Жамшидбек Иззатуллаев АҚШдаги нуфузли университетнинг 373 минг долларлик грантини қўлга киритди

Мия илмига қизиқувчи наманганлик Жамшидбек Иззатуллаев АҚШнинг таълим соҳасида биринчи рақамли Вандербилт университетига 100 фоизлик грант асосида қабул қилинди. Бошқача айтганда, у шу университетда ўқиш учун 373 000 долларлик грант соҳибига айланди.
Жамшидбек Иззатуллаев 2005 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Наманган шаҳридаги 58-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида 9-синфгача таҳсил олган. Сўнгра Тошкентдаги Миллат умиди мактаби (Cambridge International College)га тўлиқ грант асосида қабул қилиниб, ўқишни пойтахтда давом эттирган ва мактабни олтин медалга битирган.
Жамшидбек университетга тайёргарлик жараёнида IELTSдан 8.0, SATдан 1520 баллни қўлга киритди. У тестларга тайёрланиш билан бирга, дарсдан ташқари кўплаб машғулотларда билим ва кўникмаларини оширган. Жумладан, икки йил давомида TEDxCICTashkent лойиҳасини бошқариб, нотиқлик санъати бўйича дарс ўтган. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошидаги ИТСМ ташкилотида таржимон сифатида амалиёт ўтаган.
Қизиққан соҳаси, яъни мия илмига оид ўзбек тилидаги манбаларнинг етишмовчилиги сабабли, Жамшидбек ўзи асос солган Мияшунос лойиҳаси орқали ўзбек тилида кичик мақолалар ёзиб борди. Шу ва бошқа кўплаб лойиҳалар Жамшидбекнинг мия илмига қизиқишини кучайтирди ва университетга грант ютишида катта ёрдам берди.
Вандербилт — Американинг энг нуфузли университетларидан бири. Топширувчиларнинг атиги 6,7 фоизини қабул қилганлиги сабабли кириш энг қийин бўлган университетлардан саналади. Америка университетларининг рейтингини тузадиган ишончли манба US News маълум қилишича, Вандербилт Американинг умумий рейтингидаги 436 та университет орасида 18-ўринда туради. Таълим соҳасида эса Вандербилт — яққол пешқадам.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter