқ шаклланган тузилма бўлиб, ҳарна, одамларнинг кунига яраб турган эди. Аллақаёқдан «фермер», «офис», «супермаркет», «шеф», «шоу» деган миллатга ёт тушунчалар пайдо бўлди. Бу сўзлар чириб бораётган капитализм дунёсига мансуб деб тушунтирилган эди-ку бизга! Колхоз «фермер хўжалиги»га айлантирилди, биринчи секретарь «ҳоким» деб ўзгартирилди. Хўш, бу билан нима ўзгарди? Ҳеч нима. Ўша «чириб бораётганлар»га кулги бўлганимиз қолди, холос.

Фермерлик нималигини орадан тахминан ўттиз йил ўтиб, энди-энди сал тушунгандек бўляпмиз. Аввал-бошда фермерлик – давлат ерларини пулдорларга сотиш бўлса керак, деб тахмин қилдик. Пули кўп ит ҳам, бит ҳам ер ола бошлади. Чайқовчи ҳокимлар далаларимизни ўнгу сўлга пуллайверди. Натижада порахўрлик, коррупция авжга чиқди, миллионлаб колхозчи ва совхоз ишчилари кўчада қолди. «Ер сотган – эр бўлмас» деган нақлни унутиб, ҳаёт тарзимиз бугунгидек ташвишли аҳволга келиб қолди. Кейин билдикки, фермерлик дегани бутунлай бошқа нарса экан. Ғарбга сажда қилувчиларнинг кўнгли учун, майли, колхоз-совхоз тизими билан бақамти фермер хўжаликлари ҳам ишлайверсин эди. Халқнинг ўзи маъқулини танлаб оларди, ахир. Ўшанда «буюк кўчиш»лар содир бўлмасмиди денг... Ҳайронман, биринчи президентимиз ўзи иқтисодчи бўлатуриб нега бундай йўл тутди экан? Кейин хатосини англаб қолиб, «Янгисини қурмай туриб эскисини бузмаслик керак» деган шиорни ўртага ташлади. Аммо энди кеч, поезд аллақачон кетиб бўлган эди.

Бу ижтимоий тўс-тўполонда айниқса аёлларимизга қийин бўлди. «Темир хотин»даги Қумрининг аҳволи ҳолва бўлиб қолди. Илгари ўзбек аёли деганда кўз олдимизга кетмон кўтарган заифа образи келарди, энди эса ўзидан ҳам катта хўжалик сумкасини кўтарган аёл қиёфаси гавдаланади. Ҳозир айрим одамлар ўғил кўрса севинмайдиган бўлиб қолди, худодан қиз сўрайди. Чунки қиз топармон-тутармон бўлади, оиласини (эрини ҳам қўшиб) боқади. «Боқувчисини йўқотган» деб отаси ўлган фарзандларга эмас, онаси ўлганларга айтиладиган замон келди гўё. Ҳозир ўғилни уйлантирмайдилар, бойваччароқ бир қизга «илиб қўйиш» пайида бўладилар. Ўғил бола бирон ишнинг бошини тутиб, ҳечқурса, ўз қорнини тўйғазса ҳам катта гап бўлиб қолди. Бизнинг замонда бошқача эди, отамиз уйлантириб қўярди – тамом, кейин ўз аравамизни ўзимиз тортар эдик.

Маълумотларга кўра, миллион-миллион ҳамюртларимиз тирикчилик важидан хорижга чиқиб кетган. Уларнинг ҳар бирида икки-уч фарзанд бор. Бу ёғи оддий арифметика. Неча миллион бола отасини кўрмай боши эгик, тили қисиқ, журъатсиз бўлиб ўсяпти?! Бу ёшлардан нима кутамиз? На ўқишининг тайини бор, на тарбиясининг!

Бир вақтлар АҚШ армиясига чақирилган йигитларнинг айримлари аёлсифат қилиқлари, хотинчалиш гап-сўзи билан қабул комиссиясини лол қолдирган экан. Дарҳол бунинг сабабини қидиришга киришилибди. Ҳарбийларга гап йўқ – дарров топишибди. Оилада болани она тарбиялайди, унга қарайдиган энага – аёл, боғчада аёл тарбиячи, мактабда аёл ўқитувчи, олий ўқув юртида ҳам шу аҳвол. Ахир, бола умрида отасидан бошқа эркак зотини кўрмаган бўлса, унда қатъият, мардлик, жасорат каби хислатлар қандай шакллансин?! АҚШ ҳарбийларининг талабига биноан мактаб, ҳатто боғчаларга эркаклар жалб қилина бошлади. Уларга икки-уч баробар кўп маош белгиланди. Шўро мафкурачиларига худо бериб қолди-ку: «Ана, капиталистик мамлакатларда хотин-қизлар меҳнати камситилмоқда!»  Улар парво қилишмади. Кино ва театрларда ҳақиқий эркак образлари пайдо бўлди. Арнольд Шварценеггер, Ван Дамм, Чак Норрис, Сильвестр Сталлоне, Стивен Сигал ва бошқаларнинг жангари қаҳрамонлари ҳарбийлар буюртмасига биноан дунёга келган.

* * *

Мард, жасур, адолатли одам, ҳатто у энг катта раҳбар бўлса ҳам, бировни мақтаб кун кўришни, бола-чақа боқишни ўзи учун ор деб билади. Афсуски, ёшларимизнинг мақта-мақтага мойил «умуртқасиз» тоифаси пайдо бўлдики, кўриб лол қоласиз. Ёшларнинг «умуртқасини тўғрилаш» учун биз ҳам АҚШ ҳарбийлари тутган йўлни танласак ёмон бўлмасди деб ўйлайман.

Биз адабиёт ва санъатда замон қаҳрамонини яратамиз деб чираниб ётибмиз. Лекин сира ўхшамаяпти қурмағур. Ўхшамайди ҳам. Чунки биз мўлжални нотўғри оляпмиз – асарларимиз биносини мақташ ва мақтаниш негизига қуряпмиз. Ваҳоланки, замонавий қаҳрамон деганда ўқувчини (томошабинни) ижтимоий фаолликка ундайдиган образлар тушунилиши керак.

Тунов куни телевизор кўриб ўтирсам, бир шоир бола катталарни мақтаб шеър ўқиди. Ҳали мактаббола бўлган бу йигитчага мақтовбозлик нимага керак бўлиб қолди экан? Ахир, ҳатто Президентнинг ўзи «Ким мени мақтаса – душманим!» деб турибди-ку. Аммо шунда ҳам мақтайверамиз! Жағимиз тушиб қолгунча мақтаймиз! «Бугун сарбонимизни мақтаб шеър ёзолмадим» деб ухлолмай чиққан шоирларимиз қанча! Тўғри, қийин, хийла мушкул. Лекин чидаш керак. Бунинг учун одамда матонат бўлмоғи лозим. Тишингизни тишингизга қўйиб сабр қилинг, шоир иним, бир ухлаб турсангиз кўрмагандай бўпкетасиз!

Мақтайвериб-мақтайвериб, қай аҳволга келдик? Кейин нолиб юрамиз: «Фалончи зулмкор бўлиб кетди, ижод эркинлигини бўғиб қўйди!» Ўзимиз шундай қилиб қўйдик-ку, мақтайвериб ҳоли-жонига қўймадик-ку! Наҳотки, ҳали-бери кўзимиз очилмаса?

Ўтган йил охирида режиссёр Олимжон Салимов Ўзбек давлат драма театрида менинг «Ер барибир айланаверади» деган пьесамни саҳналаштирди. Асар нима ҳақида? Ўзбек амалдорлари учта масалада обрўси бир пул бўлиб, ишдан олинади. Биринчиси ҳаммага маълум иллат – порахўрлик. Иккинчиси – аёллар масаласи (чиройли-чиройли котиба қизлар). Учинчиси – фарзандлар туфайли. Маълумки, катта амалдорнинг боласига ҳеч ким эътироз қилолмайди. Ўғли ёки қизи босар-тусарини билмай юраверади, чунки унинг мушугини «пишт» дейдиган мард анқога шафе.

Мен мазкур асарни ёзиш асносида тўртинчи сабабни ҳам кашф этдим. Бу – мақтов балоси экан. Мақтов радиациядай гап: ҳиди йўқ, таъми йўқ, ранги йўқ, ҳужайра ва тўқималарга сингиб бориб, одамни шахс сифатида ич-ичидан емиради, хароб қилади. Мақталаётган киши ташқаридан одамга ўхшайди, холос, аслида, ичи чириб-ириб кетган бўлади. Энг даҳшатлиси – буни ўзи сезмайди.

Наманган вилоятида «Темир хотин» фильмини суратга олиб юрибмиз. Халқ артисти Наби Раҳимов келадиган бўлиб қолди. Кичкинагина роли бор эди. Наби аканинг ташрифидан хабар топган вилоят, туман раҳбарлари типирчилаб қолишди-ку! Ҳали у ёққа учрашувга олиб кетиб қолишади, ҳали бу ёққа зиёфатга. Режиссёримиз жиғибийрон. Шундай учрашувлардан навбатдагиси туман туғруқхонасида бўлди. Тумонат одам йиғилган. Туғруқхона бош врачи, кўҳликкина аёл учрашувни очиб берди:

– Ўртоқлар! Бизнинг туғруқхонамизда ҳамма шароитлар муҳайё: чет элдан замонавий жиҳозлар, асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Ўтган йили 85 нафар чақалоқ дунёга келган бўлса, бу йил ҳовим бувамизнинг шарофатлари билан 120  нафар чақалоқ туғилди!

Гап келганда отасини ҳам аямайдиган Наби ака луқма ташлади:

– Бу гапдан чақалоқларнинг оталари хабардорми?..

Гурра кулги кўтарилди. Бош шифокор қизариб, раҳбарларнинг ранги бўзарди...

* * *

Қишлоғимизда Кўли бова деган чол бўларди. Шу депарада биринчи бўлиб шапка кийганлардан. Партия аъзосими-йўқми – менга қоронғи, лекин ўзбек бўлса ҳам миллати коммунист эди. Ниҳоятда гапга чечан, зўр нотиқ, тўй-маъракаларда доим ўртада – гапини ҳеч кимга бермайдиган одам эди. Шаҳардаги қанақадир техникумни битириб келган. Отамнинг саккиз синф маълумоти билан мактабга директорлик қилганига қараганда, техникумни битирган мутахассис бизнинг қишлоқ ўлчовида академик даражасидаги одам ҳисобланган бўлса керак. Урушдан кейинги йиллар кадрлар масаласи энг долзарб муаммо эди-да.

Қиш. Дала-даштни, бел баробар десам лофдир, тизза бўйи қор қоплаган. Кўли бова тўйдан қайтяпти. Зиёфат қуюқ бўлган кўринади – кайф жойида. Бир пайт заҳар танг қилиб, «ёзилмоқчи» бўлади. У ёқ-бу ёққа қарайди: ҳеч зоғ йўқ. Оппоқ қорга сап-сариқ бўлиб тушаётган «ёзув» бова гандираклаб тургани учун «П»га ўхшаб кетади. Коммунистлик қонда бор эмасми, дарров «П»ни «ПАРТИЯ»га айлантириб юборади... Буни узоқдан бир чўпон кузатиб турган экан. Яқин келиб қараса, ҳалиги аҳвол. Зудлик билан сельсоветга югуради. Сельсовет раиси иккита мелиса билан етиб келиб кўрсаки, партия «хор бўлиб» ётибди! Бундай «бедодлик»ка чидай олмаган раис Кўли бовани ухлаб ётган жойидан тўппа-тўғри Колимага, сургунга жўнатиб юборади.

Йўқ, мен замоннинг телбавор эканига ҳайрон бўлмайман, мени бошқа нарса ажаблантиради. Ҳалиги чўпоннинг психологиясини қаранг. Қордаги ёзувни таёғи билан ўчириб ташласа бўларди-ку. Ҳарқалай, бир қишлоқнинг одами – эртага кўз кўзга тушади. Хўш, бу билан нимага эришди у? Орден олдими? Ё лавозими кўтарилдими? Кейин англаб етдимки, бу ҳам мақтовнинг бир кўриниши экан.

Кўли бова сургунда кўп бўлмади, Сталиннинг вафотидан сўнг оқланиб келди. Биз, ёшлар у кишидан қамалишининг сабабини сўраганимизда, мийиғида кулимсираганча «ПАРТИЯ»нинг ўрнига «СТАЛИН» деб ёзсам бўлар экан» дер эди. Эҳ, соддагина бовам-а... Кўли бова мен иккинчи курсда ўқиётганимда вафот қилди. Бола-чақаю невара-чеваранинг олдида, ҳамма билан рози-ризолик қилиб, иззат-икромда. Жанозада тумонат одам йиғилди. Вилоятдан, тумандан, ҳатто Тошкентдан юзлаб шогирдлари ҳозир бўлишди. Бизнинг қишлоқ қишлоқ бўлганидан буён бунақа кўп енгил машина кўрмаган бўлса керак...

Отамнинг айтишича, «сиёсий ҳушёр» чўпон қишлоқда бош кўтаролмайдиган бўлиб қолибди. Ҳамма «Кўли бованинг қамалишига шу айбдор!» дея бармоғи билан кўрсатадиган бўлибди. Қисмати ҳам ниҳоятда аянчли якун топган экан – бўри еб кетибди. Қариндош-уруғ қолган-қутган суякларини йиғиштириб, ими-жимида кўмиб келган экан... Ўшандан бери бировнинг шаънига ҳамду сано ўқиётган одамни кўрсам, «Эҳтиёт бўл, бўри еб кетмасин!» деб қўяман.

Яна «Ер барибир айланаверади» спектаклига қайтамиз. Мансабнинг мазасини ҳам, азасини ҳам татиб кўрган собиқ амалдор бундай дейди: «Нега менга ҳеч ким «йўқ» демайди? Гапимни инкор қилиб, қарши чиқса нима бўлади? Осмон узилиб ерга тушадими, ё Ер айланишдан тўхтаб қоладими? Ахир, ҳеч нима бўлмайди-ку! Вой, худойим-эй, ижод аҳлининг аҳволи бу, илм зиёлиларининг аҳволи у – бошингни қайси тошга уришни билмайсан! Мақтов ва лаганбардорлик чидаб бўлмас даражага етди! Қурвақани боссанг «вақ» дейди, буларни боссанг «хўп» дейди! Э, одамнинг ҳар нима бўлгани яхши!..»

Ҳа, лаганбардорлик – мақтовнинг давоми. Биздан битта нарса талаб қилинади – у ҳам бўлса фарзандларимизни юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг яхшисидан қувониб, ёмонидан уялиб яшашга; энг муҳими, мақташга эмас, фахрланишга ўргатмоғимиз лозим.

Гоҳида аксар миллатдошларим томирида ҳалиги чўпоннинг бир томчи қони қўшилиб оқмаяптимикан, деб ўйлаб қоламан. Акс ҳолда Чўлпон, Усмон Носир, Қодирийлар жувонмарг бўлиб кетмасми эди?! Телевизорда шеър ўқиётган ҳалиги шоир боланинг, туғруқхона бош врачи – дўхтир опамизнинг, отасиз ва журъатсиз бўлиб ўсаётган болаларимизнинг қони тозамикан деган хаёллар ўртайди... Доим ҳам шундай бўлиб қолмас, деб ўзимни юпатаман. Бир кун келиб «бўри еб кетмайдиган»лар авлоди етишиб чиқишига жуда-жуда ишонгим келади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг