Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Элдор Саманов: Японлар ўз соҳаларида доимо биринчиликка даъвогар. Улар тиним билмас асаларига ўхшайди

Элдор Саманов: Японлар ўз соҳаларида доимо биринчиликка даъвогар. Улар тиним билмас асаларига ўхшайди

Нимагадир бирор мавзу ҳақида ёзадиган бўлсам ҳеч қачон хорижда яшаётган, ўқиётган ёки юртимизга қайтиб иш фаолиятини давом эттираётган қаҳрамонлардан интервью олиш қийин кечмайди. Улар бажонидил рози бўлишади, тажрибалари билан ўртоқлашгиси келади. Ва энг муҳими уларнинг изчиллик ва айтилган вақтда суҳбатга тайёр бўлишлари. Балки ватандошларимиз бераётган маълумотлари ўз она юртига фойда келтиришини ич-ичидан исташар, балки хориждаги тартиблилик ва ОАВга бўлган муносабат уларни ҳам четлаб ўтмагандир. Нима бўлганда ҳам бундай суҳбатлар жуда ёқимли ва завқли. Бу галги суҳбатдошимиз самарқандлик Элдор Саманов Япония ва ўзининг фаолияти ҳақида жуда қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

 – Элдор ёшингиз нечада ва тил ўрганишни қачондан бошлагансиз?

– 1992 йили Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилганман. Ёшлигимда математика ҳамда дзюдога жуда қизиқар эдим. Хорижий тилларни ўрганишни 19 ёшимдан бошлаганман. Ҳозирда инглиз, япон ва рус тилларида эркин мулоқот қила оламан.

Мутахассислигим бизнес ҳуқуқи, 2012 йилда Тошкент давлат юридик университетидан бакалавр ва 2022 йилда Япониянинг Хитоцубаси университетидан магистрлик даражасини олганман. Ҳозирга қадар икки марта Япония ҳукуматининг МЕХТ таълим гранти ғолиби бўлганман. 2017 йил Тошкент давлат юридик университетини тамомлаб, бир муддат Самарқанд шаҳар иқтисодий судида судя ёрдамчиси ва «СамAвто» МЧЖда юрист бўлиб ишладим. 2018 йили Японияга Хитоцубаси университетида бизнес ҳуқуқи бўйича магистратурада таҳсил олиш учун кетдим. Талабалик давримда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳукуматлараро учрашувлар ҳамда Япониянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида таржимон бўлиб фаолият кўрсатдим. Қолаверса, Ўзбекистонга биринчи япон университетини олиб кириш лойиҳасига ҳуқуқий маслаҳатчи ва лойиҳа координатори сифатида ҳисса қўшдим ҳамда  Toyota гуруҳига кирувчи Toyota Tsusho корпорациясидан бир умрлик шартнома билан иш таклифи олишга муваффақ бўлдим.

– Сиз компанияда менимча масъул ходимлардансиз...

– Ҳозирда Toyota Tsusho корпорациясининг Нагоядаги бош офисида халқаро савдо бўйича фаолият олиб бораман. Бу компания Toyota Motors Corporation (TMC) va Toyota Industries Corporation Organization(TICO)нинг шўба корхонаси ҳисобланади. Унинг тарихи 1936 йилга бориб тақалади ва дастлаб Toyota машиналарини сотиб олишни молиялаштириш учун ташкил қилинган. Ҳозирда эса асосан халқаро савдо ва инвестиция фаолияти билан шуғуулланади. Йиллик даромади 70 млрддан ортиқ бўлган бу компания иқтисодиётнинг деярли барча энг муҳим секторларига кириб бора олган. Мен ҳозирда ушбу компаниянинг Mobility бошқармаси логистика бўйича ечимлар бўлимида асосий масъул ходим бўлиб ишлайман. Фаолиятим асосан (Марказий Осиё ва Жанубий Корея бўйича) халқаро савдо билан боғлиқ бўлиб, Toyotaнинг юк кўтариш машиналари экспорти ва маҳаллий сотуви каби барча турдаги операцияларни назорат қиламан. Шунингдек, ушбу давлатлардаги логистика соҳасига оид янги бизнеслар ва омборларни автоматлаштириш учун керакли бўлган ечимларни тақдим қилишда ҳам иштирок этаман.

Японияда кадрларга муносабат қандай?

– Японияда кадрларга бўлган эътибор дунёнинг олд ўринларида туради, деб айта олмайман. Чунки, биласизки маданий жиҳатдан японлар анча қаттиқ ишлайдиган халқ ҳисобланишади. Японияда кўп ишлаш натижасида дунёдан эрта кўз юмиш ижтимоий муаммога айланиб бўлган. Япониянинг ҳеч қандай қазилма бойликсиз бир вақтлар дунёнинг иккинчи иқтисодига айланиш сабабларидан бири сифатида ҳам қаттиқ меҳнаткашликни айтиб ўтиш мумкин. Лекин, бу муаммоларга қарши ҳукумат охирги йилларда аёвсиз курашиб келмоқда ва бу ўз самарасини бераяпти. Шу билан бир қаторда Японияда ишчига муносабатнинг ижобий томонлари ҳам кўп. Шулардан бири бир умрлик меҳнат шартномасининг тузилиши. Японияда доимий ходимлар ҳуқуқлари жуда ҳам яхши ҳимоя қилинган ва сиз бирор ҳуқуқбузарлик содир қилмасангиз, умрингизнинг охиригача ҳеч ким сизни ишдан бўшата олмайди. Ундан ташқари, таълим яхши ривожланган Японияда ҳам яхши кадрлар етишмаслиги муаммоси бор. Чунки, иқтисод жуда катта ва уни тўйинтириш жуда ҳам қийин. Шу сабабли ҳар йили компаниялар янги ходим жалб қилиш учун миллионлаб маблағ сарфлашади. Яъни, нафақат иш қидирувчилар, балки иш берувчилар ҳам ўзаро аёвсиз рақобат қилишади. Қўшимча сифатида, Япония компанияларининг иш берувчи сифатидаги яна бир энг катта плюсларидан бири бу ходимни ўқитиш тизими жуда яхши йўлга қўйилганлигидир. Масалан, жисмоний тарбия факултетини битирган талабани қисқа муддат ичида қайта тайёрлаб ва иш ўргатиб, молия соҳасидаги кучли мутахассис қилиб юборишлари бу ерда оддий ҳолат ҳисобланади.

– Японияда одамларнинг ишига ва касбига бўлган муҳаббатини қандай изоҳлайсиз?

– Японияда юқорида ҳам айтиб ўтдим, бир умрлик меҳнат шартномаси тамойили биринчи жаҳон урушидан кейин жорий қилинган. Бунда ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган университет талабалари компанияларга бир умрлик меҳнат шартномаси билан ишга киришган, шу орқали ўз ҳаётларини ишсизлик ва у билан боғлиқ бошқа хавфлардан ҳимоя қилишган. Компаниялар эса бу талабаларга ўзлари хоҳлаган усулда ишдан ажралмаган ҳолда таълим бериши орқали, компания маданиятини тан оладиган бир умрлик содиқ ходимларга эга бўлишган. Бу тизим бутун япон жамиятига қаттиқ ўрнашиб қолган ва айнан бир ишни 40-50 йилдан ортиқ бажараётган японлар деярли мутлоқ кўпчиликни ташкил қилади. Масалан, менинг ҳозирги иш жойимдаги устозимнинг ёши 64 ёшда ва у 40 йилдан ошиқ айнан шу компанияда бир хил вазифани бажарган. Ундан ташқари, Японияда профессионаллик жуда ҳам қадрланадиган хислатлардан бири ҳисобланади. Японлар ўз соҳаларида доим биринчиликка даъвогар. У қандай иш ёки фаолият бўлишидан қатъи назар, улар доим мукаммал ва камчиликсиз бўлишга ҳаракат қилишади. Бу японларнинг ҳаётий принципларидан бири бўлса керак. Япон сифати деган бренд ҳам шу орқали дунёга келган. Ва ниҳоят, таъкидлаб ўтишимиз керакки, японларда иш ҳатто оиладан ҳам устун қўйилиши оддий ҳолатга айланган. Японларнинг ишхонаси бу оила даражасига кўтарилган. Шунинг учун ҳам улар дунёдаги энг кўп ишлайдиган халқ ҳисобланишади. Мен юқорида кўп ишлашдан вафот этиш ҳолати ижтимоий муаммога айланган деб айтиб ўтдим. Лекин, менинг атрофимдаги кўпчилик японлар узоқ муддатли меҳнатдан ўзини азоб чекаяпти, деб ҳисобламайди. Қайтанга ғайрат қилиб янада кўпроқ ишлагиси келаверади. Кўпроқ пенсияни олиб уйда оёқ кўтариб ётгандан кўра, шундан камроқ суммага ҳар куни ишлашга тайёр японлар ҳам кўпчиликни ташкил қилишади. Хуллас, бу халқни бир сўз билан меҳнаткаш асаларига қиёслаш асло муболаға бўлмайди, деб ҳисоблайман.

– Ҳуқуқий маданият ва онг ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

– Биласизки, Япония дунёдаги энг хавфсиз ва жиноят кам давлатлардан бири ҳисобланади. Бунга жиноятчиликка қарши курашиш эмас, балки халқнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш орқали эришган деган фикрдаман. Чунки, кучли жамоатчилик назорати орқали ҳамма бир-бирини тийиб турадиган ва бунга ёшликдан ўргатиладиган жамиятда ўзгаларга зарар етказадиган ҳуқуқбузарлар чиқиши қийин. Японлар ҳар бир қилаётган иш учун жамият олдида масъулиятли эканликларини ҳис қилиб туришади. Aгар кимдир жамиятга қарши ҳаракат содир қиладиган бўлса, алоҳида ажратиб қўйилади. Ундан ташқари, Японияда қонуннинг барча учун баробарлиги принципи барча учун бирдек эканлигини ҳам санаб ўтишимиз керак. Ҳатто император ҳам қонунда кўрсатилганидан ортиқчасини амалга оширишга ҳадди сиғмайди. Суд, Ижро этувчи ва Қонун чиқарувчи ҳокимиятларнинг бир-бирини тийиб ва назорат қилиб туриш функцияси доим соат милларидек тўғри ишлаб туради.

Японияда ҳали ҳам сиз кўника олмаётган жиҳатлар борми?

– Ҳа, бор албатта. Масалан, японларнинг ўзаро меҳрсиз ва самимий эмасликларига ҳали ҳам кўника олмайман. Жуда ҳам хушмуомала бўлишлари мумкин, лекин ўзимизнинг дангал, тўпори маданиятимиз билан тенглаша олмайди, барибир. Чунки, кўп японларда меҳр ва самимийлик йўқлигини ҳис қиламан. Шу сабабли, буларда оила ҳам биздагидек қадрланмайди. Ундан ташқари, бюрократия Японияда ўзининг пик нуқтасига чиқа олган десам хато бўлмайди. Бир қараганда тизим жуда чиройли ишлаётгандек туюлади, лекин унинг ортида жуда ҳам катта миқдордаги кераксıз меҳнат ётган бўлади. Aйнан шунинг учун ҳам япония самарадорлик бўйича анча орт ўринларда туради. Охирги йилларда японлардан дунёни ўзгартира оладиган стартаплар чиқмаётганига ҳам сабаб, бу давлат ва жамиятдаги бюрократияга кучли мойиллик бўлса керак, деган фикрдаман.

Япония орзусидаги ёшларга нима маслаҳат берасиз?

– Қисқа муддатда пул топиб бойиб кетаман деган хаёлда бўлсангиз, Японияга келманг. Бу ерга билим олиш, японларнинг маданияти ва иш тажрибасини ўрганиш учун келса бўлади. Aлбатта, катта пул топиш ҳам мумкин. Лекин, бунинг учун анча арқонни узун ташлай олиш керак. Япония қисқа муддатли лойиҳа эмас, шуни эсдан ҳеч қачон чиқарманг.

Тушунчалар ва қарашларингиз ўзгардими?

– Ҳа, биринчи марта келганимдан кўра анча ўзгарди, деб айта оламан.  Ўзга юртда маълум бир муддат яшасангиз, ўша ернинг ҳавоси ва маданияти сизга билинмасдан таъсир қилар экан. Ўзингизни тутишингиздан тортиб, дунёқараш ва ҳаётий принципларингизгача. Шунинг учун бўлса керак, баъзида дўстларим ва жигарларим ҳам мени тушунмай қолишади. Чунки, баъзида японлардек фикрлайман ва бу улар учун жуда ғализ туюлади. Мисол учун, охирги вақтлар бизда унчалик эътибор бермай қўйилган лафз масаласини олайлик. Кимдир менга кичик бир масалада бўлсада ваъда бериб қўйиб, кейин уни бажармаса, жуда ҳам қаттиқ жаҳлим чиқади. Ёки кимнидир куттириб қўйишларига умуман чидаб тура олмайман. Бу мен учун ҳақоратдек туюлаверади. Чунки, инсон учун берилган умр бу энг олий неъматдир, унинг бир дақиқасини бўлса-да увол қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Шунга ўхшаш ҳолатлар кўп ва ҳар гал она ватанга қайтганимда тескари маданий шок қурбонига айланаман.

– У ердаги қайси қадриятлар ҳайратлантиради ёки тўғри келмайди сизга?

– Японияда мени ҳайратда қолдирадиган қадриятлар жуда ҳам кўп. Уларнинг баъзиларини юқорида санаб ўтдим. Японияда бўлиб турган мусулмонлар ичида «буларда иймон йўқ экан-ку, лекин инсоф бор экан», деган гап бор. Яъни, динимизда буюрилган кўп хислатларни японларда топиш мумкин. Ваъдага вафо, омонатга хиёнат қилмаслик, ёлғон гапирмаслик, бировга зиён еткизмаслик ва ҳоказо. Ундан ташқари, японларда меҳнаткашлик, профессионаллик, уюшқоқлик, сабрлилик каби ажойиб хислатлар ўз чўққисига чиқа олган.

Менга тўғри келмайдиган хислатлари ҳам бор, албатта. Японларда ғийбат қилиш одатий ҳолатга айланган. Ким жамоада бўлмаса, шунинг орқасидан гапирилади. Ундан ташқари, носамимийлик одамни озгина чарчатиб қўяди. Хушмуомала иккиюзламачидан кўра, қўпол бўлса-да самимий муносабатни қадрлайман. Ва албатта, японларнинг динимизга тўғри келмайдиган турли хил хислатлари бор, уларни қабул қилиб бўлмайди.

– Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми?

– Албатта, она ватанга қанча эрта қайтсак шунча яхши, деган ниятдамиз. Лекин, ҳозир имкон борида бу ерда туриб Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпмиз. Ўзим ишлаб турган ҳамда бошқа япон компанияларининг лойиҳаларини ватанга олиб киришга ҳаракат қиляпмиз. Орзуимиз она ватанимиз ҳам шу давлатлардек ривожлансин ва бу йўлда ҳисса қўшиш ҳар биримизга насиб қилсин.

– Суҳбат учун ажратган вақтингиз бежиз кетмади, деган умиддаман, раҳмат.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг