Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Марказий Осиё ва Германия» Инвесторлар ва тадбиркорлар кенгашини таъсис этиш таклиф қилинди

«Марказий Осиё ва Германия» Инвесторлар ва тадбиркорлар кенгашини таъсис этиш таклиф қилинди

Остона шаҳрига ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ҳамда Германиянинг илғор компания ва банклари раҳбарларининг учрашувида иштирок этди.

Тадбирда Германия Федерал Канцлери Олаф Шольц, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Германия ишбилармон доираларига «KNAUF», «Gunter Papenburg», «CLAAS», «Siemens Energy», «Aurubis», «Ernst Klett», «Siemens Healthineers», «Herrenknecht», «DB Engineering & Consulting», «Svevind Energy», «Rhenus», «HMS Bergbau» каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари вакиллик қилди.

Ўзбекистон Президенти иштирокчиларни самимий қутлар экан, куни кеча Самарқанд шаҳрида Германия ишбилармонлари билан бўлиб ўтган самарали учрашувнинг муваффақиятли натижаларини мамнуният билан қайд этди.

Музокаралар натижалари мамлакатларимиз тадбиркорларида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, Германия илғор тажрибаси ва инновацион технологик ечимлари асосида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорлик доирасида Германия билан шерикликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Марказий Осиё минтақаси бугунги кунда барқарор иқтисодий ривожланиш суръатларини намоён этаётган кенг ва жадал бозор экани таъкидланди.

Бунга давлатлар ўртасидаги чегараларнинг очилгани, минтақа ичидаги товар айирбошлаш, инвестициялар, юк ташиш ҳажми, сайёҳлар борди-келдиси кўпайиши учун зарур шарт-шароитлар яратилгани хизмат қилди.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё минтақасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Шу нуқтаи назардан, бугун бўлиб ўтган саммитда ўзаро манфаатли мулоқот учун доимий майдон – «Марказий Осиё ва Германия» Инвесторлар ва тадбиркорлар кенгашини таъсис этиш ва унинг биринчи учрашувини келгуси йил баҳорида Тошкент инвестиция форуми доирасида ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия ўртасидаги инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлашни таклиф қилди. Ушбу ҳужжатга Германия компаниялари инвестициялари оқимини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, уларнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари киритилиши мумкин.

Бугунги кунда минтақадаги ҳамкорлар билан қўшма инвестиция фондлари ва компаниялари кўмагида махсус иқтисодий зоналар ва индустриал «хаблар» ташкил этилмоқда, саноат, «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалигида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда, инфратузилма модернизация қилинмоқда.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий мамлакатларнинг етакчи муҳандислик марказлари, инвестиция ва саноат корхоналари фаол жалб этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Германия компанияларини минтақавий кооперация лойиҳаларини ўзаро манфаатли шартларда амалга оширишда  фаол иштирок этишга таклиф этди.

Сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан ушбу форматдаги мунтазам мулоқотлар ўзаро манфаатли кўп томонлама ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очишига ишонч билдирди.  https://president.uz/uz/lists/view/7556

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг