Ҳамма рақсга тушсин! Андижон ҳокимидан янги «ташаббус»
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида ўтган ҳокимлик соатида «Андижон полкаси»ни оммалаштириш ҳақидаги хабарнома матни тарқалиб кетган.
Унга кўра, «Андижон полкаси» халқ куйи яратилганининг 100 йиллиги ва «Андижон полкаси» халқ рақс ансамбли тузилганининг 65 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида вилоятда «Андижон полкаси» ойлиги эълон қилинган.
Ойлик давомида барча ташкилот, идора ва муассасалар раҳбарлари, барча даражадаги таълим масканлари, умуман олганда, ўзини андижонликман деган ҳар бир фуқаро ҳар куни мана шу рақсга тушиши кераклиги айтилган.
Бундан ташқари, одам гавжум жойларда, жамоат транспорти, меҳмонхоналар, вокзалларда турли челленж ва флешмоблар ўтказиш орқали рақсни оммалаштириш кўзда тутилган.
Энг қизиғи, мана шу рақс ойлиги доирасида ўтказилган ҳар қандай тадбир ҳақида ҳар жума куни соат 15:00 га қадар вилоят ҳокимлигига фотоальбом ва ёзма ахборот бериш топширилган.
Маълумот учун, «Андижон полкаси» куйи ўтган асрнинг 20-йилларида яратилган. «Андижон полкаси» халқ ансамбли эса 1957 йилда тузилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter