Марҳум актрисанинг ёрқин роли: Фарангиз Режаметовани хотирлаб (видео)
Сиз бу қизалоқни яхши танийсиз ва жуда яхши кўрасиз! Уни бутун Ўзбекистон оналари ва балки япониялик оналар ҳам яхши танишар эҳтимол...
«Ойижон» фильмида япониялик аёлни вафот этган онасига ўхшатиб, ундан Она тафтини излаган Наргиз аслида, бу дунёдан меҳрни ахтарганди! Топганди ҳам! Ҳа, оналикнинг, меҳр-муҳаббатнинг миллати бўлмайди!
Унинг «Ойижон!...» деган сўзи бутун дунё ОНАларига аталганди гўё... Бу худди, меҳр ахтарган меҳрибоннинг овози эди!...
Фильмда Наргизга овоз берган актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зулхумор Мўминова Фарангиз Режаметовани хотирлади.
– Жамол ака (Зулфиқор Мусоқов)нинг иккита фильми овоз ёзиш жараёнида иштирок этганман. Бу – «Абдуллажон» билан «Ойижон» фильми. Шу иккита фильм орқали бу режиссёр билан ижодий мулоқот қилиш имкони туғилган ва уларни ишлаш услублари билан озгина танишганман.
Зулфиқор Мусоқов билан ишлаган актёрлар яхши билишадики, бу режиссёр актёрнинг ижро услубидаги табиийликни тарафдори. Қаҳрамон ҳаётий бўлишини истайдилар. Доим шунга интиладилар! Шу тарафлари жуда ҳам яқин менга. Тушунаман бу нарсани!...
«Ойижон» фильмига келсак, шу нарсани эслаб қолганман: иш жуда ҳам қийин кечган! Ўша йиллари кичкина болаларга кўп овоз берардим. Актёр билиши керакки, дубляж билан фильмга овоз бериш ўртасида катта фарқ бор! Буни актёрларни баъзилари тушунади, баъзилари эса тушунмайди. Масалан, шу фильмга овоз бераётганимда, Жамол ака мени жуда ҳам қийнаганлар. «Менга мультфильм қилиб берма, менга дубляжинг ҳам керакмас! Тирик одамга овоз бер! Шу қизга қараб, ишла! Иложи борича, табиий бўлсин! Иложи борича, ҳаётдагидек бўлсин! Қизча билан бир-биринглардан тафт олиб, ишлангалар!» мазмундаги гапни айтганларки, бу мен учун янгилик бўлган.
Кичкина болаларга овоз бериш жуда қийин. Дубляж қилишмас, овоз бериш қийин! Яъни, тонировка – (овоз ижросининг энг қийин элементларидан бири бўлиб, актёр ҳамма нарсани суратга олиш майдончасида бўлгани каби такрорлаши керак). Ўзи айтишади-ку, кичкина болалар ва ҳайвонлар жуда ҳам табиий бўлишади. Уларни ҳеч ким ўйнай олмайди! Уларчалик ҳеч ким самимий бўлолмайди! Ҳеч қачон! Шунинг учун, профессионал актриса бўлсам ҳам, барибир, қийин кечган. Кўп кунлар тушунолмаганман: мендан нима истаяпти режиссёр? Нима хоҳлайди? Унақа қилсам, бунақа дейдилар, бунақа қилсам, унақа дейдилар... Хуллас, қилаётган ишим ҳеч ёқмаган уларга. Қидирганмиз! Тонировкани шунисини яхши кўраманки, буни қийинлиги ҳам, масъулияти ҳам, мураккаблиги ҳам шундаки, тонировкада роль яна бир марта дунёга келади. Бу осон эмас! Бу яна ўша машаққатли ижод! Худди ана шунақа ишлаганмиз Жамол ака билан! Шу нарса менга жуда ёққан, эсимда қолиб кетган. Улардан жуда миннатдорман шу нарса учун! Чунки, мен учун бу жараён катта тажриба, мактаб бўлган.
Ўша пайтда мен ҳали Фарангизни танимасдим. Шу фильмда илк марта кўриб, «Вой, қанақа чиройли, хушсурат қизча экан-а!», – дея кўнглимдан ўтказганман. Орадан йиллар ўтиб, биз яна учрашдик. Фарқи, энди биз Фарангиз билан суратга олиш майдончасида учрашгандик. Фарангиз билан бирга Ёлқин Тўйчиевнинг «Орзу ортида» фильмида суратга тушганмиз. Суратга олиш пайтида у билан битта хонада яшаганмиз. Худди она-боладек яқин бўлиб кетгандик. Баъзида дугоналардек сирлашардик. Бўлмаса, ўша пайтда кичкинагина қизча эди-ку ҳали. Лекин Фарангизда қандайдир, катталарга хос мулоҳазакорлик, донишмандлик бор эдики, шу нарса бизни яқинлаштиргандир эҳтимол.
Охирги марта Фарангизни қачон кўрганимни эслайман... «Менинг юртим» телеканалидаги дубляж студиясидан ишимни тамомлаб, чиқиб кетаётиб, йўлакда Фарангизни учратдим. Олдимга югуриб келди-да, кўришгач, «Зулхумор опа, қаранг, қаранг! Фильмимизни телевизорда беришаяпти, ана!», – деганча қўли билан экранга ишора қилди. «Телевизорда ҳам биз, бу ерда ҳам биз!», – дея ҳайратини бўлишди. Шу манзара кўзимда қолиб кетди! Хурсанд бўлиб, кўзлари чақнаб тургани ҳамон эсимда... Ҳеч ёдимдан чиқмайди! Жойлари жаннатдан бўлсин, Фарангизни!
Лобар Қобилова тайёрлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter