Дониёр Ғаниев нега депутатликдан кетди?
Кеча, 6 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев парламентдан ҳукумат тизимига ўтгани маълум бўлди. Депутатлик мандатини муддатидан олдин топширишга қарор қилган Д.Ғаниев Вазирлар Маҳкамаси инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибиятида бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланган.
«Инсон атрофидаги ўзгаришлар, реаллик билан ҳисоблашиши ҳамда ўз имконият ва қобилиятларини тўғри баҳолай олиши керак. Гарчи депутат сифатида самарали фаолият олиб бордим, деб ўйласам-да, бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим. Менимча, ҳаётимда ўзгаришлар қилиш, янги челленж ва имкониятларни қарши олишнинг айни вақти. Шу боис депутатлик мандатимни тугатишга, янги сайловларда номзодимни илгари сурмасликка қарор қилдим», – дея кутилмаган қарорини изоҳлаган Д.Ғаниев.
У, шунингдек, инсонлар оғирини енгил қилишга хизмат қилувчи ижобий нормаларни қўллаб-қувватлашдан, фуқаролар манфаати ва ҳуқуқларига зид деб билган қонунларга қарши туришдан ҳеч иккиланмаганини қайд этган.
Ижтимоий тармоқ фаоллари, блогерлар фаол ва жонсарак депутатнинг парламентни тарк этишига турлича муносабат билдирди.
«Депутатим ишидан кетди... Дониёр ака, ишларингизга ривож тилаймиз. Виждонан, ҳалол ишладингиз. Қўлингиздан келган ҳаммасини қилдингиз», – деб ёзди ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов.
«Парламент депутатсиз қолди», – дея муносабат билдирди иқтисодчи Отабек Бакиров.
«У нима учун шундай қилганини камчилик қатори тушуниб турибман. У мен учун камёб, ҳурматга лойиқ депутат», – дея тагмаъноли фикр ёзди жамоат фаоли Расул Кушербоев. Дарвоқе, Р.Кушербоевнинг ўзи ҳам 2022 йил декабрь ойида ваколат муддати тугамасдан Қонунчилик палатасидан кетган ва «бунга мажбур бўлгани»дан таассуф изҳор қилган эди.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Дониёр Ғаниевни «парламентнинг энг дадил, энг журъатли, ҳукуматни ҳам, ҳокимларни ҳам аямайдиган, ҳақ сўзни айтишдан қўрқмайдиган» депутати деб таърифлаган.
«Депутат сифатида самарали фаолият олиб бордим, деб ўйласам-да, бу фаолиятда давом этиш ўзим ҳам учун, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим», деб қўшимча қилибди у. Юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ишлар кучайгани сари Каримов давридаги «сатр орасидан маъно излаш» услубига янада кўпроқ қайтиб ишлашга тўғри келаётганини ҳисобга олсак – жуда пурмаъно фикрлар...
Депутатлик фаолияти учун ҳам раҳмат унга – уч ой умри қолган бу жонсиз мажлисдаги бармоқ билан санарли жонлироқ депутатларга ҳурматни сақлаган ҳолда таъкидлаш керакки, Дониёр дадиллиги ҳам собитқадамлиги билан туннель охиридаги нур каби порлаб турганди», – дея мулоҳазалари билан ўртоқлашди Муҳрим Аъзамхўжаев.
«Файзбоғ» канали эса депутатнинг бу қарорини хато деб баҳолаган.
«Халқнинг сўнгги вакили ҳам парламентни тарк этди. Виждон ёмон нарса, унга қарши боришинг ҳам мумкин, лекин у бир умр юрагингни эзади, қийналиб кетганингдан охири ҳаммасига якун ясашга қарор қиласан. Менинг фикримча, Дониёр Ғаниев (Расул Кушербоев ҳам) сиёсатни тарк этиб хато иш қилди, фаолларнинг парламентдаги овози бўлиб бериш учун ҳам охиригача қолиш керак эди. Лекин, шундай бўлса-да, қарорини ҳурмат қилган ҳолда унга омад тилаб қоламиз», – деб ёзди «Файзбоғ» канали.
1988 йилда туғилган Дониёр Ғаниев 2019 йил 22 декабрдаги сайловда Фарғона вилояти Марғилон шаҳри округидан депутатликка сайланган эди.
У қонунчилик идорасидаги салкам беш йиллик фаолияти мобайнида аҳолини қийнаган долзарб муаммоларни фаол кўтариб чиққан депутат сифатида жамоатчилик ҳурматини қозонди. Д.Ғаниевнинг автомобиль монополияси, «Док-1 Макс» воқеасидан кейин сиёсий жавобгарлик масаласи кўрилмагани, олий ўқув муассасаларига киришдаги имтиёзлар, сифатсиз қурилишлар каби мавзулардаги танқидий чиқишлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Масалан, у 2021 йил январь ойида энергетика соҳасидаги муаммоларни қаттиқ танқид остига олиб, вазирнинг истеъфосини талаб қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter