Жиноят бор-у жиноятчи йўқ... Ёки «Фарғонача беркинмачоқ»
1
...Ҳаммаси ойдинлашди: гаровда йўқ мулклар сотиб юборилгани рост экан. Сохта далолатнома асосида! Бу қип-қизил жиноятми? Бўлмаса-чи! Шугинани судга тушунтиришга бир йилдан кўп вақт кетди-я... Унгача мулк эгасининг она сути оғзига келганига-чи?!
Энди ҳаммаси жойига тушгандир? Йўқ-да, йўқ... Аксинча, сирларнинг бир чети очилиши ҳамоно беркинмачоқ ўйини бошлаб кетди. Суд-у терговдаги беркинмачоқ, яъни — «ажи-ажи-и» ўйинлари бошқача бўларкан...
Шу ҳақда шингил ҳикояга тобингиз қалай?
Бошладик унда.
2
Аввал гап нимадалигини билиб олсак.
Бешариқлик (Фарғона вилояти) фермер (ва тадбиркор) Равшанжон Розиқовнинг ишларига тушов тушди. Вазиятдан чиқиш учун «Қишлоққурилишбанк»нинг Қўқон филиалидан қарз (кредит) кўтарди. Акаси Мамиржон Туронов билан бирга. Бироқ буям наф бермади. Иш олдинга силжиши тугул, кредитни қайтаришнинг ўзи муаммога айланди. На чора, тадбиркорлик — таваккалчилик-да: бирда — ундай, бирда — бундай...
3
Биласиз, банк дегани «а» деса, «ма» деб пул тутқазадиган муассаса эмас. Берадиган қарз миқдоридан баландроқ қийматдаги нарсани гаровга олмаса, кредит тушингизга кирмайди ҳатто. Тинкани қуритадиган қоғозбозликларни-ку, айтманг (хусусан, Р.Розиқов кредит олган 2013 йилда!). Қаҳрамонимиз ноилож кредит олар экан, ўзи раҳбар бўлган «Туранбой» фермер хўжалиги балансидаги қатор бино-иншоотларни, акаси ҳам маълум қийматдаги мулкларини гаровга қўйганди.
Кредит муддатида қайтарилмаса, гаровдаги мулклар қулоғини ушлаб кетишиниям биласиз.
Бахтга қарши, вазият шуни тақазо қилди.
4
Кредит миқдорини айтиб (245 миллион сўм), у билан боғлиқ бошқа гапларни мухтасарроқ қилсак. Яъни, кредит фоизи-ю муддати, гаровга қўйилган мулклар, уларнинг манзили ва эгаллаган ер майдонига оид баёнлар, бизнингча, ортиқча. Нега? Биринчидан, ортиқча тафсилот масала моҳиятини англашдан чалғитиши мумкин. Иккинчидан ва, энг муҳими — банк ва қарздор ўртасида низонинг ўзи йўқ. Ҳаммаси рисоладагидек. Кредит олинди. Муддатида қайтариш имкони бўлмагач, судлашув муроса билан якун топди. Келишув битимини суд тасдиқлади. Тамом. Бу ёғи энди суд ижрочиларининг иши: гаровдаги мулкларни аукционда сотиб, тушган пулни банкка берса, олам гулистон.
Аммо «олам гулистон» бўлмади. Аксинча, олам зимистон бўлди. Хусусан, қаҳрамонимиз учун.
5
Нима дейсизки, Бешариқ тумани суд ижрочилари (айни пайтда Мажбурий ижро бюроси) «Туранбой» фермер хўжалигининг кредит таъминоти сифатида гаровга қўйган мулкларига қўшиб, гаровда бўлмаган (умумий баҳоси 93,7 миллион сўмлик) бино-иншоотларини ҳам сотиб юборади?! Шундоғам қарзга ботиб, топган-тутганини банкка бераётган одамни қолган-қутган мулкидан бу тариқа мосуво этиш... алам қилмайдими?! Янаям аламлисики, харидор бегона эмас экан: Равшанжон Розиқовнинг тус жияни — акасининг ўғли Санжар Туронов бўлиб чиқди! Ўша, ўзи билан бирга кредит олган Мамиржон Туроновнинг ўғли... С.Туронов отасининг гаровдаги мулкларини (уям банк кредити бўйича қарздорлардан бири) сотиб олгандир-да, дерсиз? Қаёқда! Эмишки, унинг аукционга қўйилган мулкларига харидор чиқмабди?! Бу энди ғирт чўпчак. Тасаввур қилинг: бир жойда, бир хил шароит ва қулайликка эга ака-уканинг бино ва иншоотлари турибди. Фарқи шундаки, мулкларнинг акага тегишлиси ростданам гаровда, уканики эса йўқ (тўғрироғи, сохта далолатнома асосида «рўйхатга тиқиб» юборилган). Харидор эса отасининг эмас, амакисининг мулкига харидор бўлиб, уларни сирлигина ўтказилган аукциондан сотиб олмоқда. Амаки эса бундан бехабар?!
Шубҳалими савдоми? Жудаям-да!
6
Бўлар иш бўлибди, бу ёғи-чи?
Бу ёғи нима бўларди — томонлар «бахтини» суддан излайди-да. Шу тариқа икки жигар, икки қариндош ўртасида «судлашув пойгаси» бошланиб кетди. Мана, қирқ ойдан (!) ошдики, «пойга»нинг якуни кўринай демайди. Фуқаролик судларининг айрим судьяларига шарафлар бўлсин: низо уч ярим йилдан буён аччиқ ичакдек чўзилиб келаётганида уларнинг беқиёс ҳиссалари бор.
7
Томонлар ўртасидаги биринчи суд (2016 йил, 4 февраль) фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Қўқон туманлараро судида (судья В.Мадраҳимов) бўлди. Даъвогар — Санжар Туронов. У «Ермулккадастр»нинг Бешариқ туман бўлимига аукционда сотиб олган мулкларни ўз номига расмийлаштириб бериш мажбуриятини юклашни сўрайди. Жавобгар Равшанжон Розиқов эса қарши даъво киритиб, унда Суд департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси «фатво»си билан «Capital Realtor Group» МЧЖ томонидан ўтказилган аукцион савдо (2015 йил, 16 сентябрь) баённомасини ҳақиқий эмас, деб топишни ўтинади.
Судда жияннинг қўли баланд келди: унинг даъвоси қаноатлантирилиб, амакининг қарши даъвоси рад этилди. Бироқ бу ҳал қилув қарорининг умри кўпга бормади: ФИБ Фарғона вилоят суди уни бекор қилиб (2016 йил, 29 март), ишни янгидан кўриш учун яна Қўқонга юборди.
Ишни янгидан кўрган ФИБ Қўқон туманлараро суди (судья А.Исмоилов) аввалгига нисбатан мутлақо тескари ҳал қилув қарори чиқарди: жияннинг даъвосини рад этиб, амакининг қарши даъвосини қаноатлантирди. Шундай қилиб, аукцион савдо баённомаси тўлиғича бекор қилинди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Гаровда бўлмаган мулкларнинг сотилиши, бунга асос бўлган далолатномадаги имзолар қалбакилаштирилганини (сохталаштирилган имзолар орасида Р.Розиқовники ҳам бор) пеш қилиб, суд хусусий ажрим ҳам чиқарди! Хусусий ажрим, турган гапки, Бешариқ туман прокуратурасига юборилди: бу жараёнда жиноят аломатлари бордай, муҳтарам прокурор, бир суриштирув ўтказсинлар...
Битта суднинг икки судьяси битта низо бўйича икки хил — бир-бирига бутунлай қарама-қарши ҳал қилув қарори чиқарганидан ҳайратдамисиз? Хусусий ажрим чиқарилиб, прокуратурага юборилганидан-чи? Ҳайратингизни жиловлаб турасиз, оғайни. Олдинда бунданам ҳайратга молик воқеалар борки, улар олдида буниси ҳолва.
8
Қисқаси, фуқаролик ишини кўриб, ҳатто хусусий ажрим чиқариб, шу орқали бировнинг нонини туя қилмоқчи бўлган шоввозларнинг башарасини хиёл очган судья А.Исмоилов... орадан уч ойлар ўтгач (2017 йил, 15 февраль), ўзи чиқарган ҳал қилув қарорини ўзи бекор қилсами?!
Иби, нега? Фуқаролик ишида «янги ҳолат очилибди».
Фуқаролик ишларида янги очилган ҳолат очилгудек бўлса, аввал чиқарилган суд ҳужжатлари бекор қилиниб, ҳаммаси бошидан кўрилиши бор гап. Қонун шунга изн беради. Бироқ ушбу ишда қани ўша «янги очилган ҳолат»? Ҳаммаси кўрга ҳассадек аён-ку?!
Судьянинг «кашф»и шунда эдики, даъвогарнинг мулкка тиккан пули тақдири очиқ қолибди. Нима, даъвогар суд жараёнида тиккан пулининг тақдирини сўраганмиди? Йўқ! Фақат сотиб олган мулкни расмийлаштиришни сўраган, холос. Пулига шундоғам куймади (кимгадир нақд санаган бўлса, бошқа гап!), марҳамат — алоҳида даъво билан судга чиқсин. Тартиби шунақа-да. Бироқ судья ўзи чиқарган ҳал қилув қарорини ўзи бекор қилишга роса иштиёқманд эканми, хуллас, даъвогарга сотиб олган мулкларнинг маълум қисмини расмийлаштириб бериш, гаровда бўлмаган бино-иншоотлар учун тўлаган (93 миллон сўм) пулни эса... жавобгар — Р.Розиқовдан ундириш ҳақида бошқа қарор чиқариб берди. О-ла, девордингизми сизам?! Бу худдики «вой, бечора, мулкини ўзин бехабар сотиб юборибдими, қайтариб олишни хоҳлайсанми, унда пулини тўла!» дейишдек гап эмасми?!
Таъкидлаш шарт, «янги очилган ҳолат» бўйича чиқарилган ажрим ҳам, ҳал қилув қарори ҳам кейинроқ бекор (2017 йил, 25 апрель) қилинди. Шугина судлар бир ярим йиллик (!) умрни еди-я?! Қақшаган асаблар, мўлжалда йўқ харажатларни-ку қўяверинг. Буям майлику-я, олдинда бунданам кўп вақтни ўғирлайдиган ғурбатлар кутаётганини ким билибди ўшанда?!
9
Бу орада фуқаролик иши Андижон вилоятини ҳам «зиёрат» қилиб келди денг. Яъни «янги очилган ҳолат бўйича» чиқарилган суд ҳужжатларининг бекор қилиниши ундан аввал Равшанжон Розиқов фойдасига чиқарилган ҳал қилув қарорига ҳуқуқий қувват бағишлашини англатади-да. Бунга даъвогар розими? Албатта, йўқ. Шартта шикоят битди. Натижада иш ФИБ Андижон вилоят судида (кассация босқичида) кўрилиб, қонуний кучга кирган ўша ҳал қилув қарори бекор қилинди. Ва яна (!) янгитдан кўрилиши учун ФИБ Ўзбекистон туманлараро судига юборилди.
Баёнларимиздан миянгиз ачиб, бошингиз ғовлаб кетдими? Сабр, азиз ўқувчи, сабр... Фуқаролик ишлари шунақа-да, ҳар қандай ҳал қилув қарорини бекор қилишга ҳар қачон асос топиш мумкин. Бунинг учун қасд ва ваколат бўлса, бас... Қонун-чи? Мана, кўриб турибсиз, донишманд судьяларимиз гоҳ у томон, гоҳ бу томон фойдасига қарор чиқаришмоқда, унигаям-бунисигаям қонундан асос топишаётир. Юқорироқда ўтирганлари эса ўша қарорларни бекор қилишдан чарчашмаяпти ва улар ҳам... қонунга таянмоқдалар! Ҳайрон қоласан киши: қонунларимиз шунақами эгри-бугрими ёки уларни турли куйга «рақсга тушираётган» судьялар зў-ўрми — бу энди ка-атта савол.
Яна бир гап. Донишманд Абдулла Қаҳҳор Лев Толстой асарларини қазига ўхшатган экан, чайнаганинг сари мазаси чиқади, деб. Мураккаб бўлмаган мазкур фуқаролик низоси ҳам кимлар учун қазига ўхшайдими, дейсан-да. Озмунча чайналмаяптими?! Мазаси кимга, азаси кимга — билиш учун катта ақл шартмас.
Мана, яна ҳаммаси бошидан бошланадиган бўлди.
10
ФИБ Ўзбекистон туманларо суди ишни биринчи босқичда (учинчи бор биринчи босқич тартибида кўрилиши!) кўриб чиқиб, энди Санжар Туронов фойдасига ҳал қилиб берди. Мазкур ҳал қилув қарори аввалгиларига қараганда узунроқ «умр кўрганини» алоҳида таъкидлаш керак: ФИБ Фарғона вилоят судида ўз кучида қолди, Олий суддаҳам аввалига қонуний деб топилди. Қаҳрамонимиз қачонки Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров қабулида бўлиб, ҳолатни тушунтирганидан сўнг: «...гапимни диққат билан тинглаб, ҳужжатларни бир-бир кўриб чиққач, Холмўмин Ёдгоров столга бир муштлади ва ёнидаги судьяларга бир неча лаҳза таънавор тикилди. Сўнг: «Ака, ишингизни шахсан ўзим кўриб чиқаман», деди босиқроқ бўлишга уриниб... Дарҳақиқат, кўп ўтмай Олий суд судьяси Д.Исроилованинг суд қарорлари устидан ёзган шикоятим юзасидан «ҳайъатда кўриб чиқишга асос йўқ, ҳаммаси қонуний ҳал этилган» мазмунидаги ажримини бекор қилди. Натижада ишимиз Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатида кўрилиб, ўша, ФИБ Ўзбекистон туманлараро судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган ФИБ Фарғона вилоят суди апелляция инстанцияси ажрими бекор қилинди. Энди шу инстанциясида... иш янгитдан кўриладиган бўлди.» (Равшанжон Розиқовнинг шикоятидан).
11
Олий судда пийпаланган «дело» уни анча «папалаб» келган ФИБ Фарғона вилоят судига шу тариқа қайтди. Энди суд қанақа ажрим чиқарар экан? Чунки, шу пайтгача нечта ҳал қилув қарори чиқмасин, улар орасида «брак» бўлмагани йўқ-да.
ФИБ Фарғона вилоят суди Санжар Туронов фойдасига чиқарилиб, Олий судгача «жароҳатсиз» етиб борган ФИБ Ўзбекистон туманлараро судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди. Яхшики, ишни яна бошқатдан кўришга юборишмади (бўлди-ей!), балки суд ҳайъатининг ўзи янги ҳал қилув қарори қабул қилиб қўя қолди. Янги ҳал қилув қарорики, бекор қилинганининг мутлақо тескариси дейсиз: аукцион савдо баённомаси ҳақиқий эмас, деб топилди яна. Тегишли ҳужжатлардаги имзолар қалбакилаштирилгани ҳам билвосита эътироф этилди. Шу баробарида С.Туронов ҳам хафа қилинмади: унинг фойдасига «Туранбой» фермер хўжалигидан икки юз ўн икки миллион сўм ундириш белгиланди?! Нега-а? С.Туронов аукционда мулклар учун шунча пул тўлаган экан, энди уни фермер хўжалиги қоплаши керак эмиш...
Яна ўша мантиқсиз ҳолат: мулкингни ноқонуний сотишдими, қайтариб олишни хоҳлаяпсанми, марҳамат — пулини тўла?! Аукционга мулкларни ким чиқарган? Далолатномани сохталаштирган(лар)-чи? Пул қайси ҳисобрақамга тушган? Албатта, Равшанжон Розиқовникига эмас. Шундай экан, ноқонуний ўтказилган аукционда тўланган пул нега ундан ундирилиши керак? Энг қизиғи — юқорида айтдик, даъвогар тўлаган пулини қайтариш даъвосини қилаётгани йўқ. Хўш, даъвода йўқ талабни ортиғи билан адо этишдан не маъно, не манфаат? ФИБ Фарғона вилоят суди ҳаммагаям шунақа меҳрибонми? Шундай десак, нега Равшанжон Розиқов жинояткорона йўллар билан сотиб юборилган мулкларини қайтариш учун йиллаб судга чопмоқда? Ёки э-энди мақсадга етдим деганида, бўйнига йўқ жойдан отнинг калласидек пул илиб қўйиляпти?
...Қисқаси, қаҳрамонимизнинг бир оёғи Тошкентда яна: «Ёдгоровнинг қабулига кирмагунимча масала қонуний ҳал бўлмайди шекилли...».
Равшанжон Розиқов нафақат Олий суд раҳбарияти қабулига кириши, балки Бош прокурорнинг ҳам эшигини чертиши керакка ўхшайди. Нега десангиз, айни шу низо билан боғлиқ беркинмачоқ ўйинлари вилоят прокуратураси тизимида ҳам бўлмоқда-да.
Энди гап шу ҳақда.
12
Гаровда бўлмаган мулклар аукционда сотилиши жараёнида жиноят аломатлари бор, дея суд хусусий ажрим чиқаргани эсингизда, а? Хусусий ажрим Бешариқ туман прокуратурасига юборилгани-чи? Балли.
Бу ёғига гапни қисқароқ қиламиз, «қарор чиқди — бекор бўлди» қабилидаги баёнлар бизниям бадимизга уриб кетди, рости!
Хусусий ажрим сабаб қўзғатилган жиноят иши аввал Бешариқ туман ИИБда тергов қилинди. Натижа: жиноят ҳам йўқ, жиноятчи ҳам — «дело» ёпиб юборилди. Туман ИИБ терговчисининг жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарори Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, бекор қилинди ва янгитдан тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Бешариқ туман прокуратурасига жўнатилди. Туман прокуратураси «жиноят бор-у жиноятчи йўқ», дея ишни «ёпди». Шундан кейин «дело» Бош прокуратурада ўрганилиб, «кўзларингни каттароқ очинглар-ей, тергов чала-чулпа-ку, мунча шошдинглар!» дегандай қилиб вилоятга юборди. Бироқ Фарғона вилоят прокуратураси ҳам эски қўшиқни такрорлади... Хуллас, шу чоққача «дело» беш марта «очилиб», беш марта «ёпилди». Яқинда Бош прокуратура навбатдаги бор қўзғатганди. Вилоят яна «ёпди»...
13
Жиноят иши яна қанча «очилиб-ёпилади» — аниқ бир нарса дейиш қийин. Бироқ терговчилар ишни ҳар қанча мижиғламасин, оддий саволлар очиқ қолгани қолган: гаровда йўқ мулклар аукционга чиқарилгани ростми? Ҳа! Бу жараёнда имзолар қалбакилаштирилганми? Ҳа! Имзолар сохта эканини эксперт тасдиқладими? Ҳа! Бундан Р.Розиқов манфаатига зарар етдими? Ҳа! Бу қип-қизил жиноятми? Ҳа!
Мана жиноят, қани жиноятчи?!
Яна савол: бировнинг мулки сохта далолатнома билан сотилишидан ким(лар) манфаатдор бўлиши мумкин? Бу саволнинг маълум жавоби ишни «ёпиш»дан чарчамаётган зукко терговчилар хаёлига келмаётганига ишонасизми? Ишониш мумкинми ўзи?!
14
...Вақти-соати етиб, бу ғурбатлар ниҳоясига ҳам етар. Суд-у терговдаги «ажи-ажи-и» ўйинлар бадга-да урар балки. Пировардида кимнинг қўли баланд келмасин, амалда ғолиб йўқ энди. Ҳамма мағлуб: даъвогар ҳам, жавобгар ҳам, ҳатто судья-ю прокурорлар ҳам...
Суд-у терговлардаги сансалорлик, «қарор чиқар-бекор қил»лар озмунча инсонларнинг қонунга бўлган ишончига зарба бермаяптими? Шунинг ўзи жамият учун катта талафот эмасми? Бундай талофат ўрнини қоплаш осонми?
Мулкий низо сабаб қариндошлар ўртасидаги ришталарга путур етгани-чи? Амаки-ку, бировнинг молига даъво қилаётгани йўқ, унга фарзанд мақомида бўлган жиян-чи? Нима, муросага борилмаётгани боиси иззат-нафс билан боғликмикан ё?
Дарвоқе, иззат-нафс ҳақида. Ушбуни ёзишга киришгандан бери Асадбекнинг Ҳосилбойваччага («Шайтанат») айтган гапи хаёлда айлангани айланган. «Бек ака» айтгандики: «...Ўв, манга қара?! Иккита ўзбек («иккита қариндош» деб ўқинг!) мол талашса-ю лўндасини бегона илиб кетса... Яна сан иззат-нафс дейсан-а?!». Тушундингиз, чамаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter