Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Оч бола устида айланаётган калхат ёхуд олов ичидаги аёл

Оч бола устида айланаётган калхат ёхуд олов ичидаги аёл

фото: xabar.uz

1990 йилларда турли касалликлар ва очликдан азият чекаётган африкалик болалар мавзуси жуда долзарб эди. Машҳур фотограф Кевин Картер БМТнинг хайрия ишларига ҳисса қўшиш ниятида Суданга йўл олади. Яъни, у ердаги оч болаларни суратга олиш ва омманинг кўпроқ эътиборини қаратиш мақсадида. Кевин Шарқий Африкага саёҳати давомида даҳшатли воқеаларга гувоҳ бўлди ва уларни суратга олди. Айниқса, у кадрга муҳрлаган очликдан силласи қуриган ҳолда ерга йиқилган бола ва унинг ўлимини кутаётган калхат фотосурати жуда шов-шув бўлди. Айнан шу сурати учун у халқаро Пулицер мукофотини олди. Сурат газеталарда чоп этилгандан кейин боланинг тақдирига қайғурганлар хайрия қилишди. Аммо жуда кўпчилик сураткашни маломат ҳам қилди, боланинг тақдирига бефарқликда айблашди. Аслида сураткашга маҳаллий аҳолига қўл билан тегинмаслик, яқин мулоқотда бўлмаслик буюрилган эди, қолаверса, Кевин қушни ҳайдаб юборган. Лекин суратчи ўша машҳур совринни қўлган киритгандан сўнг 3 ой ўтиб оғир депрессия, тушкунлик туфайли ўз жонига қасд қилди. Кейин маълум бўлишича суратдаги бола қиз эмас, ўғил бола бўлган. Ва у қушнинг чангалида эмас, вояга етиб юқумли касалликдан вафот этган. Яъни, ўша лаҳзаларда онаси болани ерга қўйиб самолётда улар учун жўнатилган озиқ-овқат ёрдамини олиш учун шу яқин атрофда бўлган. Ва ўша ҳудудларда тўйиб овқатланмайдиган болаларнинг устидан баҳайбат қушлар учиб юрганини ҳамма жойда учратиш мумкин эди. Лекин Кевин бу даҳшатни суратга олгани, болага ёрдам бермагани, одамларнинг маломати туфайли чуқур депрессияга тушади ва ўзини кечиролмайди: у охирги дақиқаларда шундай ёзади: «Мени ўлим ва ўликларнинг даҳшатли хотиралари қийнамоқда, ғазаб ва оғриқлар... очлик, чарчаган болалар суратлари, уларга ёрдам беришга ожизман...»
17 декабрь Фарғона вилоятида мудҳиш фожеа юз берди – ёқилғи қуйиш шахобчасида газ портлади. Талафот туфайли одамлар ўлди, оғир куйиш оқибатида айни пайтда бир нечтаси касалхонада, ундан ташқари, ўша атрофдаги аҳолининг орасида ҳам стрессга тушганлари, психологик ва ижтимоий ёрдамга муҳтожлари бор. Одамларни жуда таъсирлантиргани куйиб кетган онанинг боламлаётгани, ёнида сочилиб ётган кийимлар ва боласи... Бу манзара билан Африкада оч қолган боланинг сурати ўртасида қандай фарқ ёки ўхшашлик бор? Мен икки суратда ҳам айбсиз айбдорларни кўрдим. Бирида очликдан силласи қуриган бола, иккинчисида очлик бўлмаса-да куйиб кулга айланган бола. Кўпчилик ўша лаҳзаларни, фожеани суратга олган одамларни қоралади. Лекин Кевин Картер ҳам ўз вақтида ўша сурат билан Африканинг ҳақиқий ҳаётини, коррупция, бошбошдоқлик урчиган жамиятни кўрсатди ва бу ҳозиргача Африкадаги болаларга ёрдам бермоқда, турли хайриялар уюштирилмоқда. Кевин Картернинг ўша сурати африкалик болаларнинг фожеали ҳаётини рўйи-рост кўрсатишда ҳалигача давом этмоқда, бутун ер юзида уларга қўл чўзадиганлар, кулфатига шерик бўладиганлар бор...
Агар ўша куни фожеали тарзда вафот этган аёл ва болалари суратга олинмаганда биз ушбу фожеанинг аниқ манзарасини ҳис қилаолмасдик. Бизку ҳалигача бу фожеанинг аччиқ тутунидан кўз ёшларимизни тия олмаяпмиз, аммо шу воқеага жавобгар бўлган масъул шахслар-чи? Кевин Картердек виждон азобидами? Кевин Картер инсон эканки, бу даҳшатга чидай олмади, гарчи Африкадаги болаларнинг азобли ҳаётига у сабабчи бўлмаса-да. Лекин бизда бу фожеанинг сабабчилари бор-ку, аниқ-ку. Бугун улар шу суратларни, шу ҳалокатни, онанинг овозини эшитдимикан? Қулоғи остида чинқириғи такрор-такрор безовта қилмаяптимикан?
Кун уз. сайти журналистлари фалокатнинг биринчи кунида репортаж тайёрлашибди. Ўша воқеанинг бевосита гувоҳи бўлган одамлар тиббий ёрдам олиш ўрнига сарсон кўчада юрибди. Биз одамларни турли офатлардан сақлаш учун эвакуация қилиш деганда, иссиқ ва бехавотир жой, озиқ-овқат билан таъминланишини тушунарканмиз. Аммо бизнинг эвакуациямиз ҳам ўзига хос. Ўша атрофда яшайдиган ёшу қари, ҳатто чақалоқларгача уйидан бақир-чақир билан эвакуация қилинибди, йўқ балки қувиб чиқарилибди. Тўғри ёнғинда қолмаслиги ёки портламаслиги мумкин, аммо қишнинг чилласида совуқда кўчада қотиши-чи... Кўпинча, биз ўзбекмиз, Ғарбдагидек меҳр оқибатсиз эмасмиз, деб кўксимизга урамиз. Тўғри, Ғарбда меҳр-оқибат йўқдир, аммо инсонийлик бор, биздаги бу ҳолат инсонийликнинг қайси мезонларига тўғри келади? Наҳотки, уларга психологик ёрдам уёқда турсин, иссиқ овқат ва меҳмонхона топилмади?
Маълумотларга қараганда ўша ерга арча экилиб обод қилинаяпти эмиш, қорлар ёғиб излар кўмилаётганмиш, яъни тезроқ фожеани одамлар унутиши учун. Лекин тез унутилган воқеа ва тез эсдан чиққан хато яна қайтарилади. Бизга бу воқеа сабоқ бўлиши керак эмасми?
Сунъий интеллектдан олов ичида қолган она ва боланинг суратини яратиб беришни сўрадим. У менга унчалик ҳам фожеали туюлмайдиган суратларни яратиб берди. Мен унинг суратидан қониқмадим, зарра бўлса-да Фарғонадаги мудҳиш суратга ўхшамади ва суратни батафсил тасвирладим. Ишонасизми, сунъий интеллект айтдики: «биз бундай қўрқинчли сурат яратолмаймиз». Тасаввур қилаяпсизми, ҳатто сунъий интеллект бу фожеани миясига жойлай олмаяпти. Кўпинча сунъий интеллект бизни бошқаради ва бу хавфли деган фикрларни эшитамиз, биз улардан эмас, бу фожеаларга бефарқ бўлаётган тирик одамлардан қўрқишимиз керак аслида.
Эгасини кутаётган Хатико лақабли кучукка Японияда ҳайкал ўрнатилган, яъни ҳайвоннинг садоқатини кўрсатиш ва одамларда уларга нисбатан шундай хайрихоҳликни, меҳрни уйғотиш учун.

Галвестон тўфонининг қанчалар фожеали эканлигини бутун дунёга етказишга ҳаракат қилаётган монумент яратилган ёки қорда қолиб кетган чўпон оиласи, уй эгаларини ёнғиндан қутқарган мушук... Нацистлар томонидан ёқиб юборилган Хатин қишлоғи Иккинчи жаҳон урушида Беларус халқининг азоб-уқубатларининг тимсолига айланди ва қўлида боласини кўтариб оловдан чиқаётган ота тимсоли – монумент ўрнатилди.

Фото: bsut.by
Мурманскда уйига қайтиш учун 2000 км дан ортиқ масофани босиб ўтган мушук ҳам вафодорлик тимсолига айланди.
Тим Шоу ўзи яратган «Оловдаги одам» монументи ҳақида шундай дейди: «Урушда содир бўлган воқеа ҳозир дунёнинг бошқа қисмларида минглаб одамлар учун фожеали, кундалик ҳодисадир. Фарқи шундаки, у кенгроқ миқёсда ва катта вайронагарчилик билан содир бўлмоқда, айниқса Ғазо сектори ва Украинада. «Оловдаги одам» нафақат фронтда жанг қилаётган аскарлар, балки бутун инсоният урушнинг шафқатсиз, абадий лаънатидан қочиб қутула олмайдиган – урушаётган гуруҳлар ўртасида қолиб кетган бегуноҳ тинч аҳоли ҳақида».

Фото: © Тим Шоу
Ёки бўлмаса 2005 йили Португалия пляжларининг бирида очилган «Денгиз фожеаси» монументини олайлик.

Унда 1947 йилда учраган кема ҳалокати ва бева қолган аёллар, етим болалар тасвирланган.
Ҳар бир мамлакатда бундай монументлар, воқеа тафсилотини сизга рўйи-рост етказади. Вафот этганлар хотираси туфайли ҳам Фарғонанинг куйган бағрининг бир парчасига она ва бола монументи ўрнатилиши керакки, токи одамлар умрбод бу воқеани унутмасин.
Токи африкалик оч болларнинг фожеасидек аянчли фожеалар тўқ яшаётган мамлакатларда ҳам бўлиб туришини бутун дунё англаши ва бу хатони бошқалар такрорламаслиги учун ҳам.
Эшитяпсизми, шу воқеага сабабчи бўлганлар, она ўзи куйиб кетган бўлса-да боламлаяпти, жудаям аянчли чинқираяпти ва унга бугун уйига киришга қўрқиб кўчада совуқда дилдираб юрган чақалоқларнинг йиғиси қўшиляпти.
Оч боланинг ўлишини кутаётган қуш сурати билан Фарғонадаги газ қуйиш шахобчасидаги портлашнинг яна бир ўхшаш томонини айтайми: Африкадаги оч ва йиқилган бола – ўтда ёниб кетган болага ўхшайди, айтингчи, унинг устига ташланмоқчи бўлган калхатдан нима фарқингиз бор?

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг