Автомобил йўллари бошқармаси амалдорлари катта маблағни ўзлаштиришда айбланмоқда
Хоразмда автомобил йўллари бошқармаси амалдорлари катта пулни талон-торож қилгани аниқланди. Шунингдек, янгийўллик расмийлар ҳам сохта маълумотлар орқали катта маблағни ўзлаштирган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда Хоразм вилояти автомобил йўллари бош бошқармаси масъул шахслари ва бошқалар Урганч шаҳридаги темир йўл устидан ўтувчи кўприкни реконструкция қилишда расмий ҳужжатларга амалда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали жами 549,3 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Янгийўл туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Янгийўл туман Ободонлаштириш бошқармаси ва «T.F.» МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, Қирариқ кўчасидаги 592 метр йўл асфальт қилинган бўлса-да, 26.10.2023 йилда ушбу кўчани асфальт қилиш бўйича «Шаффоф» платформасига қўйиб, танловда «T.F.» МЧЖ ғолиб бўлгач МЧЖ раҳбари Ф.Т.билан келишиб расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали жами 239,8 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter