Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ота-онанинг «уй», «тўй», «машина» васвасаси ёхуд хорижда ишлаётган қиз нега йиғлаб юборди?

Ота-онанинг «уй», «тўй», «машина» васвасаси ёхуд хорижда ишлаётган қиз нега йиғлаб юборди?

фото: интернет, очиқ манба

Бугун бир қиз «Ака, ижара ҳақини тўлашга пулим етмай қолди. Ёрдам қилиб тура олмайсизми?», деб ёзиб қолди. У қиз Японияга келганида 20 ёш эди. Орадан 10 йиллар ўтди. Ўқиди, энди ишлаяпти. Квартирасига пули йўқ. Нимага? Нафси ўпқон оила-аъзолари, яъни аниқроғи онаси сабабли. Шу қиз бечора ҳам ўқиб ҳам ишлаб, ота-онасининг тўкилай деган уйларини ремонт қилдирди, машина олиб берди. Ўзидан олдин сингиллари эрга тегиб кетди. Ўзи ҳалиям турмушга чиқмаган. Онаси сингилларига энг зўр сарполарни мажбурлаб қилдирибди. Энг ёмони, ҳозирги оддий машина уйдагиларига ёқмай қолибди. Малибу олармиш мана шу ергача чидади бечора қиз – ўкириб йиғлаб юборди. «Менчи, мен қачон турмуш қураман? Нимага уларни ялло қилиб юришига мен хор бўлишим керак», деди! Роса,  юрагим эзилди.

Шахсан ўзим бунга ўхшаган тақдирларни 100 дан ошиғи билан гаплашиб кўрганман. «Акангга машина олишимиз керак, уканга данғиллама тўй қилишимиз керак, опангнинг эрига фалон қилишимиз керак», каби гаплар билан қурбон бўлаётган ёшларни ўз кўзим билан кўрганман.

Эй, барака топгурлар, Японияда юрган қизингиз, тўйиб овқатланмаяпти. Тўйиб ухламаяпти, шунчаки сизларнинг нафсингиз йўлида қурбон бўлаяпти. Чиройли жойда расм тушган бўлса, ишга кетаётиб, йўлда тушиб олади бечоралар. Кечаси билан ишлаб, кундузи яна ишлаяпти. 24 соат ишлаяпти. Тасаввур қилаяпсизми? Сиз дугоналарингиз билан гап-гаштакда, тўй-ҳашамда юрганингизда бу бечора уйқусизликдан боши айланиб, бурни қонаб ишлаб юрибди. Бечораларда шунчалик босим каттаки, оила ҳам қуролмайди, уёқдагиларни ўйлаб. Гаплашиб кўрсангиз, «Менга уй-пуй керакмас, ҳеч нарса керакмас, қайтмайман», деб зада бўлиб қолганлари ҳам кўп!

Кунига 100 доллар топар экан деб, нафсингиз баттар ўпқон бўлмасин. Кунига 100 топса, одамга ўхшаб яшаш учун 80 долларини харажат қилиши керак. Ҳам ўқиш, ҳам контракт тўлаш, ҳам сизларни бой кўрсатишга ҳаракат қилиш жуда қийин!

Келадиган ёшларимизнинг деярли ҳаммасини бўйнида юк. Емаса, емайди уёқдагиларни ўйлайди. «Энди, Тошкентдан уй олишимиз керак қизим», деб қолишади.

У тўйиб овқатланиши керак, ўқиши керак, эй барака топгурлар. Намунча босим қиласизлар?

Шу ўзбекни боласи сиз босим қилавермасангиз ҳам ака-укаси, ота-онасини ўйлайди. Фақат вақт беринг оёққа туриб олсин, ўзини эплаб олсин, кейин ўзи ёрдам беради ҳаммасига.

Бизни миллатдан бошқа миллатда кўрмадим шунақа нафси ҳакалак отганларни. Непал, Ҳиндистон, Ветнамдагилар биздан қашшоқ яшашади. Аммо, фарзандларини «Яхши ўқи», деб жўнатишади. Натижада, келажакда катта-катта натижаларга эришишаяпти. Бизникилар бўлса, бечоралар шунчаки ўзини қурбон қилишади. Бошқа фарзандларингиз учун, тўй-ҳашамингиз учун, маҳаллада тилингиз бир қарич бўлиши учун битта фарзандингизни шунчаки қурбон қилиб қўяверасизми?

Ишонинг, Японияда ҳам, бошқа давлатда ҳам осон пул топиб бўлмайди. Бўлди қилинг, данғиллама тўй, данғиллама уй, «яна-яна», деб, ўз васвасангизни болага ҳам юқтирманг. Сизга онам хафа бўлмасин деб айтолмайди. Қийналаётганини сизга кўрсатгиси келмайди. Бирдан, нозик жойига зарба берасиз. «Мен сизларни қийналиб туққанман, қийналиб катта қилганман, фалон қилганман» деб! Қаердадир, қайсидир авлод «уй, тўй, машина», деган васвасадан қутулишимиз керак-ку. Бутун дунё ҳашамат эмас, комфортга қараб кетяпти.

Эй, ота-оналар, одамларни кўзи учун қиладиган тўй-у, бошқа маросимларингизни тўхтатинг, эркаклар, кераксиз ҳаражатларни ҳаддидан ошираётган аёлингизга «бўлди қил» дейиш сизнинг бурчингиз...

Баҳодир Искандаров facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг