Рамзан Қодиров кескин эътироз билдирди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия Федерацияси Ставропол ўлкаси Андропов округи маъмурияти жамоат жойларда намоз ўқишга тақиқ жорий этганига кескин эътироз билдирди.
Аввалроқ Россия матбуоти Андропов округи маъмурияти жамоат жойларда намоз ўқишни ман этгани, ушбу ҳаракат учун жарима жазоси жорий қилингани ҳақида хабар берганди.
Рамзан Қодиров буни “ҳуқуқий бебошлик” ва “очиқ дискриминация” деб танқид қилган.
Сиёсатчи Ставрополь ўлкаси Доғистон, Чеченистон, Кабардин-Болқор каби асосан мусулмонлар яшовчи республикалар билан қўшни экани, минтақа Кавказ билан тарихан яқин робиталарга эга эканига эътибор қаратган.
“Шундай шароитда (маҳаллий) ҳукуматдан бу каби баёнотлар янграши шунчаки чаласаводлик эмас, балки маънисиз ва хатарли ҳаракатдир. Амалдорлар тинчлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш ўрнига нафратни кучайтириш учун сунъий сабаблар яратмоқдалар. Агар (маҳаллий) ҳукумат мусулмонлар кўчада намоз ўқишини истамаса, марҳамат, масжидлар қурилишига кўмак берсин”, – деб ёзган Р.Қодиров.
Чеченистон раҳбарига кўра, Россия президенти Владимир Путин “ҳамиша исломни айрича ҳурмат қилишини таъкидлайди”, “Грознийга ташрифи пайти масжидга кириб муқаддас Қуръонни ҳам ўпган”. Шунга кўра у бошқа амалдорларни ҳам Путиндан ибрат олишга ундаган.
Қодиров “Ислом таҳдид эмас, балки Россия тарихи ва маданиятининг бир қисми” экани, шунингдек, мамлакатдаги 30 млн мусулмон меҳмон эмас, балки туб аҳоли эканини қайд этган.
Кейинроқ Ставрополь ўлкаси ҳукумати Андропов округи маъмуриятининг баҳсли ҳужжати бекор қилингани ва жамоат жойларда намоз ўқишга тақиқ ҳам, жарима ҳам йўқлигини билдирган.
Президент Путиннинг сиёсати, жумладан, Украина босқинини доимий дастаклаб келаётган Рамзан Қодиров гоҳида эътирозли баёнотлар бериб туради. Жумладан, у аввалроқ Россияда миграция сиёсати қаттиқлашаётганини қоралаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter